Бош прокурор, кураш федерацияси раҳбари Ниғматилла Йўлдошев яна бир лавозимга сайланди
Бош прокурор, Ўзбекистон кураш федерацияси раҳбари Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси этиб сайланди.
Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарда айтилишича, бугун, 14 январь куни Қўмитада Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтган. Ассоциацияга янги раҳбар сайлаш кун тартибидан ўрин олган мазкур тадбирда Спорт вазири Адҳам Икрамов ҳамда тегишли вазирлик ва идорлардан вакиллар қатнашган.
Тадбирда сўз олганлар, жумладан, Н.Йўлдошевнинг спорт бошқаруви соҳасида тўплаган тажрибаси мамлакатда спорт курашлари ривожини ҳам янги босқичга олиб чиқишда асқатишини таъкидлади. Йиғилиш иштирокчилари бир овоздан Ниғматилла Йўлдошев номзодини маъқуллади ва уни ассоциация раиси этиб сайлади.
Эслатиб ўтамиз, шу кунга қадар Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимида 2024 йил 19 март куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди ҳукми билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва жорий йилнинг 12 январида соғлигидаги муаммолари туфайли қамоқдан озод қилинган Салим Абдувалиев (Салимбойвачча) ишлаб келган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter