Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Театрдаги ноёб касб эгасининг бир куни (видео)

Гулбаҳор Абдуллаева, 

Ўзбек Миллий академик драма театрининг фахрий ходими. 

Суфлёр.

«Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони мукофоти соҳибаси. 

Театрда катта-кичик касб эгаси йўқ. У ерда фақат фидойилар бўлади! Театр одами бўлмоқлик эса, қисмат!

Театрда бир ноёб касб борки, бу – суфлёрлик. У доим парда ортида, сирли ижод қилади, томошабин уни пайқамайди ҳам. Лекин спектаклни унингсиз тасаввур этиш мушкул.

Танишинг, Гулбаҳор Абдуллаева! Суфлёр!

Келаси йил унинг театрдаги фаолиятига 40 йил тўлади.

Театр унинг ҳаётига, у эса театрнинг қадрдонига айланган.

Бу инсонни театрнинг азалий, муқаддас қадриятларини бугунги кун замонавий театрига олиб ўтаётган кўприкка қиёсладим... Ҳа, театрда шундай инсонлар бор экан, шундай инсонлар ижод қилар экан, театр доим тирикдир!

У бизни бир кунлик иш кунини кузатишга таклиф этар экан, ҳикоясини шундай бошлади:

— Эслайман, илк бор театрга 6 ёшимда борганман. Бу «Ҳамза» номидаги Академик драма театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри)нинг аввалги биноси эди. Тоғам ўша театрда саҳна устаси бўлиб ишлардилар. Ўша куни «Бой ила хизматчи» спектаклини кўрганман. Яйра Абдуллаева Жамилани,  Шукур Бурҳонов эса Ғафурни ижро қилишган. Улғайгач, уларнинг кимлигини, атоқли артистлар эканлигини кейин билганман.

Кейинчалик ҳам, онам – Каримахон опа шу театрнинг гардероб қисмида ишлаганликлари учун уларга эргашиб, театрга кўп келиб турардим. Талабалик пайтим ўқишдан кейин онамга қарашардим.У пайтда спектакллар  соат етти яримда бошланарди.

Театрга 1985 йилда ишга келганман. Дастлаб «Пардозхона» бўлимида пардоз устаси – Валентина Абдуқундузова қўлларида тажриба орттирдим. Вақт ўтиб, театрнинг ўша пайтдаги директори Санъат Девонов: «Либослар» бўлими сал оқсаяпти, шу бўлимдагиларга ёрдамлашсангиз, –  деб қолдилар. Шу тариқа, 1992 йилдан «Либослар» бўлимида ишимни давом эттирдим. Орада «Реквизит» бўлимида ҳам тобландим. 1996 йилга келиб, театрнинг суфлёри, устозим– Икромова Маҳбуба опа нафақага кетаётганликлари сабаб, ўринларини менга ишониб топширдилар. Шундан бери то бугунгача  суфлёрлик вазифасида ишлаб келаман.

Мутахассислигим бўйича ўқитувчи бўлиб, оз муддат ишлаган бўлсам-да, театрдан узилиб кетолмадим! Ёшлигимда кўп қизлар сингари актриса бўлишни эмас, балки режиссёр бўлишни хоҳлаганман. Тўғри, режиссёр бўлмадим, лекин барибир, театрдаман! Муҳими шу! Ўйлаб қоламан, касбимни мен эмас, касбим мени танлагандек гўё. Бир томони, касбимга бўлган  севгим қондан ўтган бўлса керак, деб тақдирнинг ишига суюнаман! Ўзбек театрининг асосчиларидан, атоқли театр арбоби – Маннон Мажидов Уйғур онамнинг тоғаси бўлади. Болалигимдан бу ҳақида эшитиб, катта бўлдим. Ўшандаёқ театрга ғойибона асир бўлгандирман балки...  

Битта курси ва митти чироқ ёғдуси– бу менинг кичик театрим! Ҳар куни ҳар хил ҳаяжон билан шу мўъжаз гўшамга шошаман!

Касбимни завқли томони шундаки, суфлёр спектаклнинг илк томошабинидир! Актёрларни яқиндан ҳис қилиб турасиз. Спектакль давомида бутун ижодий жамоа ҳар сафар имтиҳондан ўтади. Мана шу лаҳзалар ҳаяжони учун ҳам касбимни ўзгача яхши кўраман. Актёрлар ва режиссёрлар спектакль ҳақидаги фикрим билан доим қизиқишади. Мен ҳам саҳна ортида худдики, улар билан бирга роль  ижро этаман. Пьесалардаги сўзлар ёд бўлиб кетган! Томошабин сифатида спектаклга келган куним ҳам залдан туриб, хаёлан асар сўзларини пичирлаб ўтираман.

Сиз суфлёрнинг қандай ишлашини кўрмагансиз, чунки, томоша залидан уни кўриш имконсиз. Лекин мана шу лойиҳани тайёрлашда биз суфлёрнинг иш жараёнига яқиндан гувоҳи бўлдик.

Буни сиз ҳам  xabar.uzнинг youtube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Лобар Қобилова суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг