Теҳронда ҲАМАС етакчиси ўлдирилди: тафсилотлар
ҲАМАС етакчиларидан бири Исмоил Ҳания 31 июлга ўтар кечаси Теҳронда ўлдирилди. Унинг ўлими ҳақида Фаластин ҳаракатининг ўзи, шунингдек, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси хабар берди.
ҲАМАС баёнотида айтилишича, Ҳания ва унинг қўриқчиси Исроилнинг Эрон пойтахтидаги қароргоҳига уюштирган ҳужумида ҳалок бўлган.
Al Mayadeen телеканалининг даъво қилишича, Ҳания бўлган уй бошқа давлат ҳудудидан ракета зарбасига учраган, бироқ унинг ўлими сабаблари ҳали расман эълон қилингани йўқ. ҲАМАСнинг юқори мартабали вакили Муса Абу Марзук Ҳаниянинг ўлдирилишини «қўрқоқлик» деб атади ва бу жавобсиз қолмаслигини айтди. Ғарбий Соҳилни бошқараётган Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос ҳам Ҳаниянинг ўлдирилишини қоралади.
Исроил расмийлари Ҳаниянинг ўлими юзасидан ҳозирча расмий баёнот бергани йўқ. Бир кун аввал Ливан пойтахти Байрутга зарба бериб, Ҳизбуллоҳ ҳаракатининг юқори мартабали қўмондонларидан бири Фуад Шукрни ўлдирган Исроил мудофаа кучлари вакили CNN телеканалига ҲАМАС етакчисининг ўлими ҳақидаги хабарни изоҳлашдан бош тортди. Ҳаниянинг ўлдирилиши ҳақида гапирган ягона расмий Исроилнинг Қуддус ишлари ва мероси вазири Амикай Элияху бўлиб, у вазиятни «дунёни бу ифлосликдан тозалашнинг тўғри йўли» деб баҳолади.
2019 йилдан бери Қатар ва Туркияда қувғинда яшаб келаётган Ҳания Теҳронга янги сайланган Эрон президенти Масуд Пезешкианнинг инаугурациясига келган эди. The New York Times газетасининг ёзишича, қотиллик арафасида Ҳания Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий билан ҳам учрашган.
62 ёшли Исмоил Ҳания Ғазо секторидаги Ал-Шати қочқинлар лагерида туғилган. Ғазо ислом университетида араб адабиёти бўйича таҳсил олган ва кейин исломий ҳаракатга қўшилган. 2006 йилда Ғазо секторида ҲАМАС ҳокимиятга келганидан сўнг, Ҳания қисқа муддат Фаластин миллий маъмурияти бош вазири лавозимида ишлаган. Орадан бир йил ўтмай, Маҳмуд Аббос Ҳанияни ишдан бўшатди, бироқ у Ғазо секторидаги гуруҳ раҳбари бўлиб қолди. 2017 йилда Ҳания ҲАМАС сиёсий бюросини бошқарган. У бу лавозимга 2021 йилда қайта сайланган.
Исроилда Ҳания икки марта - 1987 йилда норозилик намойишларида қатнашгани учун ва яна 1988 йилда 3 йилга ҳибсга олинган. 1992 йилда озодликка чиққан ва Ливан жанубига депортация қилинган.
Исмоил Ҳанияни бошқа ҲАМАС етакчилари билан бирга 2023 йил 7 октябрда Исроилга қилинган ҳужум учун жавобгар ҳисоблашади. Ўша ҳужум натижасида 1200 дан ортиқ исроиллик ҳалок бўлгани ва 250 дан ортиқ киши гаровга олингани айтилади. Улардан баъзилари ҳамон Ғазо секторида ҲАМАС қўли остида қоляпти. Тутқунларни озод қилиш борасида Қатар ва Миср воситачилигида музокаралар олиб бормоқда. Исроил расмийлари ҲАМАСнинг бошқа етакчилари қатори Ҳанияни ҳам ўз ҳужумлари нишони сифатида бир неча бор тилга олган.
2024 йил апрелида Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторига уюштирган ҳужуми натижасида Ҳаниянинг уч ўғли ҳалок бўлди. Қатарнинг «Ал-Жазира» телеканали хабарига кўра, зарба Ғазо яқинидаги «Аш-Шати” қочқинлар лагерига берилган. Ҳаниянинг ўзи ўғиллари ва бир қанча невараларининг ўлимини тасдиқлади. У, шунингдек, уруш бошланганидан бери унинг оиласининг 60 аъзоси ҳалок бўлганини қўшимча қилди.
Исроилда Ҳания гаровга олинганларни озод қилиш ва Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралардаги асосий шахслардан бири саналади. Журналист Барак Равид (Исроилнинг энг тажрибали сиёсий журналистларидан бири) Ҳаниянинг ўлими музокараларга сезиларли таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди. Bloomberg ҳам Ҳаниянинг ўлими музокараларни издан чиқариши мумкинлигини ёзди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter