Шуҳрат Саломов: «Гдлян жазоланса, тарихий адолат тикланади»
Яқинда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) тарихчи-публицист Шуҳрат Саломов, психология фанлари доктори Маҳмуд Йўлдошев, Қашқадарё вилояти ИИБ сиёсий бўлимининг собиқ бошлиғи, пенсионер Олломурод Исоқулов, захирадаги подполковник Шокир Долимов, ёзувчи Акбар Мирзонинг «Тельман Гдлян – жиноятчи ва у ўз қилмишларига яраша жавоб бериши керак» сарлавҳали мақоласини эълон қилди. Унда «Пахта иши» баҳонасида халқимиз бошига сон-саноқсиз кулфатлар ёғдирган СССР Бош прокуратураси терговчиси Тельман Гдлян ва унинг ҳамтовоқлари амалга оширган қабиҳ жиноятлар, уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ва жиноий жавобгарликка тортиш масалалари кўтарилган. Биз ушбу мақола муаллифларидан бири, таниқли тарихчи-публицист Шуҳрат Саломов билан мазкур мавзу юзасидан фикр алмашдик.
— Шуҳрат ака, бу ғоя аслида қачон туғилганди?
– Аввало, мазкур мақолани биринчи бўлиб чоп этган ЎзА раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Гап шундаки, 16 апрель куни Россиянинг «Звезда» телеканали «Аср жумбоқлари» дастурида «пахта иши» тўғрисидаги кўрсатув намойиш этилди. Унда ўзбек халқига қарши жиноятларнинг асосий айбдори Тельман Гдлянга сўз берилди ва у яна бир бор асл қиёфасини кўрсатди.
Бу ўзбек халқига қарши навбатдаги туҳмат кампанияси эди. Бундан аввалроқ, 2016 йилнинг 8 сентябрь куни «Ёшлар» телеканалида «пахта иши» муаммоларига бағишланган «Куч адолатда» фильмининг намойиши ортидан Тельман Гдлян «Озодлик» радиосига интервью бериб, ўзбек халқига навбатдаги бўҳтонларни ёғдирган эди. Бу таҳқирли интервью эса Ўзбекистон жамоатчилигида қаттиқ норозилик уйғотди.
Бундай носоғлом қарашлар бевосита Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги дўстона муносабатларга ҳам рахна солиши тайин. Мамлакатларимиз бугунги кунда стратегик ҳамкор ҳисобланади, Гдлян ва унинг айрим ҳамтовоқлари эса ҳозирга қадар ўз айбларини хаспўшлаш учун Россия ОАВлари орқали ўзбек халқига қарши жиноятларни давом эттириб келаётир.
Ўша куни кечқурун ишдан кейин бир пиёла чой устида устозлар ва дўстларимиз билан Гдлян тергов гуруҳи аъзоларининг телевидение орқали чиқишини муҳокама қилдик. Кейин «Фейсбук»даги саҳифамда ушбу кўрсатувга ўзимнинг норозилигимни билдирдим. 29 апрелда эса фикрларни жамлаб, ҳаммаслак дўстларимиз билан битта мақола ҳолига келтирдик. Интернетга жойладик. Аммо Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бу мақолага катта қизиқиш билдиришини, очиғи, кутмагандим.
— Нима деб ўйлайсиз, аслида «ўзбек иши»ни тўқиб чиқаришдан мақсад нима бўлган?
— Бу халқни қўрқув исканжасида ушлаб туришга асосланган совет тизимининг эски усулларидан бири эди. Буни биз ўтган асрнинг йигирманчи, ўттизинчи, эллигинчи йилларида ҳам кўрганмиз.
Масалан, 1918 — 1935-йилларда «қизил террор» туфайли большевиклар юрт озодлиги учун курашган қанчадан-қанча боболаримизни «босмачи» деб қириб ташлашди. Кейин 1937 — 1953-йилларда «катта террор» даври бошланди. Маҳаллий зиёлиларимизнинг қанчаси «аксилинқилобчи» ва «пантуркист» тамғаси билан қатағон қилинди. Бунга 1941 — 1945-йиллардаги уруш қурбонларини қўшинг. Юртимизнинг юз минглаб асл фарзандлари қурбон бўлди. Яна таъкидлаш жоиз, большевикларнинг кирдикори аввало рус халқиниинг ўзига ҳам жуда катта талафот етказди.
1930 йилнинг февраль-март ойларида давлатнинг колхозлаштириш сиёсатига қарши чиққан 40 минг деҳқон «қулоқ» қилинди. Ўша йили давлат банклари, суд, прокуратура органларида ишловчи ходимларга нисбатан ҳам қатағон бошланди. Улар орасида Ўзбекистон Олий суднинг собиқ раҳбари Сайдулло Қосимов ҳам бор эди.
1937 — 1953-йилларда Ўзбекистонда 100 минг киши қатағон қилинди, шундан 13 минг нафари отиб ташланди. Улар орасида Ўзбекистондаги турли миллат ва элат вакиллари бор эди. Не-не ҳамюртларимиз «қосимовчи», «троцкийчи», «бухаринчи», «иноғомовчи» тамғалари остида, Япония, Германия, Британия жосуси сингари қалбаки айбловлар билан қамоққа олинди ва қатл этилди.
1983 — 1989-йилларда Кремлнинг қўллаб-қувватлаши билан майдонга чиққан, «ўзбек иши», «пахта иши», «рашидовчилар» деб аталган «жазо машинаси» ҳам собиқ тузумнинг ватанимизга қарши навбатдаги фитнаси эди.
Мана, истиқлолни қўлга киритганимиздан буён орадан чорак асрдан кўпроқ вақт ўтди. Бу кунлар бизга осонликча келгани йўқ, мустақилликни ҳеч ким бизга қўшқўллаб туҳфа қилгани йўқ. Ота-боболаримиз айни шу ёруғ кунлар учун курашиб, жон фидо қилишди. Бу кураш 130 йилдан ортиқ давом этди.
Ўтган кунлар ҳақида қанча кўп фикр юритсак, бугунги осойишта озод кунларнинг қадрига шунча кўпроқ етамиз.
— Ўзбекистон ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Тоштемир Қаҳрамонов Гдлян иши бўйича Гаага судига мурожаат қилган экан. Нима учун унинг ҳаракатлари кутилган натижани бермади?
— Биз Тоштемир Қаҳрамоновнинг даъво аризаси билан танишиб чиқдик. Халқаро ҳуқуқ бўйича мутахассислар мазкур аризани юқори баҳолашди. Бироқ аввал Гдлян ва унинг тўдасига қарши Ўзбекистонда жиноят иши қўзғатишни маслаҳат беришди. Эҳтимол бунга ўша пайтдаги бюрократик тўсиқлар халал бергандир? Гдлянни жиноий жавобгарликка тортишга бир пайтлар унинг гуруҳида ўз халқига қарши жиноятларда иштирок этган мансабдорлар ёки уларнинг «амал курсиси»да ўтирган авлодлари қилмишлари фош бўлиб қолишидан қўрқиб қаршилик кўрсатишгандир?
Сир эмаски, орамизда миллий ифтихор, миллий ғурур туйғусидан бебаҳра инсонлар кўп. Улар ҳозир ҳам совет даврида Ўзбекистонда коррупция авжига чиққанини баралла айтишдан тап тортишмайди. Бу албатта уларнинг шахсий фикри. Ҳар ким фикр, сўз эркинлигидан фойдаланишга ҳақли. Лекин шахсан мен бундай кимсаларни нафақат ўзбек, ҳатто инсон деб ҳисоблашга ор қиламан. Улар ўз халқининг душманларидир.
— Гдлян ҳозирги пайтда Москвада яшайди, ёши ҳам саксонга бориб қолган. Унга нисбатан бирор жиддий чора кўрилади деб ўйлайсизми?
– Халқ жиноятчисини жазолашнинг эрта-кечи йўқ. Айбдорни ҳатто ўлимидан кейин ҳам айблаш мумкин. Суд амалиётида ноқонуний судланганларни реабилитация қилиш билан бирга, ўлимидан кейин айблаш методи ҳам учраб туради. Лекин бу ҳолатда айбдорлар тирик ва улар ўзбек халқига туҳмат тошларини отишда давом этишмоқда.
Инсонни қайсидир жиноятни содир этишда гумон қилиш мумкиндир. Бироқ гумонланувчини қийнаш, уриш, уни ўз-ўзини ўлдириш даражасига етказиш, қолаверса, бундай ҳолатларни тизимли ва оммавий тарзда содир этиш – бу инсониятга қарши жиноятдир.
Халқаро Гаага судига мурожаат йўллаш тартиб-таомилларини давом эттириш ҳамда Интерпол бюроси орқали Гдлян ва Иванов гуруҳида бўлган барча айбдорларнинг экстрадициясини талаб қилиш керак деб ҳисоблаймиз. Гдлян ўз жазосини олса, тарихий ҳақиқат тикланади! Айни пайтда жиноятчиларнинг айбини тасдиқловчи етарли исботлар мавжуд. Ўша мудҳиш воқеалар гувоҳлари ва жабр кўрганлар ҳали тирик. Гдлян жиноятларининг айбсиз қурбонлари, уларнинг яқинлари адолат қарор топишини интизорлик билан кутмоқда! Бундай жиноятлар тегишли тарзда жазоланиши лозим.
— Гдлян қилмишига яраша жазо олди ҳам дейлик. Бундан халқимиз нима ютади?
— Ҳар бир давлат ўзининг мустақиллиги, халқаро майдондаги обрў-эътибори ва ўз фуқароларини ташқи таҳдидлардан ҳимоялаши лозим. Жаҳонда турли бузғунчи ғоялар, жиноий тушунчалар ва ифлос қарашлар ҳамон изғиб юрибди. Албатта, фикрлар учун жазолаш ўринсиз. Аммо ана шу қабиҳ фикрлардан келиб чиқадиган аниқ хатти-ҳаракатлар ҳар қандай жамиятда қораланади ва уларга нисбатан чора кўрилади.
Шу боис, ўйлайманки, Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритган илк кунлардан интиқом вақти етиб келганди. Ҳар бир соғлом фикрли инсон шундай ўйласа керак. Шунингдек, жаҳон тажрибасида ўзининг жазолаш муддатига эга бўлмаган жиноятлар бор. Ушбу ҳолатда эса жиноятчиларнинг айби аллақачон исботланган ва улар Ўзбекистон ҳудудида амалга оширган жиноятлари учун жазоланиши лозим.
Она заминимизда ва она халқимиз тақдирида юз берган фожиалар ўз ватанини севадиган ҳар бир инсоннинг қалбини ларзага солиши керак. Зотан, ҳар бир комил инсон учун ўз халқининг фожиаси изтироб, оғриқ ва дард бўлиши лозим. Халқ ва ватан тақдири ҳар доим олимлар, ёзувчилар, шоирлар, зиёлиларни илҳомлантириши даркор.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter