Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нурбек Алимов

Оз нарсани қурбон қилган одам, оз нарсага эришади. Кўп нарсани хоҳлаган одам эса кўпроқ нарсадан воз кечиши кераклигини билади.

Сир сақланаётган сирлар ортидан яна сирлар пайдо бўлмоқда

Сир сақланаётган сирлар ортидан яна сирлар пайдо бўлмоқда

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖнинг 57,118 фоизлик давлат улуши сотувга қўйилганлиги сотиш эса ўта махфий ва сирли равишда ўтказилаётганлиги бўйича кўплаб чиқишлар бўлди.

Ўзбекистон журналист ва блогерлари қанча жар солишмасин, ҳеч ким изоҳ беришни истамади. Саволлар борган сари кўпайиб бормоқда. Аммо жавоб берадиган бирор мард топилмаяпти. Бу махфийлик эса назаримда ижтимоий тармоқларда айтилган гумонларни ҳам ҳақиқат эканлигини исботламоқда.

Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот котиби Мўминжон Ибодов журналист ва блогерлар учун махсус матбуот анжумани ваъда қилган эди. Аммо матбуот анжуманини бир ўзи ўтказиб қўя қолди. Матбуот анжумани эмас, фақат Uzreport каналига камера олдида «стендап» қилиб қисқагина бир нималарнидир ўқиб берган. Буни реклама ҳуқуқи асосида янгилик сайтларига чиқарган. «Стендап»да ўқилган ҳисоботдан ҳеч нарса тушунмадим. Балки ўзи ҳам тушунмагандир.

Давлат активларини бошқариш агентлиги мутасаддилари шу жойда ўзларининг ноҳақ эканлигини исботлади, холос. Агар ҳақ бўлганда, «любойинг келовр, қайси бирингда қандай савол бор?, босларинг» дея журналист ва блогерлар оғзига тескари шапалоқ тортворган бўларди.

Айтишларича, Давлат активларини бошқариш агентлиги 5 март куни «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖнинг 10 нафар раҳбар ходимларини ишдан бўшатиб янги раҳбарларини қўйибди. Бу ҳаракат Кока-коланинг сотилишидаги махфийликни янада мустаҳкамлаш учун ташланган навбатдаги қадамдек. Биз шундай тушундик, буни бошқача тушуниб бўлмайди. Ҳолбуки, агентликка Бекенов раҳбарлик қилган пайтда у агентлик ихтиёрига вақтинча ўтадиган ҳеч бир активда ходимлар бўшатилмайди дея айтиб ўтгани ҳам бизга етиб келган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги хорижий ташкилот билан ҳамкорликда бошқариладиган қўшма корхона раҳбарини алмаштиргани бўйича ҳеч қандай маълумот ҳам бермади. Уларни тушунса бўлади. Аммо бўшатилганлар ҳам сукут сақламоқда.

Маълумотларга кўра, раҳбарларни алмаштириш жараёни ҳам махфий тарзда ўтказилиб, кейинчалик ҳам қатъий сир сақланиши талаб этилган.

Бундан кўринадики, Кока-кола бўйича омма тахмин қилган сирлар янада «жозибали» кўриниш олмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг