Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Судан Россиянинг сўровини рад этди

Судан Россиянинг сўровини рад этди

Судан Россиянинг Қизил денгиз соҳилида, Порт-Судан ҳудудида ҳарбий денгиз базаси ташкил этишга доир сўровини рад этди. Хартум ҳукумати Россия билан яқин ҳарбий ҳамкорлик ортидан Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ санкциясига дучор бўлишдан хавотир сабаб шундай қарорга келган.

Россия Порт-Суданда ҳарбий денгиз базаси ташкил этиш борасида 2019 йилдан буён музокара олиб боради. 2020 йил декабрь ойида бу бўйича битим ҳам имзоланган. Аммо Судан раҳбари Умар ал-Башир ҳокимияти ағдарилгач, мамлакатнинг янги ҳукумати Москва билан битимни ратификация қилмади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг 2023 йил феваль ойида Хартум шаҳрига ташрифидан кейин томонлар битим бўйича якуний келишувга эришгани хабар қилинганди. Аммо эндиликда Судан Россия ҳарбий базасидан буткул воз кечгани аён бўлмоқда.

Жорий йил 8 декабрь куни Сурия президенти Башар Асад ҳукуматидан кетгач, Россиянинг Тартус ва Хмеймимдаги ҳарбий базалари тақдири номаълум бўлиб қолмоқда. Суриянинг янги маъмурияти Россия базаларини бадарға қилгудек бўлса, Москва Яқин Шарқдаги ягона ҳарбий таянчидан маҳрум бўлади. Шу боис Россия ўз ҳарбий базаси учун Қизил денгиз соҳилини мақбул вариант деб кўраётганди.

Экспертларга кўра, Қизил денгиз соҳилида ҳарбий флотни жойлаштириш Кремлга Ҳинд океани, шунингдек, Сувайш канали йўналишида назорат имконини берар эди.

Маълум бўлишича, Россия Судан раҳбариятини ўз таклифига кўндириш учун замонавий ҳарбий техника, жумладан, С-400 зенит ракета тизимини таклиф қилган. Аммо расмий Хартум Ғарб билан муносабатларга совуқчилик тушишидан чўчиб бу таклифни инкор этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг