Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Юқоридан қўнғироқ ва думи юлинган товуқ ҳангомаси

Юқоридан қўнғироқ ва думи юлинган товуқ ҳангомаси

Ўтган асрнинг 80-йилларида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси жуда оммалашган, адади 800 мингдан ошиб кетган эди. Газетада шеър, ҳикоя ёки мақола чиқариш ёшлар тугул катта шоир ва ёзувчилар учун ҳам шараф эди. Оддий ходимдан тортиб бўлим мудирлари, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳарриргача – барчага тинмай қўнғироқ қилаверадиган хира муаллифлар ҳам бўларди. Ундайлар кунда-кунора сим қоқиб, менинг ижодимни қачон чиқарасизлар, деб сўрайверарди.

Шундай хира муаллифлардан бири бош муҳарриримиз Одил Ёқубовга таниш эканми ёки кимдир тавсия қилганми, бир мақола (аслида мақола деб ҳам бўлмасди) берибди. Одил ака мени чақириб, шуни бир нарса қилинглар, газетанинг бирон жойига қўйиб юборинг, деди. Ўқиб кўриб, энсам қотди. «Бир нарса қилиш» қийин эди. Ишлаб, эпақага келтириш учун қайси ходимга беришни ўйлаб, бир қарорга кела олмадим. Биламанки, бунга ҳеч ким рози бўлмайди.

Эртаси куни Одил аканинг олдига кирдим.

- Буни ҳеч нарса қилиб бўлмайди, – дедим.

Бош муҳаррирнинг пешонаси тиришди.

– Шуни мен билмайманми? – деди. – Шунинг учун бир нарса қилинглар, дедим-да. Анови Саъдуллагами, Яқибжангами беринг, лави-лунжини тўғриласин. Шу қисталоқдан мени қутқаринглар.

Шундай талабчан одам, ўзининг ибораси билан айтганда, баъзан «уступка»га борарди. Ҳалиги хира муаллифнинг нарсаси ҳам ана шу «уступка»га тушган эди. Ҳозир аниқ эсимда йўқ, ўша нарсани Ёқубжон Хўжамбердиевми, Саъдулла Ҳакимми – шулардан бири «бир нарса қилди». Кейин мен кўрдим. Бу орада Одил ака бир-икки сўради:

– Ҳалигининг нарсаси нима бўлди?

- Бўляпти... Ишлаяпмиз, – дедим.

- Жуда жонга тегди телефон қилавериб, тезроқ бериб юборинг шуни.

Охири ўша нарса газетада чиқди. Одил ака ҳам сўрамай қўйди... «Худога шукур, қутулдик шу хира пашшадан» деб хурсанд бўлиб юрдим.

Хурсандлигим узоққа бормади. Бир куни Нафиса опа (бош муҳаррирнинг котибаси) ҳовлиқиб кириб келди хонамга.

- Тез юринг, Одил ака сизни сўраяпти. Жуда дарғазаб, – деди.

Ҳайрон бўлдим. Нима бўлди экан, тинчликмикан ишқилиб? Минг бир хаёл билан бош муҳаррир хонасига кирдим. Чиндан ҳам Одил ака ғазаб отига минган, икки қўлини орқасига қилиб, асабий ҳолда у ёқдан-бу ёққа бориб келаётган эди. Киришим билан салом йўқ, алик йўқ, заҳрини сочди.

– Қанақа одамсиз ўзи?! Нега мени ноқулай аҳволда қолдирасиз? – деди.

Мен ҳеч нарсага тушунмадим.

– Нима гап, Одил ака? Тушунтириброқ гапиринг, нима бўлди?

Бош муҳаррир қўлини пахса қилди:

– Нимани тушунмайсиз?! Анови қисталоқ мақоламни бермаяпти, деб юқорига шикоят қипти. Ҳозир манови телефондан (ҳукумат телефонини кўрсатди) қўнғироқ бўлди, – кейин менга яқинроқ келди-да, овозини пасайтириб, аммо алам билан гапирди. – Шу жипириқлар олдида юзим шувит бўлишини истайсизми?

– Одил ака, асабийлашманг. Қайси материални айтяпсиз? – дедим.

– Нимага гарангсирайсиз, ўша хира пашшани айтяпман. Бир ой бўлди, унинг нарсасини сизга берганимга.

Кулгим қистади. Одил акани баттар тутақди:

- Нимага иршаясиз?

- Ахир у материал чиқиб кетди-ку, – дедим.

Одил ака хона ўртасида таққа тўхтади.

- Чиқди?! Қачон?

– Икки сон олдин, – дедим ва бош муҳаррир хонасидаги узун столда турадиган газета тахламларини варақлаб, ўша «шедевр»ни кўрсатдим.

Одил ака бир зум жим қолди. Назаримда ичида ўша хира муаллифни, унга қўшиб боя кўрсатган телефондан қўнғироқ қилганни сўкаётган эди. Кейин менга юзланди.

– А, бу қисталоқ, ҳар томонга шикоят қилгандан кўра газет ўқиса бўлмайдими?

Бу саволга менда жавоб йўқ эди, албатта. Унинг ўрнига бошқа гап айтдим.

– У-ку ўқимас экан, анавилар-чи, улар ҳам ўқимайдими? – дедим Одил аканинг асабини бузган телефонга ишора қилиб.

Бош муҳаррирнинг баттар энсаси қотди. Нордон нарса чайнагандай афти буришди. Ўзига ўзи гапирган каби шивирлади.

– Сизам ҳалиям ёш бола экансиз-да. Газет ўқиса ўша ерда ўтирармиди? Улар ўқувчи эмас, буйруқчи. Билдингизми? – Бироз хотиржам бўлди. – Сизам шуни чиққанини бир оғиз менга айтиб қўймайсизми?..

  – Кўргансиз, деб ўйлабман-да...

  Менга бир ўқрайиб қаради.

  – Бўлди, боринг ишингизни қилинг, – деди-да, креслосига ўтирди. Эшикдан чиқаётиб кўзим тушди: асабини бузган телефонга қўл чўзди.

 * * *

Одил Ёқубов жуда талабчан муҳаррир эди. Газетанинг обрўйи учун қаттиқ курашар, иложи борича биронта ҳам бўш материал чиқармаслик пайида бўларди. Баъзан таниқли олим ёки ёзувчининг катта ҳажмдаги мақоласи келиб қоларди. Бундай катта материалларни Одил ака ёқтирмас эди.

– Манови ёстиқдай нарсани ким ўқийди? Қисқартиринг, – дерди кескин.

У вақтларда ҳозирги компьютерлар қаёқда дейсиз. Материаллар босмахонада линотип машинада қўрғошиндан қуйилар, ортиқча бир сатр ҳам қўйиб бўлмасди. Баъзан макетда ажратилган жойга материал сиғмай қоларди. Шунда бош муҳаррирга кўтариб кирардим мадад сўраб. Қўлимда газета саҳифасининг нусхаси. Сиғмаган материални Одил акага кўрсатиб, сиғмаяпти, қисқартириш керак, дердим. Бош муҳаррир полосага (газета саҳифасининг нусхаси) қараб:

- Мана, сиғиб турибди-ку, – дерди.

- Йўқ, давоми бор, йигирма сатр қисқартириш керак.

Одил аканинг энсаси қотарди:

– Э, қизиқ одам экансиз, давомининг нима кераги бор? Шу ерда тугатинг.

– Бу ерда тугатиб бўлмайди, мақоланинг маъноси бузилади, думи юлинган товуқдай бўлиб қолади.

Бош муҳаррирнинг баттар жаҳли чиқарди:

– Э, бунда маъно нима қилади?! – Бироз кулгандай бўлиб, гапни ҳазилга бурарди. – Маматқул, сиз ўзи думи юлинган товуқни кўрганмисиз? Жуда чиройли бўлади. Товуқ енгил юради. Так что, давомини олиб ташлай беринг. Боринг.

Мен ноилож чиқиб кетардим. Кейин кўр бўлиб, ўша йигирма сатрни мақоланинг турли жойидан бир-икки сатрдан топиб қисқартиришга мажбур бўлардим.

Маматқул Ҳазратқулов.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг