Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яна Андижон, яна суд, яна ҳақоратланган судья...

Яна Андижон, яна суд, яна ҳақоратланган судья...

Фото: «Xabar.uz»

Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг судьяси яна ҳақоратга учради.

Аёлнинг суд биносига келиши ва судьяни ҳақорат  қилишига унинг ўғлига нисбатан бир жувон оталикни белгилаш ва вояга етмаган фарзанди учун алимент ундиришни сўраб фуқаролик судида даъво очгани сабаб бўлди.

Даъво мазмунидан аёл иш бўйича тараф эмаслиги маълум. Чунки, жавобгар у эмас – ўғли, баски, вояга етган шахс ўз хатти-ҳаракатлари учун онаси эмас, ўзи жавоб бермоғи керак.

Аслида, судья суд аёлни эмас, унинг ўғлини чиқартирганди. Чунки, ҳақиқатни аниқлаш  учун «ДНК» экспертизаси талаб қилинар, бунинг учун ўғил (яъниким, жавобгар) тегишли таҳлиллар топшириши керак.

Бундан хабар топган аёл судга ўғлининг ўрнига ўзи келади. Муаммосиз судьянинг қабулига киргач, «ДНК» экспертизаси тайинлагани учун ҳақорат устига ҳақорат ёғдиради...

Бундай воқелик шундайлигича қолиб кетмайдиган бўлди.

Кўп ўтмай, аёлга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисмининг «а» банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси Б.Турдиев раислигида бўлиб ўтган суд мажлиси якунида аёлга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 (олти) баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Жазо бундан ҳам оғрирроқ бўлиши мумкин эди. Бироқ жабрланувчининг (яъники, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди судьясининг) даъвоси йўқлиги, шунингдек, судланувчи аёл экани, ёши ҳам элликни қоралаб қолгани эътиборга олинган.

Ёдингизда бўлса, яқинда худди шундай жиноятни содир этган эркакка 1 (бир) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди.

Аслида-ку, гап жазода ҳам эмас. Гап қонунга бўлган ҳурматда. Судья  ўзича иш кўрмайди. Қонун нимани талаб қилса, шуни  амалга оширади. Унинг иши шу.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг