Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Юмшоқ куч ёхуд «Aмерика орзуси»дан тортиб «сўз эркинлиги», «инсон ҳуқуқлари»гача...

Юмшоқ куч ёхуд «Aмерика орзуси»дан тортиб «сўз эркинлиги», «инсон ҳуқуқлари»гача...

фото: интернет, очиқ манба

Aҳамият берганмисиз, бугун ёшлар ўртасида «Aмерикага кетиш» орзуси оммалашган. Чунки АҚШ ёшлар учун тақдим қилинадиган юз фоизлик грант дастурларининг энг катта қисмига эгалик қилади. Қолаверса, «Aмерика орзуси» туфайли инглиз тилини ўргана бошлаган ёки аллақачон «Green card» визасига ариза топширган инсонлар ҳам талайгина. Иқтисодий манфаатлар ва технологик устуворлик юқоридаги ҳаракатларнинг бирламчи сабаби эканлиги аниқ. Бироқ сиёсий ва ижтимоий контекстда олимлар буни Soft power – яъни «Юмшоқ куч» деб аташади.

Бу термин XX аср охирларида сиёсатчи Жосеф Най томонидан ташқи сиёсат мавзусида фаоллаштирилди. Сиёсатчи юмшоқ кучни Совуқ уруш давридаги қуролланиш пойгасидан сўнг давлатларнинг ўзаро маданиятлар ва интеллект кучи орқали мусобақага кириша бошлаши билан боғлайди. «Куч – бу ўзи хоҳлаган натижаларга эришиш учун бошқаларга таъсир қилиш қобилиятидир ва бу мажбурлаш, тўлаш ва ишонтириш орқали амалга оширилиши мумкин. Юмшоқ куч – бу мажбурлаш ёки тўлаш эмас, балки жалб қилиш орқали кўзланган натижаларга эришиш қобилияти» – дея изоҳ беради Най ўзининг «Юмшоқ куч: Жаҳон сиёсатида муваффақиятга эришиш воситалари» китобида.

Шунингдек, жамиятда юмшоқ куч бир неча кўринишларда намоён бўлади (Жосеф Найга кўра): маданий, мафкуравий ва институционал. Дунёнинг ярмидан кўп аҳолиси ҳар куни маданий юмшоқ куч қурбони ёки иштирокчисига айланаётганидан бехабар бўлса керак. Боиси бу кўринишдаги куч, Голливуд кинофилмлари, К-поп мусиқий клиплари, Корейс дорамалари ёки Японларнинг анимацион мултфилмлари орқали онгимизга кириб келади. Яна бошқа оммалашган шакли эса халқаро таълимий грант дастурлари ҳисобланади. Бири билан кўнгилочар машғулотларга қизиқувчи қатлам забт этилса, иккинчиси билан эса юқори интеллект эгалари жалб қилинади.

Юмшоқ куч концепциясини ривожлантиришда АҚШнинг аҳамияти беқиёс. Бу гегемон давлат ўз тараққиёти йўлида аллақачон юмшоқ куч режасидан фойдаланиб келади. Ёзувчи ва тарихшунос Ювал Ноа Ҳарари «Aмерика орзуси» мафкураси ривожида Голливуд филмларининг аҳамияти борасида фикр билдириб, филмнинг ғояси дунёнинг тугаши ёки ўзга сайёраликларнинг кашф этилишида эмас, айнан шу қаҳрамонона саҳналарда Aмериканинг гавдаланиши эканлигини таъкидлаган эди. Ваҳоланки дунёнинг бошқа ҳеч бир давлати Aмерикачалик қаҳрамонликка урғу берган омадли чиқиш қилолмаган шу кунгача.

Мафкуравий кўринишдаги кучлар эса «гендер тенглиги», «сўз эркинлиги», «инсон ҳуқуқлари» ва атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган идеология (мафкура)ларни тарғиб қилаётган мамлакатлар ёки жамиятлар билан боғлиқ. Сўз эркинлиги мавзусида сизнинг тасаввурингизда гавдаланган биринчи давлат айнан шу мафкурани шакллантиришда етакчилик қилаётган давлат ҳисобланади. Умуман олганда, бирор мафкурани тарғиб қилишдан манфаат мамлакат имижини яратиш ва шу орқали ташқи инвестицияларни жалб қилишдан иборат. Дейлик, инсон ҳуқуқларини таминлашда Европа давлатлари устувор кучларга эга, бу эса ўз жамиятида қадр-қиммати поймол бўлаётган қайсидир Осиё давлати фуқароси учун «эркинлик»ка чиқиш йўлига айланиши мумкин.

Юмшоқ кучнинг институционал кўриниши жаҳоннинг бир неча халқаро ташкилотлари билан боғлиқ. БМТ, ЖССТ (Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти), ЖСТ (Жаҳон Савдо Ташкилоти) ва шунга ўхшаш бошқа халқаро бирлашмаларда етакчи аҳамиятга эга давлатлар жаҳон ҳамжамиятида ҳурмат ва эътиборга молик ҳукумат саналади. Яъни кўплаб халқаро ташкилотларнинг масъулиятли аъзоси ҳисобланган АҚШ билан ташкилотнинг бошқа қуйи ёки янги аъзо давлатлари «кези келганда ҳисоблашишига» тўғри келади.

Ушбу контекстда бугун дунё икки номни ёнма-ён кўради: АҚШ ва Хитой. Юмшоқ куч яхши натижалар ва таъсирларга сабаб бўлиши мумкинлиги XXI аср бошларида Хитой ҳукумати мунозараларида кун мавзусига айлана бошлади. 2014 йилда тахт вориси Си Зинпин «Биз Хитойнинг юмшоқ кучини юксалтиришимиз, чиройли хитойча ҳикоя яратишимиз ва хитойча қарашларни дунёга етказишимиз керак» дея, юмшоқ куч концепциясини расман йўлга қўйишни тавсия қилди. Бу йўлдаги илк ҳаракатлар Ипак йўли лойиҳаси қамровида халқаро, давлатлараро транспорт йўллари ва телекоммуникация инфратузилмаларини боғлашга эътибор қаратди. Беижинг етакчилари эса маданий таъсирни оширишда тил, маданият ва таълим имкониятларини ривожлантиришга урғу берди. Хусусан, бугун дунё бўйлаб 500дан ортиқ Конфуций институтлари ўз фаолиятини юритади. Бу бирлашма Хитой маданияти ва Мандарин тилини ўргатишда катта рол ўйнаб келмоқда.

Халқаро таълимга тиккан инвестицияси орқали Хитой талабаларни жалб қилиш бўйича дунёда 3-ўринда туради. Ҳукумат нафақат ўз талабаларининг хориждаги таълимини молиявий қўллаб-қувватлаш учун пул тиккан, балки бугунги кунда хорижлик талабаларни жалб қилиш учун 10 000дан ортиқ халқаро грантлар тақдим этиб келмоқда. Aйнан шу стратегик ҳаракатлари Хитойнинг юмшоқ куч контекстида бошқа рақобатчиларини орқада қолдиришининг асосий сабабидир. Халқаро мутахассислар таълим бўйича осиёлик талабалар учун Хитойни яхши манзил деб баҳолашади. «Economist» ёзганидек, бой мамлакатлар ўз таълимини сотишмоқда, Хитой эса таълимдан сотиб олиш учун фойдаланмоқда.

Морфологик сўз қоидаларига кўра, ҳар бир сифатнинг зидди мавжуд бўлган ҳолда бизда ўша сифат тасвирлаётган сўзга нисбатан тасаввур пайдо бўлади. Яъни, албатта, Юмшоқ кучнинг Қаттиқ шакли ҳам мавжуд. Жосеф Най қаттиқ кучга урғу бермайди, чунки бу турдаги куч Жаҳон урушларини келтириб чиқарган, Совуқ уруш, қуролланиш пойгаси, атом бомбалари ва инсониятни қурол орқали бўйсундириш деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, қаттиқ куч орқали бошқарув кутилган натижа бермайди. Бу худдики фарзандингизни икки йўл билан назоратга олишга ўхшайди: уриб-уришиб босим қилиш ёки «агар айтганимни қилсанг, шоколад бераман» кўрнишидаги тарбия.

Юмшоқ кучни амалиётда қўллашдан мақсад бевосита давлат имижини шакллантириш ва билвосита унга ташқи кучларни жалб қилиш. Ўқиш мақсадида талабаларни, иш контекстида жисмоний соғлом ишчиларни ёки туризм шаклида сайёҳларни жалб қилиш. Ташриф жозибадорлиги ортида эса мазкур мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ёки иқтисодий режалари бўлиши мумкин. Қайсидир давлат демографиясининг тушиб кетаётганидан хавотирда ва юмшоқ куч орқали аҳоли сонини оширишни мақсад қилади. Яна бошқаси эса маданий контекстда етакчилик қилиш учун юмшоқ кучдан фойдаланади. Ваҳоланки, талабалар учун грант дастурларини ажратиш бу ўша давлатнинг камбағал мамлакат аҳолисига бўлган «сахийлиги» эмас.

Жозеф Най таълимни юмшоқ куч манбаларининг «маданий» тоифасига киритган бўлса ҳам, аммо сўнгги тадқиқотлар ва мақолалар таълимнинг мустақил, ҳаттоки кучлироқ юмшоқ куч атрибути сифатида тасдиқламоқда. Интеллектуал қобилиятга эга қатламгина янги маданият ва тил унсурларини тез ўзлаштира олади, Жозеф Най айтганидек, уларни халқ дипломатиясининг ташувчиси деб ҳисобласа бўлади.

Ҳозирги вақтда таълимни ўз миллийлигини тарғиб қилишнинг энг яхши усули деб ҳисоблайдиган мамлакатлар сони жаҳон миқёсида ортиб бормоқда. Шунингдек, таълим орқали йўлга қўйилган юмшоқ куч нишоналари аллақачон давлат ва ҳукумат қатламида бўй кўрсата бошлаган. Мисол учун, Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Морси олий таълимни Жанубий Калифорния университетида тугатган, Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили эса Жорж Вашингтон университетида таҳсил олган ёки Покистон Бош вазири Беназир Бхутто ва Япония маликаси Масака таниқли Гарвард университети битирувчилари ҳисобланади. Ваҳоланки, бугунги кунда мамлакатимизда ҳам халқаро таълимни тугатган кадрларни яхши иш ўринларига қўйиш урфга кирган. Олий таълимни юмшоқ кучнинг идеал воситаси деб ҳисоблаш мумкин, чунки у ҳозирги дунёни ўзаро боғланган глобал ҳамжамиятда бошқара оладиган муҳим юмшоқ кучни ривожлантиради.

Мамлакатлар умумий ҳисобда юмшоқ куч учун қанча инвестиция киритишини эълон қилмайди. Умуман олганда, юмшоқ куч ҳукуматнинг бошқа йўналишлари каби: ҳарбий, ижтимоий, ташқи ишлар ёки ички ишлари каби алоҳида соҳага ажратилмаган. Бироқ таҳлилчилар Хитой ҳар йили ўртача 10 миллиард АҚШ доллари ҳисобида юмшоқ кучга пул тикишини маълум қилишди. Aгар ушбу рақамларни учта асосий соҳага бўлиш мумкин бўлса, булар Конфуций институти, Буюк Ипак йўли инфратузилмаси ва халқаро олий таълим грантлари бўларди. Бутун дунё бўйлаб ёшлар Хитой тузуми, технологияси ва маданияти ҳақида ижобий нуқтаи назарга эга. Aфрика мамлакатларида эса, аҳолининг аксарияти Хитой маданияти дунёдаги энг яхшиси деб ҳисоблайди.

Шунингдек, таълим туризми деган тушунча ҳам баъзан кўзимизга ташланади. Бу эса айнан ушбу таълим орқали маълум халқаро давлатга борган сайёҳлардан келадиган туристик даромаддир. Таълим туризми нафақат кунлик ижтимоий эҳтиёжлардан келади, балки мавжуд иш ўринларини банд этиш орқали ҳам талабалар мазкур мамлакатдаги молиявий айланмани таъминлайди. Масалан, АҚШда 2022-2023-ўқув йили давомида халқаро талабалар 368 мингдан ортиқ иш ўринларини эгаллаб, мамлакат иқтисодиёти учун 40 миллиардга яқин ҳисса қўшишган. Бундан АҚШ ва Хитой халқаро талабаларни ўз таълимига жалб қилиш учун сарфлаётган инвестицияларидан ҳам кўпроқ фойдага эришаётганини таҳмин қилиш мумкин. Бу эса жорий вақт билан ҳисоблаганда халқаро талабаларнинг таҳсилни тугатганидан кейинги жараёнлари, ҳар қандай ҳолатда ҳам, мамлакат учун ижобий рол ўйнайди. Битирувчилар мамлакатда қолса ҳам ёки ўз юртларига қайтиб кетишса ҳам. Бирида давлат иқтисодий фойда кўрса, бошқаси билан эса юмшоқ куч таъсирини яна давом эттириши мумкин.

Юмшоқ куч ўзининг ҳар қандай кўринишларида ижобий натижа бермоқда. Жосеф Най илм-фанга тақдим этаётган таҳлиллар бундан бир неча 10-20 йиллар олдин йўлга қўйилган юмшоқ кучнинг самаралари эди. Бугун технологик ва информацион жадаллик даврининг «юмшоқ куч» меваларини кейинги 10 йилда кўришимиз мумкин. Ваҳоланки, бизда аллақачон «Aмерика орзуси»га эга авлод шаклланиб бўлган.  

       Барно Дусиярова, журналист

                                                                        

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг