Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Зарнигорий тахаллусли олим: «Бошқалар ҳали ўйлаб турганда, бизда татбиқ қилиб бўлинганди» (видео)

Холиқ Соатов. Алоқа соҳаси фахрийси.

Техника фанлари номзоди, доцент.

Педагог.

70 дан ортиқ илмий мақола, ўқув-қўлланмалар муаллифи ва 2 та муаллифлик гувоҳномасига эга.

Зарнигорий тахаллуси остида «Ғоялар шодаси», «Машаққатли сўқмоқлар», «Тақдир сиртмоғи», «Юлдузлар ёғдуси» номли бадиий асарлар муаллифи.

— Кўпфарзандли оилада вояга етганман. Бувам эрта қазо қилиб кетганликлари сабабли, отам олийгоҳнинг 4-босқичидан ташлаб, темир йўл соҳасига ишга киришга мажбур бўлган. Отам раҳматли китобга жуда ҳам қизиққан инсон эди. Уйимизда жуда кўп китоблар бўларди. Ғўр ёшликнинг кўп саволларига ҳам ўқиган китобларим хусусида отам билан бўлиб ўтадиган суҳбатларимиздан жавоб излардим. Отам доимо бундай суҳбатларга вақт ажратардилар, ҳатто, ишдан чарчаб келсалар-да...   

Эслайман, 1-синфни битирганимдан кейин қўлимга илк марта китоб тутқазган инсон ҳам отам эди. Ўша китоб «Кўр кўзни очган қиз» номли ўзбек халқ эртаги бўлиб, туну кун қўлдан қўймай, ҳижжалаб ўқийверганимдан китобга меҳрим тушган. 4-синфдан бошлаб рус тилидаги китобларни ўқишга тушдим. Бир куни «Рус тили» фанидан беш олиб юрган мендек ўқувчига янги келган ўқитувчи кутилмаганда уч баҳо қўйиб қўйди. Жаҳлим чиқиб, уйга келдим-у, дуч келган биринчи рус тилидаги китобни ўқишга киришиб кетдим. Бу Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги «Сопкадаги жанглар» номли китоб эди. Онам ҳам бизни ўқишимизни орзулайдиган, зиёли бўлишимизга чин аҳд қилган аёл эди. Куни келиб, ҳамма фарзандлар ҳар соҳада олий маълумотли бўлишимизда ота-онамизнинг хизмати катта. Ота-онам «Кўчада қора иш қилгунча, қўлингга китоб ол!» деб кўп айтишарди. Ўйлайманки, оилада айни қадриятнинг устувор бўлиши илдизи отамнинг кўп такрорлайдиган: «Мен ўқишни охирига етказолмадим, сизлар албатта, ўқишни тугатишларинг шарт!» мазмунидаги дил армонида яширин эди...

Физика, математика фанини жуда яхши кўрганман. 9-синфда ўқиётганимда туман, республика олимпиадаларида қатнашганман. Самарқанд шаҳрига борганмиз, ўшанда ҳаётимда биринчи марта самолётда учганман. Илгари туман маданият уйлари қошида «Радиотелемастер» номли пуллик курслар бўларди. Ана шу курсга 9-синфдан бошлаб борганман ва «Радиотелемастер» гувоҳномасини ҳам олганман. Нимага десангиз, мен радио ва телевидениенинг бўлакларини қисмларга ажратишни, уларни тузатишни жуда яхши кўрардим. Лекин мактаб даврида буни мукаммал эгалламаганман. Биринчи марта кичкинагина радиоэшиттиришни қабул қилувчи қурилмани ясаганман. Қурилмани  кичик пластмасса(елим) совун қутичасида йиғганман. Натижа ёмон бўлмаган. Фақат ўрта тўлқиндаги радиони қабул қилганман. Шу сабаб ҳам, кейинчалик мутахассислик йўналиши сифатида институтнинг «Радиоалоқа ва радиоэшиттириш» бўлимини танлаганман. Бу эса симсиз алоқа асоси эди.

Биз ўқиган пайтда халқ орасида шундай гап бор эди: «Тошкент электротехника алоқа институти (ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университети)га кириш осон, ўқиш қийин!».

Институт ва соҳадаги илк устозим – Ўзбекистондаги биринчи техника фанлари номзоди Сунбула Хабибовна Турсунова. Ўз устида ишлайдиган, талабчан аёл эди. Устозим диплом ишимда кўрсатган натижамни кўргандан кейин, «Сен бизни кафедрада қолиб ишлашинг ва ўқишни давом эттиришинг керак!» деб маслаҳат бердилар. Худди шундай бўлди. Икки йилдан сўнг, Москва электротехника алоқа институтида аспирантурани ўқиб, номзодлик диссертациямни ёқлаб қайтганман. Мавзуим учиш аппаратлари яъни, самолётларнинг алоқа қурилмаларига бағишланганди. Шу мавзуим билан учувчиларнинг алоқа воситалари шовқинини камайтиришга эришганман. Шовқинни икки марта камайтиришга муваффақ бўлганман. Бу илмий янгилигим учун муаллифлик гувоҳномасини ҳам олганман.

Ўзбекистонда рақамли техникани отаси деб профессор Мажидилла Ниғматович Ариповни биламан. Бу одам биринчилардан бўлиб институтимизда «Рақамли техника» кафедрасини ташкил этишда жонбозлик кўрсатган. Мосвадан келганимдан сўнг, у киши билан лабораторияда бирга  ишлашга муяссар бўлганман. Ўша пайтда «Рақамли техника келажакка зинапоя!» деб кўп такрорлардилар. Шунингдек, аксинча, «Рақамли техникада частота катта бўлиб кетади, буни келажаги йўқ!» дегувчилар ҳам кўп топиларди. Кейинчалик, кўриб турибмизки, Мажидилла Ниғматовични фаразлари ўз тасдиғини топиб, бу жуда ҳам оддий ҳолга айланиб кетди. Масалан, телевидениеда! Рақамли техника ҳақида бошқалар ҳали ўйлаб турганда, бизда татбиқ қилиниб бўлинганди.

Келажакда бизда албатта, ҳажмли телевидение татбиқ этилади, деб фараз қиламан. Бу дегани, оддий сурат кўрилмайди, балки суратни ҳамма томонидан кўриш имконияти пайдо бўлади. Шогирдлар билан айни мавзуда ишни бошлаганмиз. 2016 йил кафедрамиз ўқитувчилари билан тайёрланган ва мени таҳририм остида чоп этилган ўзбек ва рус тилидаги «Рақамли телевидение» китоби ҳозирда алоқа ва ахборот технологиялари соҳаси бўлажак мутахассисларига асосий қўлланмалардан бири сифатида ўқитилиб келинмоқда.

Ҳисоблаб кўрсам, ТАТУга олти маротаба қайтиб келган эканман. Аспирантурадан кейин бир оз муддат ўқитувчилик қилиб юрдим. Сўнг, ишлаб чиқариш соҳасига ўтиб кетдим. Бу орада яна ўқитувчилик соҳасига қайтдим, яна кетдим. Хуллас, педагогликдан буткул узилмадим. Агар соҳа педагоги ҳозирги замон техника, телекоммуникацияси ривожидан бехабар ёки ундан ортда бўлса, яхшиси, синфхонага кирмагани, талаба билан юзлашмагани маъқул. Ҳозирги талабаларнинг салоҳияти жуда юқори. Талаба эски нарсани гапираётганингизни дарров сезади ва бундан тезда зерикади.

Қизиқ одатим бор эди. Талабаларни давомат қилишда деярли журналга суянмасдим. Хотирам яхшилиги боис, исми эсимда бўлмаса-да, талабанинг қайси партада ўтиришини жуда яхши эслаб қолардим. Ва имтиҳон вақти дарс қолдирган талабага қўшимча иккита савол берардим. Имтиҳондан баҳо олишга қатнаб, чарчаган талабага охири, ўзим мавзуни батафсил тушунтирардим. Саволга жўяли жавоб бермаган бўлса-да, барибир баҳосини қўйиб берардим. Бундай йўл тутишдан мақсадим – талабада бирор билим қолсин дердим. Мени фанларим деб бирорта талаба ўқишдан ҳайдалмаган. Ҳозирда соҳада ўз йўлини топган ўқувчиларим ҳанузгача берган саволларимни эслашларини айтишади.

Сунъий интеллект кўп муаммоларга ечим. Масалан, шаҳар йўл транспорти ҳаракати тизимига, хусусан, светафорларга. Эрталабки тирбандлик пайтида қайсидир йўналишда шаҳарга кириб келадиган машиналар кўп бўлади, бошқа бирида эса чиқиш йўналишидаги машиналар аксинча кам учрайди. Лекин светафор бир хил ишлайди. Ана шуни сунъий интеллект билан боғласак, кириб келадиган йўналишда светафор кўпроқ, чиқиш йўналишида эса камроқ ёниб турса, шаҳар йўл ҳаракатидаги анчагина муаммолар ечилиб, йўл тизими бундан анча фойда кўриши мумкин.

Соҳам тақозоси билан хизмат сафарларида кўп бўлганман. Ўзбекистон бўйлаб радио, телевидение тарқатадиган 593 та нуқта бўлган. Йўл давомида борган жойларим тарихи, қадрияти, одати билан қизқиқардим. Табиатини кўришга, ўша ердаги отахонлар суҳбатини олишга ошиқардим. Кўрганларимни қалам орқали баён қилгим келди. Тарих ва фалакиёт илмига қизиқаман. Тарихий мавзуда ижод қилган буюк ёзувчиларга таъзим қиламан. Алоҳида тарихий асарлар кўп. Аммо бизнинг замонавий адабиёт намуналари сюжетларида тарих чизгилари акс этган асарларни учратмадим. Шунинг учун ҳам қаҳрамонларим ҳаётини ёритишда тарихий воқеликларни, халқ урф-одатини, афсоналарни қўшиб кетишни яхши кўраман.  Шу тариқа, биринчи китобим – «Тақдир сиртмоғи» ёзилди. Асарларимда асосан, фақатгина кучли ишлаш, меҳнат орқали ёруғликка чиқиш мумкинлиги ғоясини илгари сураман.

Тахаллусим Зарнигорий хусусида айтадиган бўлсам, бу сўз, устига зар югуртирилган, ичи бошқа маъносини билдиради. Яъни, мутахассисилигим техника билан боғлиқлиги бир томон, қалам тебратишим бўлак тарафим.

Техника қанчалик ривожлангани сайин инсон уни кетидан етишга ҳаракат қилади. Ўйлайманки, асрлар оша инсон омили эскирса ҳам, бутунлай йўқ бўлиб кетмайди. Азалий қадриятлар ўлмайди, яшаб қолади! Айниқса, бу борада биз аждодлар ўгитидан узоқлашиб кетолмайиз. Бу борада бахтимиз ҳам шунда. Инсон устидан ақл ҳукмронлик қилади, ақл устидан муҳаббат ғалаба қозонади, муҳаббатдан эса ўлим ғолиб келади. Ўлим устидан шон-у-шуҳрат ўз сўзини айтади. Шон-у-шуҳрат устидан эса вақт ҳакамлик қилади. Вақт эса чексиз! Бунда нима бўлади, ҳеч ким билмайди. Шунинг учун инсон ўзига ажратилган вақтда иложи борича, бахтли ҳаёт кечиришга ҳаракат қилиши керак. Чунки, чексизлик аро бизни ҳаётимиз бир заррача холос!

Ҳаёт ўргатган ва ўзимга, яқинларимга кўп бора айтадиган бир иборам бор: Қаламни учида пул топ! Бунинг маъноси шуки, ўқи, излан, меҳнат қил. Болаларимни ҳам шу ўгитда катта қилдик. Китобга, илмга яқин ўсишди. Бугун ҳаммалари ҳаётда ўз йўлларини топишган. Икки ўғил, бир қизнинг бахтли отасиман, набираларимнинг суюкли бобосиман. Қизим Лозаннада яшайди, Женевадаги нуфузли JP Morgan банкида фоалият юритади. Уйдаги китобларимни энг кўп ўқиб чиққан ҳам қизим бўлади.

Умр йўлдошимдан миннатдорман! Ёшлигимиздан тирговучим бўлган. Аспирантурага ўқишга кетганимда, эндигина тўрт ойлик янги оила эдик. Муваффақиятларимда аёлимни ҳиссаси бениҳоя. Мутахассислиги иқтисод соҳаси бўйича. Ўқишни тугатган йили турмуш қурганмиз. Танишишимиз тарихи ҳам қизиқ бўлган. Эски ҳовлимиз Шофайзда эди. Саноатларнинг оиласи билан қўшни бўлганмиз. Саноат 10 ёшлигида унинг оиласи кўчиб кетишган. Йиллар ўтиб, бир куни Саноатларнинг янги маҳалласида яшовчи тоғамникига борсам, қаршимдаги тор кўчадан «Жигули» минган қиз «учиб» чиқди. Сал қолган машиналаримиз тўқнашиб кетишига. Дарвоза ёнида бизни кузатиб турган Саноатнинг отасига қизининг бу ишидан арз-ҳол қилган бўлдим-да, кетдим. Кейин билсак, бу тақдирнинг учраштируви экан! Ҳаёт иккимизни бир йўлда учраштирди ва шу кўйи умр йўлимиз ҳам боғланди!...   

Ҳаёт бу – меҳнат, меҳнат ва орзулар! Ўша орзуларга етишиш учун интилмоқ, дегани экан!

Муаллифлар:

Бадиий раҳбар ва муҳаррир: Абдуғани Абдураҳмонов

Суҳбатдош: Лобар Қобилова

Оператор: Юнус Маҳмудов

Монтаж устаси: Шерзод Қаюмов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг