Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон баёнот билан чиқдилар (фото)

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон баёнот билан чиқдилар (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон олий даражадаги музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот билан чиқдилар.

Ўзбекистон Президенти Тожикистон Президенти ва халқига ҳар доимгидек илиқ ва самимий қабул учун дилдан миннатдорлик билдирди.

Томонлар дўстлик ва ишонч муҳитида ўтган олий даражадаги учрашувлар якунларини юксак баҳоладилар.

- Яна бир бор таъкидлайман, Тожикистон Ўзбекистон учун энг яқин, ишончли, асрлар билан синалган стратегик шерикдир. Биродар ўзбек ва тожик халқлари кўп асрлик дўстлик ришталари билан чамбарчас боғланган. Бизни умумий тарих, маданий ва маънавий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар бирлаштириб туради, - деди Шавкат Мирзиёев.

Қардош халқларимизнинг туб манфаатларига тўлиқ мос бўлган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши ушбу ташрифнинг чинакам тарихий натижаси бўлгани қайд этилди:

- Бу қадам билан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик ва иттифоқчиликни чуқурлаштириш бўйича ортга қайтмас йўлдан юришга қатъий интилишимизни тасдиқладик. Ушбу муҳим ҳужжат, ҳеч муболағасиз, икки томонлама муносабатларда янги тарихий даврни англатади.

Савдо ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамкорликнинг устувор йўналиши этиб белгиланди.

Кейинги йилларда бир неча ўн карра кўпайган товар айирбошлаш барқарор ўсиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Икки мамлакат ҳукуматлари  олдига товар айирбошлашни, шу жумладан учинчи мамлакатлардан импортнинг ўринини фаол тўлдириш орқали 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Куни кеча ўтган бизнес форумида салмоқли шартномалар ва битимлар тўплами имзолангани ушбу мақсадга хизмат қилади.

Шунингдек, “Ойбек-Фотехобод” чегараолди эркин савдо зонаси ва “Андархон” савдо-логистика марказини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Олий даражадаги учрашувлар чоғида саноат кооперациясида, энг аввало, икки мамлакат бир-бирини тўлдириб турган анъанавий тармоқларда янги ўсиш нуқталари белгилаб олинди.

Машинасозлик, энергетика, электротехника, металлургия, қазиб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа устувор тармоқлардаги қўшма лойиҳалар шулар жумласидан.

Бундай муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компаниясининг салоҳиятидан самарали фойдаланилади.

Сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш соҳасида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.

Ҳамкорликнинг яна бир стратегик йўналиши – икки мамлакат транспорт-транзит салоҳиятини ошириш учун қулай шароитлар яратиш.

Йўловчи ва юклар ташиш ҳажмини ошириш, замонавий чегараолди ва божхона инфратузилмасини яратиш бўйича қўшма чоралар кўрилади.

Ҳудудлараро ҳамкорлик салоҳиятини фаол ишга солиш зарурлиги қайд этилди.

Кўргазмалар, театрларнинг ижодий сафарлари, ёшлар ва таълим форумларини мунтазам ўтказиш, спорт дастурларини амалга ошириш, туризм хизматларини кенгайтириш орқали маданий-гуманитар алмашинувни чуқурлаштириш масалалари музокаралардан муҳим ўрин эгаллади.

Томонлар ушбу тарихий ташриф, унинг самарали натижалари ва имзоланган муҳим ҳужжатлар икки мамлакатнинг жадал тараққиётига хизмат қилиши, биродар Ўзбекистон ва Тожикистон халқларининг умумий фаровонлигини таъминлашига ишонч билдирдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг