Ун, ёғ ва шакарнинг нархи «осмонга сапчий бошлади». Xabar.uz суриштируви
Айни кунларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари муҳим маҳсулотлар нархлари ошганидан шикоят қила бошладилар. Айниқса, Россия ва Қозоғистондан кириб келадиган озиқ-овқатлар қимматлагани хабар қилинди.
Xabar.uz мухбири бу мавзуни ўрганиш мақсадида пойтахтдаги бозорларни ўрганди.
Суриштирувнинг асосий объекти бўлган Учтепа туманидаги «Фарҳод» деҳқон бозорида беш литрлик «Затея» ўсимлик ёғи 128-130 минг сўмдан сотилмоқда. Ўсимлик ёғининг ҳамёнбопроқлари 115 минг сўмдан ҳам бор (беш литр ҳисобида).
Ўзини Умиджон дея таништирган сотувчи йигит уч кунгина аввал 130 минг сўмлик ёғ 115 минг сўм атрофида сотилганини, нархлар яна ошиши эҳтимоли борлигини билдирди. Унинг айтишича, бу юклар Россия ва Қозоғистон орқали келаётгани ва ушбу давлатлар қўяётган чеклов билан боғлиқ.
Аввалроқ Россия ўз донини ЕОИИ мамлакатларига экспорт қилишни 30 июнга қадар тақиқлагани, сўнгра, ушбу давлатлардан дон экспортини тўхтатишни сўрагани айтилганди.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта ёғларининг беш литри 100-105 минг сўм атрофида.
Бозорда 25 килолик Қозоғистон олий навли уни 232 минг сўмдан сотилмоқда. Ваҳоланки, бир йил аввал бу нархга эллик килолик олий навли ун сотиб олса бўларди. Беш килолик олий навли «Алтин дан» уни 55 минг сўмга баҳоланган.
«Фарҳод» бозорида арзонлаштирилган ярмарка ҳам йўлга қўйилган, у ерда навбатлар ҳам кузатилмоқда. Бу ерда олий навли ун 5 500 сўм, гўшт 51 900 сўм, товуқ гўшти 26 900 сўм, шакар 9000 сўмдан сотилмоқда.
Картошка нархлари ҳам «қимирлаган». Сифатли янги картошка 8500-9000 сўм (кўпроқ олинса 8000 минг сўмга ҳам беришга тайёрликларини билдиришди). Эски ва майда картошкалар 3500-3000 сўм атрофида.
Мол гўштлари ўртача 70 минг сўм, қўй гўшти эса 85 минг сўмдан сотилмоқда (килограмм ҳисобида). Шунингдек, айрим жойларда 60 минг сўмга ҳам мол гўшти сотилмоқда.
«Ўрикзор» озиқ-овқат бозорида шакар 15 минг сўмгача, ўсимлик ёғи эса 110-135 минг сўмгача сотилмоқда (беш литр ҳисобида).
Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси ҳам аввалроқ ушбу маҳсулотларнинг бозордаги нархларини (минимум-максимум) тақдим этган. Унга кўра, ўсимлик ёғи (1 л) 15 400 – 28 000 сўм, шакар (1 кг) 9000 – 14 000 сўмни ташкил қилган.
Таъкидлаш жоизки, Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, Ўзбекистонга ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, соя данагини олиб кириш, шунингдек, ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш муддати 2022 йил 31 декабргача узайтирилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter