«Толибон» 3 йил аввал Ўзбекистон ҳудудига ўтган ҳарбий техникаларни сўрамоқда
Бир муддат олдин Вашингтон ва Тошкент 2021 йилда Афғонистон ҳарбийлари томонидан Ўзбекистонга олиб ўтилган авиация техникаларини Ўзбекистонда қолдиришга келишиб олгани ҳақида хабар тарқалган эди.
Бу ҳақда хабар тарқатган Sputnik нашри АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеникнинг сўзларини иқтибос келтиради. Унда, жумладан, «ушбу техникалар ҳеч қачон афғонларга тегишли бўлмаган, у ҳар доим Американики бўлган. Улар ундан фойдаланган, аммо биз ҳар доим унинг эгаси бўлганмиз», дейилади.
Ўз навбатида, Афғонистон ислом амирлиги Миллий Мудофаа вазирлиги Жонатан Хеникнинг юқоридаги баёнотига муносабат билдирди.
Қўшни давлат мудофаа вазирлиги «Ўзбекистондаги афғон вертолётлари ва самолётлари тақдирига оид ҳар қандай келишувни қабул қилиб бўлмаслиги»ни таъкидлайди.
«Миллий мудофаа вазирлиги АҚШ афғон халқининг мулкини беришга ёки мусодара қилишга ҳаққи йўқлигини аниқ таъкидлайди. Ўзбекистон ҳукумати бу борада ҳар қандай келишувдан ўзини тийиши кутмоқдамиз.
Яхши қўшничиликни ҳисобга олган ҳолда оқилона қарор қабул қилинг ва ҳарбий ҳаво кучлари самолётларини қайтаришда Афғонистон билан ҳамкорлик қилинг», – дейилади вазирлик муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг августида Афғонистон ҳукумати бошқарувига «Толибон» келганидан сўнг қўшни давлатнинг жами авиация техникаларининг тўртдан бири Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудига қочиб ўтгани айтилади. Хусусан, айрим манбалар Ўзбекистонга «Embraer EMB 314 Super Tucano» ва «Pilatus PC-12» русумли самолётлар ва «UH-60 Black Hawk», «MD-530» ва «Mi-17» русумли вертолётлар олиб ўтилганини ёзади.
Қобул 2022 йилда ҳам Тошкент ва Душанбедан ушбу авиацияни қайтаришни талаб қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter