Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

СамДУда жиддий ўзгаришлар бўлади — Президент қарори эълон қилинди

СамДУда жиддий ўзгаришлар бўлади — Президент қарори эълон қилинди

Фото: «UPL.uz»

Бугун, 13 январь куни «Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди:

Қарорга кўра:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ–5847-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ижросини босқичма-босқич таъминлаш ҳамда Самарқанд давлат университетини илмий-технологик ва ижтимоий ривожлантириш, рақобатбардош илмий ва педагогик кадрлар тайёрлаш, флагман олий таълим муассасаси даражасига олиб чиқиш мақсадида:

1. Самарқанд давлат университетига атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов номи берилди.

2. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида (кейинги ўринларда – Университет) Трансформация офиси ташкил этилади.

Трансформация офиси қуйидагилар учун масъул этиб белгиланди:

Университетни трансформация қилиш ва комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш ҳамда 2026 йилга қадар халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатга киритиш;

Университет фаолиятини рақамлаштириш ҳамда таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни жорий этиш;

Университетни танитиш бўйича миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоғи ва бошқа воситалар орқали тарғибот тадбирларини ўтказиш.

Қарорга кўра, Трансформация офиси раҳбари лавозими бўйича Университет проректорига тенглаштирилди.

Қуйидагилар:

2022-2025 йилларда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетини комплекс ривожлантириш дастури;

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетини 2025 йилга қадар ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари;

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети мутахассислик кафедраларини илмий-тадқиқот муассасалари, тармоқ корхоналари ва ташкилотларига бириктириш жадвали тасдиқланди.

Университет таркибида қуйидагилар ташкил этилади:

агрономия, биотехнология ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида кадрлар тайёрловчи Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти (кейинги ўринларда – Агробиотехнологиялар институти);

муҳандислик, автоматика, мехатроника, робототехника, рақамли электроника, электротехника, машинасозлик, материалшунослик ва янги материаллар технологияси соҳаларида кадрлар тайёрловчи Муҳандислик физикаси институти (кейинги ўринларда – Муҳандислик институти);

педагогика, ахборот технологиялари ва ҳудудда кадрларга эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳаларда кадрлар тайёрловчи Университетнинг Ургут филиали (кейинги ўринларда – Филиал).

Қуйидагилар Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиалнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

меҳнат бозорида рақобатбардош, амалий кўникмаларни эгаллаган олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, таълим жараёнига илғор педагогик ва масофавий таълим технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;

ўқув режаларини тегишли соҳаларнинг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини ҳисобга олган ҳолда шакллантириш, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларининг замонавий моддий-техника базасини яратиш;

ўқув жараёнини талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга йўналтириш;

илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш ташкилотларининг муаммоларини ечишга қаратилган илмий, амалий ва инновацион тадқиқотларни ривожлантириш;

таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни жалб этиш, республика ҳамда етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

талабаларга таълим олиш ва илмий фаолият билан шуғулланиш учун шарт-шароит яратиш ҳамда чет эл фуқаролари учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш;

илмий-педагогик салоҳиятни ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли республика ва хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш.

Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиалда таълим фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади ҳамда ўқув жараёни кредит-модуль тизими асосида олиб борилади;

Университетнинг агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида таълим олаётган талабалар ўқишини Агробиотехнологиялар институтида давом эттиради;

Университетнинг физика ва математика факультетлари таркибидаги амалий бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида таълим олаётган талабалар ўқишини Муҳандислик институтида давом эттиради;

Филиал Ургут туманидаги умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларига илмий-услубий ёрдам кўрсатиб боради;

Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институтининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисоби Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган Университетнинг шахсий ғазна ҳисобварақларида юритилади, Филиал эса Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;

Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиал директори, директор ўринбосари меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдорлари бўйича тегишли равишда олий таълим муассасаси филиали директори ва филиал директори ўринбосарига, бошқа ходимлар эса олий таълим муассасалари ходимларига тенглаштирилади;

Агробиотехнологиялар институти, Муҳандислик институти ва Филиал фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатлар, жумладан, бино ва иншоотларни таъмирлаш ва жиҳозлаш – Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қарор асосида:

Агробиотехнологиялар институтини Самарқанд тумани, Гулобод қўрғонидаги Университет ҳузуридаги Гулобод агротехнологиялар техникумининг бир қисмига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш;

Муҳандислик институтини Самарқанд шаҳри, Хишрав қўрғонидаги Университет ҳузуридаги Ядро физикаси лабораторияси ҳудудининг бир қисмига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида вақтинча жойлаштириш;

Филиалга Самарқанд вилояти, Ургут тумани, Вағашти маҳалласида жойлашган Ургут иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш кўзда тутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг