Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Темир ўпка»ли охирги одам 78 ёшида вафот этди

«Темир ўпка»ли  охирги одам 78 ёшида вафот этди

Фото: mir24.tv

70 йилдан ортиқ умрини «темир ўпка»да ўтказган америкалик ёзувчи ва ҳуқуқшунос Пол Aлександр Далласда вафот этди. 78 ёшли эркакнинг ўлими ҳақида The Independent газетаси GoFundMe нашрига таянган ҳолда хабар берди.

Пол Aлександр 1952 йилда олти ёшида полиомиелит билан касалланган. Касаллик туфайли у деярли бутунлай фалаж бўлиб, ўз-ўзидан нафас олиш қобилиятини йўқотди. Шифокорлар болага трахеостомия – бўйин қисмида сунъий тешик яратиш бўйича жарроҳлик операцияси ўтказиб, уни «темир ўпка» деб номланган махсус нафас олиш аппаратига ётқизишди. Бу қурилма одамнинг ўпкасига ҳаво сўрилиши ва чиқишига имкон берган. 

Болалигини эслаб у бир интервюсида шундай дейди: «Мен гапира олмадим. Мен қичқира олмадим. Мен йиғлай олмадим. Мен ҳеч нарса қила олмадим».

Бола 18 ой касалхонада ётди. Сўнгра у физиотерапевт билан реабилитация бўлимига ўтказилди. Шифокор болага нафас олиш техникасини ўзлаштиришга ёрдам берди: у оғзига ҳаво олиб, уни ўпкага суриш учун тил ҳаракатларидан фойдаланган.

Бир йиллик машғулотдан сўнг, Aлександр уч дақиқа темир қурилмадан ташқарида қолишни ўрганди ва уч йил ўтгач, глоссофарингеал нафас олиш қобилиятини ривожлантириб, кетма-кет бир неча соат давомида «темир ўпка»сиз ишлай олди. Бундан ташқари, вақт ўтиши билан америкалик гапириш қобилиятини тиклади.

21 ёшида у Далласдаги ўрта мактабни ҳеч қачон шахсан қатнашмаган ҳолда тамомлаган биринчи одам бўлди. 1978 йилда Техас университетида бакалавр даражасини олди. У 1984 йилда ҳуқуқшунослик факултетида ўқиди ва ўнлаб йиллар давомида шу касбда ишлади. Бир неча йил давомида у кўпинча куннинг кўп қисмини темир ўпкадан ташқарида ўтказди, аммо капсулани ҳеч қачон бутунлай тарк эта олмади.

«Техас университетига ўтганимда, улар темир ўпкам тўхтаб қолади деб ўйлаб даҳшатга тушишди, лекин мен буни уддаладим ва ётоқхонага олиб келдим, ётоқхонада темир ўпкам билан яшадим», дейди у ўзи ҳақидаги биографиясида.

Касаллигига қарамай, Aлександр касбида муваффақиятларга эришди. Ўнлаб йиллар давомида у ўз мижозларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилди –  судда адвокат бўлиш орзусини амалга оширди, уч қисмли костюм ва фалаж бўлган танасини тик ушлаб турадиган мослаштирилган ногиронлар аравачасида мижозларни ҳимоя қилди.

Касалхонада шифокорлар Полни ўз-ўзидан нафас олишга ҳаракат қилишга ундашди, машинани ўчириб, уни мажбуран ташқарига чиқаришди, лекин кўп вақт ўтмай, у кўкариб, ҳушидан кетди.

У ҳолатига қарамай самолётда учган, мустақил ўзини эплаган, севиб қолган, черковда ибодат қилган, океанни кўрган.

У, шунингдек «Ит учун уч дақиқа: темир ўпкадаги ҳаётим» номли шахсий хотирасини нашр этди. 155 бетлик мемуар пухта ишлаб чиқилган ва уни тўлдиришга беш йил вақт кетган – Александр ҳар бир сўзни оғзидаги таёққа маҳкамланган қалам билан ёзган.

Пол Александрнинг 2015 йилда  темир ўпкасида носозлик бошланган. Яъни аппарат учун махсус қисмлар топилиши муаммога айланган. Лекин хайриятки, YouTube видеоси ёрдамида вентилятор тузатилди.

Энг ҳайратланарлиси у вирусга жуда заиф деб таснифланганига қарамай, Covid-19 пандемиясидан ўтиб омон қолди.

2020 йилда режиссёр Митч Суммерсга берган интервюсида Пол шароитларига қарамай, ҳеч қачон ўзидан воз кечмаганини айтди: «Қаерда бўлишингиздан, ўтмишингиз қандай бўлишидан ёки қандай қийинчиликларга дуч келишингиздан қатъи назар, сиз ҳақиқатан ҳам ҳамма нарсани қила оласиз. Шунчаки, ўз мақсадингизни аниқлаб кўп меҳнат қилишингиз керак».

Сўнгги йилларда Александр соғлиғи ёмонлашгани сабабли капсулада кўпроқ вақт ўтказишга мажбур бўлди.

2023 йилда Aлександр бир нашрга берган интервюсида барча замонавий технологиялардан кўра «эски ёрқин нафас олиш аппарати»ни афзал кўришини айтди. У ҳаётини ўтказишга мажбур бўлган аппаратни  меҳр билан ўзининг «эски локомотиви» деб атади.

2020 йилда Aлександр темир ўпкада энг узоқ умр кўрган шахс сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг