Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Скачать ×

Ўзбек ёзувчилари тушкунликни қандай бартараф этадилар?

Ўзбек ёзувчилари тушкунликни қандай бартараф этадилар?

Фото:«Xabar.uz»

Кейинги вақтларда эътибор берсам, жуда кўплаб одамлар хўмрайган, бадқовоқ бўлиб кетишяпти. Сиз ҳам атрофингизга бир қаранг. Аксарият кишилар қандайдир тажанг, норози. Тўғри, ҳар кимнинг муаммоси ўзига аён. Ташвишсиз одамнинг ўзи йўқ, бўлмайди ҳам. Аммо гап муаммони қай даражада қабул қилишда эмасми? Одамнинг ташвиш-юкламаларни юрагига олиб, ғам-андуҳ чекиш соғлиғига кони зиён-ку! Камига у атрофга ҳам норози боқади, ёнидагиларга заҳрини сочади. Муаммоларни бартараф этиш ўрнига ўз ёғига баттар қовурилади. Унутманг, тушкунлик адо қилади, ичингизни кемиради. Кейин эса яна бир ташвиш – касаллик келтиради. Тушкунлик бор жойда самимийлик асло бўлмайди. Кейинги пайтларда дилкашликнинг йўқолиб кетаётгани сабаби ҳам шунда.

Хўш, миллатимиз зиёли аҳлининг пешқадамлари бўлмиш ёзувчилар тушкунликни қандай бартараф этадилар?

Хуршид Дўстмуҳаммад, «Бозор», «Оромкурси», «Сўроқ», «Соф ўзбекча қотиллик» ва бошқа кўплаб асарлар муаллифи: – Тушкунлик, умидсизлик ҳаммага таниш туйғу. Чунки у ҳеч кимни ­– кимлигидан қатъи назар ­– четлаб ўтмайди. Аяб ўтирмайди ҳам. Ҳамма гап унга муносабатда, уни қандай қабул қилишда.

Аллоҳ таоло ҳеч бир туйғуни бежиз берган эмас одамзодга. Тушкунлик ҳам шу жумладан. Ҳар куни, турли ҳолатда ва, ҳатто ҳар дақиқада вужудингизда, руҳиятингизда турлича кайфият ҳукмронлик қилади. Жуда кўп ҳолатларда (вазиятларда) инсоннинг инсонийлигини ўша «ҳукмрон» кайфиятга нисбатан ўзини тута билиш ҳал қилади. Севинчли ҳолатларда суюнасиз, изтиробли вазиятларда изтиробга тушасиз ва ҳоказо. Лекин, унутманг, сиз севинишингизга ҳам, изтиробингизга ҳам хўжайинсиз, қул эмас!

Энг маъқули ­– меъёр. Нега? Хафа бўлдингизми? Назарингизда дунё зимзиё, қоронғими? Оғирроқ бўлинг, ҳадемай тонг отади, муқаррар қуёш чарақлаб чиқади!

Сабаб-бесабаб димоғингиз чоғ! Сиздан бахтиёрроқ одам йўқдек. Бундай лаҳзаларнинг завқини туйганча туйинг, фақат, унутманг, афсуски, хурсандчилик ҳам узоққа бормаслиги турган гап. Нима қилмоқ керак? Қувончли дамларда ҳам жуда дўппини осмонга отмаслик маъқул.

Кўряпсизми, кайфият ўзгарувчан, чунки ҳаётнинг ўзи ўзгарувчан. Ушбу ўзгарувчанлик қонуниятига иқрормисиз, яшанг, ҳаддан ташқари шодиёна ҳам, ҳаддан ташқари ғамбодалик ҳам турган-битгани кони зиён!

Мен ўсмирлик кезларимда жуда кўп тушкун кайфиятда юрардим. Энди ўйласам, ўзимдан қониқмаслик туйғуси мени кўп қийнар экан. Нима бўлдию, талабалик кезларимда шахс, инсон «мен»и мавзуларига қаттиқ қизиқдим, шунинг ортидан фалсафа, психологияга доир китобларни кўп ўқишга тўғри келди. Қайсидир жуда таниқли хорижий олимнинг китобида ажойиб мисол келтирилгани ҳали ёдимда. У тахминан қуйидагича:

Қадимда эшиклар пружина ёрдамида очилиб-ёпиларди, ёши катталар кўришган. Пружина сиқиқ ҳолида эшик тақа-тақ ёпиқ (дейлик, кайфиятингиз ғоятда расво!), лекин ҳадемай пружина чўзилади ва эшик очилади (кайфият аъло!). Табиий, эшик дам очиқ-дам ёпиқ. Хулоса: кайфият ҳам шу эшикка ўхшайди: дам аъло, дам расво!

Мазкур мисолни кўп эслайман ва бордию кайфият тушкунликка мойил бўлса, демак, пружина сиқиқ, дейман, ва ўзимни хушёрликка чақираман: шошма, оғайни, пружина ҳадемай шундай чўзиладики, хурсандчиликдан ўзингни қўярга жой тополмай қоласан! Қарабсизки!..

Тушкунликка тушишнинг асосий сабабларидан бири одатда кўпчилик (айниқса, ёшлар) катта орзу-ҳавас билан яшайди. Бунинг айби йўқ, аммо-лекин орзу-ҳаваснинг ҳам меъёри бўлмоғи керак-да. Яъни, кўрпага қараб оёқ узатилмаса, оқибати равшан ­– тушкунлик исканжасидан қутулолмай қоласиз.

Кенг тарқалган сабаблардан яна бири ­– бошқалардан домангир бўлиш. Нима демоқчиман? Бир ишни мўлжаллаймиз-да, у амалга ошмай қолади. Амалга ошмай қолгани учун айбдор излай бошлаймиз. Фалончи ундай қилди-да, пистончи бундай қилди-да, оқибатда мўлжалим юзага чиқмади, деймиз. Ўзимизни қўярга жой тополмаймиз.

Бунга истаганча мисол келтиришимиз мумкин. Мен нима қиламан? Қайсидир рўёбга чиқмаган ниятим, ишим учун бошқа кимнидир айбдор қилмасликка ҳаракат қиламан. Айбни ўзимдан излайман.

Баъзан сўзингиз, ниятингиз, ҳаракатингизни мутлақо тескари тушунадиган, талқин этадиганлар чиқади. Хафа бўлиб кетаман ва шу заҳоти ўзимга танбеҳ бера бошлайман: демак, ўзим тўғри тушунтира билмадим. Айб ўзимда.

Хулоса қилиб айтганда, тушкунлик, умидсизлик зарарли ёки ёмон туйғу эмас. Уларни фойдали туйғуларга айлвантириш имкони ўз қўлимизда. Фақат онгли ва тўғри ёндашув орқали унга қул бўлиш эмас, балки унга ХЎЖАЙИН бўлишга эришиш зарур. Вассалом!

Шойим Бўтаев.

Шойим Бўтаев, «Кўчада қолган овоз», «Шох», «Сирли юлдузлар» ва бошқа асарлар муаллифи: – Бошқаларга маслаҳат бера олмайман, чунки ўзим ҳам тушкун вақтда нима қилишни билмай қоламан. Шунда қавму қариндошлар, ака-укалар қуршовида иноқликда, ўз туғилган жойингда яшаш афзаллигини кўнгилдан ўтказаман – узоқдаги нарсалар ҳамиша шундай жозибали туюлса керак. Азон овози жуда катта далда беради, йўлда эшитсам тўхтаб қулоқ солишга ҳаракат қиламан, ҳамма муаззин ҳам бир хил эмас, муаззинига қараб мачитга бораман, ўзини танимган-кўрмаган бўлсам ҳам овозига қараб унга ҳурматим ошади; ўзларини таниб-кўрган бўлсам ҳам ваъзгўйларнинг ваъзларидан безиброқ тураман, чалкаш гапларни кўп айтишади. «Руқия» тинглайман.

Зарифбой Ибодуллаев деган олимнинг «Асаб ва руҳият» деган китобини ўқийман, муаллиф билан бир марта кўришганмиз, унга хаёлан Нобель мукофоти олиб бераман. Шу мукофотни олаётган чоғида у қандай нутқ сўзлашини тасаввур этаман. Ҳақиқатни қарор топтираман гуёки! Шунда хаёлим чуқурлашиб кетиб, ҳеч кимга кераксиз деб ўйлаган асарларимнинг пешма-пеш босилаётгани, нашриётлардан қалам ҳақи оқиб келаётгани, мухлислар дастхат сўраб ортимдан югуриб юришгани, қандайдир мукофотлар беришаётгани, мен эса уларни рад этиб, ҳаёт ҳақиқатининг улуғворлигини исботлаганим каби хомхаёлларга шўнғиб кетаман.

Янами? Телевизордан узоқлашаман, кўрадиган бўлсам, ҳайвонлар ҳақидаги кўрсатувларни кўраман. Шерлар шижоатини, ғалаба ва мағлубиятларини муқобилларига таққослайман, сиртлонларнинг иноқлигидан ҳайратга тушаман.

Янами? Абдулла Тўқайнинг сатрларини эслайман: «Ярқираб юлдуз ёнодир тун қаро бўлган сайин, Ёдима Тангрим тушар кун қаро бўлган сайин». Тангри хаёли билан яшаш бу мушкул холатнинг давоси-ку! «Умр эрур тоату ибодат учун, Тангри буюрганига итоат учун» (А.Навоий). Қанийди? Ҳолимиз забун!

Абдуқаюм Йўлдошев.

Абдуқаюм Йўлдошев, «Алвидо, гўзаллик», «Пуанкаре», «Бир тун ва бир умр» ва бошқа асарлар муаллифи: – Ҳаётнинг ўзи тушкунликдан ва уни енгишга уринишдан иборатдай таассурот туғилади баъзан. Ҳар нечук, боболаримиз орзу қилган утопик «Қуёш шаҳри»дан бошқа ҳар қандай жамиятда ва ҳар бир инсон кечмишида бу залворли қуйқа ачиб-бижғиб ётса керак...   

Бир математик танишим ҳайрат билан тан олганди: «Ёшим арифметик прогрессияда ортиб боргани сайин, тушкунлик геометрик прогрессияда ўсиб боряпти-я!» Фикримча, танишим дилни ўртаб юборадиган армон чоғишган энг аламли, энг оғули тушкунлик хусусида гапирганди.

Бу балони енгиш ҳар кимда ҳар хил – мутлоқ индивидуал – кечиши, музаффарият қурбонлиги турли-туман бўлиши тайин, шу сабаб бу борада бировга маслаҳат беришдан, ҳаммабоп рецепт ёзишдан, ақллилик қилишдан Худонинг ўз асрасин.

Ўзимга келсак, тушкун кайфиятдан аксар ҳолларда биронта ўзим беҳад яхши кўрган, қайта-қайта ўқиб тўймайдиган, «Шуниям Инсон боласи ёзганми, а?» деган ҳайратларга ошно этадиган асарнинг қайсидир қисмини тилимизга ўгириш машғулоти кўмагида қутуламан (кўпинча бу Достоевскийнинг китоби бўлади). Аниқроғи, бу жараёнда «буюклар каҳкашони»га таққослаганда кўнглимни банди этаётган ҳис-туйғуларим бениҳоя майда, арзимас эканлигини ҳис қиламан, шуларга эркимни, фурсатимни бериб қўяётганимни англаб, уялиб кетаман; ўзим ўзимга дакки бера бошлайман: «Одам дегани сал одамга ўхшаб яшаши ҳам керак-да, биродар...»

Исажон Султон.

Исажон Султон, «Боқий дарбадар», «Пуштиранг махлуқча», «Навоий» ва яна бошқа асарлар муаллифи: – Тушкунлик ўз-ўзидан пайдо бўладиган ҳолат эмас-ку? Қайсидир мақсадга эриша олмасангиз ёки эришиш учун танлаган йўлингиз тўғри бўлиб чиқмаса, ишлар сиз ўйлагандек бўлавермаса ва уни ўнглаш учун чора тополмасангиз, шунда тушкунлик келиб чиқади, менимча. Гоҳида эса бизларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ҳам пайдо бўлади: жамиятдаги адолатсизликдан тортиб то кимдир кўнгилни хира қилгунигача.

Тушкунлик дейилганда, уни тасаввур қилиш учун Врубел деган рассомнинг «Иблис» номли суратини кўришни тасвия қилган бўлардим. Чин маънодаги тушкунлик мана шу: барча ишлари беҳуда кетадиган, инсонларни қанча уриниб йўлдан оздирса ҳам, барибир машъум қисмати пешонасига битилган Азозил тақдири. Шу боис ҳам «Ноумид шайтон» дейдилар.

«Дам бу дамдир, ўзга дамни дам дема», дейди донолар. Бу шундайки, айни дамда бирон савоб ишни қилиб олмасангиз, у ҳеч қачон қайтмас бўлиб тарихга учиб кетади. Болалик чоғлари кичкина қайиқча ясаб сувга оқизмаган киши бўлмаса керак. Дақиқалар,  соатлар, кунларни ўшандай қайиқчаларга қиёсласангиз, уларнинг қанчаси бўм-бўш оқиб кетмоқда. Ваҳоланки, у митти сузувчилар умр деб аталган дарёнинг қуйилиш манзилига аллақанча яхшиликларни олиб кетиши мумкин эди.

Етишмовчиликлар кўп, деймиз-у, назаримда, бизга айнан эзгулик етишмаётганга ўхшайди. Эзгуликни эса, сизу биз ҳосил қиламиз. Шундай мисол келтирсам бўлади: айтайлик, кимдир бировнинг йўлини тўсиб, олдинга ўтиб олмоқчи бўлса, иккинчи киши унга йўл бергиси келмайди. Аксинча, қаршисидаги одамнинг ҳурматини жойига қўйиб, «Ўтиб олсам майлими» дегандай ишора қилса, жон-дили билан ўтказиб юборади. Ҳаётда бундай мисоллар керагича топилади.

Боягина сузувчи қайиқчалар ҳақида сўзладик. Барчамиз ҳам умр дарёсида ўшандай сузиб бормоқдамиз. Дарёнинг қайга қуйилиши, сафар таассуротлари ва ҳисоб-китоби аниқ.

Яхшилик, яхшилик! Уни фақат инсонгина содир қила олади ва шунга яраша мукофотини олади. Халқимизда унинг кўринишлари шунчалар кўпки! Ота-она, жон-жигар, қўни-қўшни, дўст-биродар кўнглини олиш, бир-бировига яхшилик қилиш! Мен бир кишини биламан: сал тушкун кайфият туғилса, яқинларига кичик-кичик совғалар олади. «Қалбим шундан роҳат топади, кайфиятим кўтарилади», дейди у, тутумининг ғалатилигини тан олиб.

Аслида эса, сираям ғалати эмас. Инсонлик қирраларидан бири бу!

Тушкунликни йўлатмайдиган энг асосий унсурларни мен мана шулар деб биламан.

Улуғбек Ҳамдам.

Улуғбек Ҳамдам, «Мувозанат», «Исён ва итоат», «Узоқдаги Дилнура» ва бошқа асарлар муаллифи: – Аввало, тушкунликнинг даражаси бор, деб қараш керак. Энг енгил шаклидан энг оғиригача. Нисбатан енгил формалари учун маслаҳат бериш мумкиндир, лекин жуда оғир шаклларида хос мутахассисларга, улар тавсия қиладиган медикаментларга мурожаат қилиш лозим бўлади, деб ўйлайман.

Оддий кўринишларида айтиш мумкинки, аввало, тушкунликка олиб келган сабаблар аниқлаштирилиши керак. Аниқ бўлган сабаблар, мабодо, бартараф этилмаса (имконсиз бўлса!), улар ҳақида ўйламаслик зарур. Шунингдек, тушкунликка тушган инсон ўзи яхши кўрган ишлар билан шуғуллансин, бошини оғритадиган, уни яна депрессияга киритиб қўядиган ёки муаммони ёдга туширадиган ҳар қандай инсон, деталь, хотира... буларнинг баридан йироқ юрсин.

Бир вақтлар тушкун ҳолларда камина хонага кириб олиб, ўзи яхши кўрадиган қўшиқларни эшитарди. Соатлаб, ҳатто кун давомида танглаб, шу оҳангларнинг авжлари ёрдамида ичимдаги ўша қайғуми, дардми, баломи... барча-барчасидан халос бўлиб чиқиб кетардим. Кейинги пайтларда эса, мусиқалар ҳам, баланд оҳангларда ўқиладиган шеърлар ҳам ёрдам бермай қолганини пайқадим. Эътибор берсам, энди мени кўпроқ табиат ўзига тортяпти. Шу учун дала ҳовлига чиқиб кетаман, у ерда катта сув бор, унга тикилиб ўтираман, сувни, табиатни, керак бўлса, сукунатни тинглайман. Муҳими, менинг асабларимни қўзғатадиган, яъни қўзғатувчи факторлардан узоқ бўлишга ҳаракат қиламан.

Бунда киши яна одамни стрессдан халос этувчи енгил машғулотлар билан банд бўлса, фойдадан холи бўлмайди. Масалан, копток, теннис ўйнасин, пиёда юрсин, чўмилсин. Бундан ташқари, ўзига ёққан таомларни есин, ўзи тилаган одамлар билан суҳбатлашсин. Яна айрим аёллар кашта тикиб ўзига келади, айримлар (эркагу аёл) саёҳат қилиб тинчланади. Кўпроқ (нафл намозлари каби) намоз ўқиб, хайр-садақа қилиб, Қуръоннинг ёқимли тиловатларидан баҳра топгувчи қалблар қанча... Бу ишлар ҳар бир одамда индивидуал кечади. Бировга ёққан иш (тадбир) бошқага ёқмаслиги ғоят табиий. Бувижонимнинг таъбири билан айтганда, «Ҳасанжонга ёққани Ҳусанжонга ёқмайди». Бас, ҳамма учун универсал ягона қоида йўқ ёки улар жуда оз бўлса керак.

Агар иш шу каби тадбирлар билан ҳам битмаса, ўйлайманки, дардманд одам руҳшуносларга кўриниши керак бўлади.

Рустам Худойқул.

Рустам Худойқул, «Ғаройиб қиёфалар», «Сирли тобут», «Бир жиноят тарихи» ва бошқа китоблар муаллифи: – Ҳаёт қувончу, ташвишлардан иборат эканлигини унутмаслик керак. Тушкунликка тушмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Гап уни қандай қилиб енгиш ёки бартараф этишда қолган. Бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи. Бу ақидага амал қилганлар тушкунликни енгиши осон кечади. Кўп китоб ўқиган одамлар тушкунликка камдан-кам тушадилар ва шундай бўлган тақдирда ечимини тез топадилар.

Шаҳарга оилам билан кўчиб келиб, ижарада уйда яшай бошладик. Менга тайин бўлган иш ҳам прописка муаммоси туфайли йўққа чиқди. Хуллас, бир ярим ойдан кейин иш ҳам топдим, энди қишлоқда сотилган уйнинг пулига бошпана излашга тушдик. Афсуски, шаҳарда уй нархи бир кунда бир неча баробарга кўтарилиб кетди. Мен тушкунлик гирдобига тушиб қолдим. Чунки бўйи етган икки қизимни тўй қилиб узатишим ва ўғлимни уйлантириш ташвиши ҳам бир томонимни кемирарди. Оиламни шаҳарга кўчириб келганимдан минг-минг пушаймон бўлдим. Аммо уларга тушкунликка тушганимни асло билдирмаслигим шарт эди. Акс ҳолда фожиа юз берарди. Ана шундай кунларнинг бирида оила даврасида, аёлим ва боларим айтган сўзлар кўнглимни осмон қадар кўтарди, ўзимга ишончни бутунлай қайтарди. Мана ўша сеҳрли сўзлар: «Отажон, бу кунлар ўтиб кетади. Пешонамизда бор экан, сабр билан шукур қиламиз. Фожиалардан Худо сақласин. Сиз пушаймон бўлманг, ҳали бу кунларни кулиб-кулиб эслаб юрамиз».

Мен ижодга киришдим. Кўрпага ўраниб, ёстиқ устида қанчадан-қанча асарларни ёзиб ташладим. Зарурат илҳомни жўш урдирар экан. Ўзим меҳнат қиладиган «Инсон ва қонун» газетасидан ташқари «Даракчи», «Тасвир», «Ҳамроҳ», «7Х7» газеталарида асарларим тинимсиз чоп этилди. Катта-катта гонорарлар олдим. Қўзиқорин етиштиришни ўргандим. Хизмат ҳақи эвазига бошқаларга экиб бердим. Кейинчалик, китобларим нашр этилди.

Ҳар доим тушкунликка тушганида одам, «Бундан баттари бўлиши ҳам мумкин эди-ку!» дейиши ва ўзига таскин бериши керак. Тошкент шаҳридаги «Дўстлик» метро бекати яқинида бир оила яшайди. Севиб-севилиб турмуш қурган эр-хотиннинг беш нафар фарзанди туғма гунг-соқов. Оила аъзолари бир дастурхон атрофида жам бўлганда шод-хуррамликни кўрсангиз эди. «Тиқ» этган товушсиз шодиёна даврани кўрганмисиз? Мен кўрганман.

– Мен онаси билан фарзандларимиз ногирон туғилди деб кўп сиқилиб юрардик, – болаларнинг отаси. – Улар эса «бошқалардан кам эмасмиз, бахтлимиз, кўрасизлар, сизларни ҳам бахтиёр қиламиз», дейишарди. Барчаси компьютер дастурчиси бўлишди ва янги йил куни бизга янги автомашина совға қилишди.

Назаримда баъзи одамлар ўз олдиларига бажариб бўлмайдиган вазифаларни қўйиб, охир оқибат унга етиша олмайдилар. Кейин тушкунликка тушиб қоладилар. Даҳолар ҳар куни ҳам туғилавермайди. «Генералнинг хотини бўлиш учун энг камида ҳарбийга турмушга чиқиш керак», деган пурмано ҳикматни унутмаслик лозим. 

Ҳаётимнинг ўн йили шу тариқа бировларнинг уйида ўтди. Қиз чиқариб, ўғил уйлантирдим. Туннель охирида милт этган чироқ кўринмаса-да, бир куни тугашини яхши билардим. Шундай қилиб, ҳаётимни титратган ўн йил ҳам ўтиб кетди. Рўшнолик кунлари келди. У кунлар бизга сабоқ бўлди. Дўст ким, душман кимлигини кўрсатди, оиламизни мустаҳкамлади.

Саидвафо Бобоев.

Саидвафо Бобоев, «Қонли қилич», «Сиртмоқ қошидаги ўйлар», «Ушалмаган орзулар» ва бошқа асарлар муаллифи: – Тушкунлик ҳаммада бўладиган ҳолат. Мен шахсан болаликдан шуни ўзимга мақсад қилганманки, тушкунлик меҳмон бўлиб келса, бир неча марта такрорлаб айтаман: «Шундай бўлиши керакдир. Келдингми, меҳмон бўл, жаноб тушкунлик, марҳамат! Фақат тезроқ жўна, менинг вақтим зиқроқ. Ҳали сендан ташқари, шодлик хурсандчилик, хуррамлик, янгилик деган оғайниларим ҳам келишмоқда. Уларни ҳам меҳмон қилишим керак». Ана шунда тушкунлик бир зумда ғубордек тарқалиб кетади. Агар ихтиёрингизни унинг қўлига берсангиз, ундан қутулиш қийин. Иродани бут қилинг. Бўш келманг. Ҳаётда лаллаймаслик керак. Омад тилайман. Мана, кутиб олинг, шодлик билан хурсандчилик сизга меҳмонга боришяпти.

 

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети