Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Мен таҳсил олаётган университет академиклари орасида Нобель мукофоти совриндорлари бор» — Норвегиядаги дастурчи билан суҳбат

«Мен таҳсил олаётган университет академиклари орасида Нобель мукофоти совриндорлари бор» — Норвегиядаги дастурчи билан суҳбат

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» чет элдаги ҳамюртларимиз билан интервьюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Норвегия фан ва технологиялар университети магистранти Ўткурбек Сафоев. Қаҳрамонимиз 2018 йил Тошкентдаги Инҳа университетининг Ахборот ва коммуникация муҳандислиги факультетини тамомлаган.

Ўткурбек билан суҳбатимиз Норвегиядаги таълим, илмий иши, тоза энергия, Ўзбекистон экспортда Ҳиндистон ва Покистондан ўтиши мумкинлиги ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

Математика фани муаммолар ечимига иштиёқимни оширган

Ахборот технологиялари соҳасини танлашимга мактабда яхши устозлар қўлида таҳсил олганим биринчи сабаб бўлса керак. Математикадан пойтахтдаги 152-мактабда ўқитувчи Марғуба опа Комилжонова ва физика ўқитувчиси Ғайрат ака жуда кўп мотивация беришган. Болалигимдан математика фанини ёқтирардим, математика фани менда муаммолар ечимига иштиёқимни оширган.

Дастурлаш худди математика каби, муаммоларга ахборот технологиялари орқали ечим топишдан иборат деб ўйлайман.

Мактабни битириб салкам 10 йилдан бери IТ соҳасида ўқидим ва ишладим. 2011 йилдан то 2014 йилгача ТАТУ қошидаги Мирзо Улугбек академик лицейида таълим олдим. 2014 йили Инҳа университети очилди ва 2018 йили биринчи қалдирғоч сифатида тамомладим. Ўзи Инҳа университети очилганида дастурлаш соҳасида келажак бор эканлигини тушунганман. Университетни битиргач, бир муддат «Мароқанд» фирмасида лойиҳа бошқарувчиси ва дастурчи бўлиб ишлаб кўрдим ва менга кўпроқ дастурлаш ёқишини тушуниб етдим.

10 та вазифа эмас, ўрнига битта каттароқ вазифа берилади

Аслида фақат Норвегияда ўқийман деб ҳаракат қилмаганман, балки Германия, Жанубий Корея ва Канададаги университетларга ҳужжат топшириб уларга ҳам қабул қилинганман. Мақсадим ривожланган давлатлардаги ҳаётни кўриш, мутахассислигим ҳақида кўпроқ билим олиш, саёҳат қилиш эди.

Норвегиядаги университетни танлашимнинг сабаби, ҳозирги университетим Норвегия фан ва технологиялар университети (НФТУ)нинг дунё миқёсидаги рейтинги, юқори таълим сифати ва бепул ўқиш имконияти бўлган. Норвегияда таълим олиш бошқа скандинавия давлатлари каби жуда эркин ҳисобланади, сизга 10 та вазифа эмас, ўрнига битта каттароқ вазифа ва кўпроқ муддат беришга ҳаракат қилишади. Давлат университетларида таълим олиш бепул. Бакалаврда бепул ўқиш учун норвег тилини билишингиз керак, лекин магистратурада инглиз тилида ўқиш имконияти бор. Энг қизиқарли тарафи, 50 ёки 60 ёшдаги одамлар билан ҳам курсдош бўлишингиз мумкин.

Норвегия фан ва технология университети мамлакатнинг энг яхши муҳандислик олийгоҳларидан бири. Унинг тарихи 1760 йилдан бошланган ва кейинчалик баъзи собиқ университет коллежларини ўз ичига олган. Таълим муассасамиз доимий равишда дунё университетлари рейтингида юқори ўринларни эгаллайди, одатда рейтингга қараб 101-500 оралиғида.

 НФТУ муҳандислик ва технология соҳасидаги таълим ва тадқиқотлар учун 1910 йилда парламент томонидан Норвегиянинг миллий муҳандислик университети сифатида ташкил этилган. Университет муҳандислик ва табиий фанлар билан бир қаторда тиббиёт, психология, ижтимоий фанлар, санъат, ўқитувчилар таълими, меъморчилик ва тасвирий санъатдан тортиб бошқа илмий йўналишларда ҳам олий маълумот беради. Университет академиклари орасида тиббиёт бўйича учта Нобел мукофоти совриндори Эдвард Мозер, Мей-Бритт Мозер ва Жон Ўкиф бор.

Марказлашмаган дастурлар яратишда инновацион ечим

Магистратурадаги илмий ишимни «Блокчейн ва мобил дастур яратиш технологиялари» ҳақида тақдқиқот қилишга бағишладим.

Блокчейннинг аҳамияти шундаки, у марказлашмаган дастурлар (decentralized application, dApps) яратишда инновацион ечим ҳисобланади.

Марказлашмаган дастурларни фойдали тарафини мисол қилиб Rolex маҳсулотлари савдосини олсак бўлади. Чунки улар кўпинча сохталаштирилади ва бу компанияга иқтисодий жиҳатдан салбий таъсир етказади. Агар Rolex ўз маҳсулотларини етказиб бериш тарихини марказлашмаган дастур орқали сақлайдиган бўлса, бу маълумотларни ҳеч ким ўзгартира олмайди, боиси маълумотлар марказлашмаган тармоқда, масалан Ethereum Network, Hyperledgerда сақланади. Сотиб олувчи харидор эса 100 фоиз ишонч билан Rolex маҳсулотларини сотиб олади.

Мобил дастур яратиш технологиялари эса блокчейннинг инсонлар ҳаётига интеграциялашнинг энг мақбул йўли деб ҳисоблайман, шунинг учун бу мавзу менга жуда қизиқ.

Тоза энергия бўйича дунёда етакчи давлатлардан

Норвегиядаги ижобий тажрибалар ҳақида сўраганингиз учун мамлакатнинг энергия сиёсати ҳақида гапирмоқчиман. Норвегия электрлаштириш ва тоза энергия, яъни табиатга таъсир қилмайдиган энергия ишлатиш (clean energy) бўйича дунёда етакчи давлатлардан. Бу ерда техникаларнинг асосий қисми шамол, сувдан олинган электр энергиясида ёки водородда ишлайди. 2030 йилгача Норвегия кўмир, газ, нефть ва бошқа зарарли энергетика манбаларидан 100 фоиз воз кечади.

Ҳиндистон ва Покистондан ҳам яхшироқ дастурий маҳсулотлар сота оламиз

Норвегияда яшаш давомида, бу ерда яшаш сифати нақадар баландлигини ҳис қилдим ва ичимда «Қани эди Ўзбекистонда ҳам яшаш сифати шу даражада баланд бўлса?» деган фикр ўта бошлади. Давлат иқтисодиётини яхшилашнинг бирдан-бир йўли — импортни камайтириб, экспортни кўпайтириш кераклиги олдиндан маълум.

Муаммо шундаки,  Ўзбекистон ва Лихтенштейн денгизга чиқиши учун камида иккита давлатдан ўтиши керак бўлган давлатлар ҳисобланади, бу эса ўз-ўзидан истеъмол товарлари экспортини қийинлаштиради. Агар биз рақамлаштирилган (digital) маҳсулотларни ёки хизматларни экспорт қилсак, ўйлайманки, Ҳиндистон ва Покистондан ҳам яхшироқ дастурий маҳсулотлар сота оламиз.

Биринчиси, Ўзбекистонда инглиз тилида гапирганда покистонликлар ёки ҳиндистонликлардек акцент бўлмайди, бу эса катта компанияларнинг телефон хизматларини (Customer Service) Ҳиндистонда эмас, балки бизнинг ҳудуддан олишга ундайди. Демак, инглиз тилидаги хизматларимиз бизда яхшироқ сотилади.

Иккинчиси, масалан Хитойда мактабларда калькулятор ишлатиш мумкин эмас, сабаби улар ўқувчиларни математикани ўрганишини давлат миқёсида қаттиқ назорат қилишади. Хитойда математикани тадбиркорликнинг асоси эканлигини билишади. Тадбиркорлик эса ўз ўрнида давлат иқтисодиётининг муҳим бўғини.

Учинчиси, математика ва инглиз тилини билган одам IТ соҳасини жуда тез ўрганади. Сабаби, асосий IТ янгиликлари инглиз тилида, математика эса дастурлашда ёки турли лойиҳаларни бошқаришда ёрдам беролади. Қўшимчасига, IТ хизматлари ҳозирда энг талаб кучли бўлган ва энг кўп фойда олиб келиши мумкин бўлган хизматдир.

Veracity компаниясида ишлаяпман

Ҳозир ўқишдан ташқари Veracity компаниясида ишлаяпман. Veracity – бу денгизчилик, энергия ва бошқа кўплаб саноатларни рақамли транформациялашни ўзига миссия қилиб олган стартап компания ҳисобланади. Албатта, бу компанияда доимий ишлаб қолиш ниятим йўқ.

Яқин 5 йил ичида эса IТ соҳасида яхши мутахассис бўлиш ва юртимизга қайтиб, IТ маҳсулотлари ёки хизматларини экспорт қилиш орқали давлатимиз иқтисодиёти ўсишига ва инсонлар ҳаёти яхшиланишига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг