Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент қарори: ёшларни раҳбарликка тайинлаш бўйича янги танлов ташкил этилади

Президент қарори: ёшларни раҳбарликка тайинлаш бўйича янги танлов ташкил этилади

Фото: Facebook / Alisher Sadullayev

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев кеча, 30 май куни «Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Унга кўра, 3 йилда бир марта истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича «Тараққиёт» республика танлови ўтказилади.

Танловда таянч олий маълумотга ва тегишли соҳада раҳбарлик лавозимида камида уч йил иш тажрибасига эга, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган (45 ёш ҳам қўшилган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин.

Республика комиссияси танловни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларга вазирлик ва идоралар, бошқа давлат ташкилотлари вакилларини, шунингдек, етакчи олим ва мутахассисларни, жумладан, хорижий олим ва мутахассисларни жалб этиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.

Танловнинг холисона ва шаффоф ўтказилиши, шунингдек, номзодларнинг сифатли ва холисона танлаб олиниши, қўйиладиган талабларга уларнинг мувофиқлиги учун жавобгарлик Республика комиссияси зиммасига юкланади.

Давлат ташкилотларида меҳнат қилаётган иштирокчиларнинг танловда иштирок этиш даврида уларнинг эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

Танлов ғолибларига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичининг қолган иштирокчиларига эса – энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади. Бунда танлов финал босқичининг қолган иштирокчилари тегишли соҳанинг бошқарув кадрлари захирасига киритилади.

Танлов ғолиблари Академия ҳамда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази базасида тегишли соҳага оид вазирликлар, идоралар, йирик компаниялар раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий юқори малакали мутахассислар ҳамда олимлар иштирокида ўтказиладиган, ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида танловнинг тегишли номинациялари юзасидан стажировка ўташни ўз ичига оладиган «Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури»га мувофиқ уч ойлик курсларда ўқийдилар.

Танлов ғолиблари «Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури»га мувофиқ уч ойлик курсларни ўтагандан кейин тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланади.

Танлов ғолибларини тегишли раҳбарлик лавозимларига тайинлаш юзасидан чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, бошқарув кадрлари захирасига киритилган финал босқичи иштирокчиларининг фаолиятини кейинчалик уларни хизмат бўйича кўтариш ёки раҳбарлик лавозимларига тайинлаш учун мониторинг қилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг умумий мувофиқлаштируви остида амалга оширилади.

Изоҳлар 4

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг