Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россиянинг Украинадан кейинги нишони очиқланди

Россиянинг Украинадан кейинги нишони очиқланди

Фото: AFP

Россия президенти Владимир Путин ҳарб майдонида Украинани мағлуб этгудек бўлса, НАТОга қарши уруш очади, деб ҳисоблайди хавфсизлик бўйича Мюнхен халқаро конференцияси раҳбари Кристоф Ҳойсген.

«Путин бир неча бор Cовет Иттифоқининг парчаланиши ва руслар Россиядан четда қолиб кетганини XX асрнинг катта фожиаси деб атаган. Агар Путин Украинада мағлуб этилмаса, у Молдовага қадар ёки Болтиқ мамлакатларига қадар келишини кутишимиз керак», – дейди Кристоф Ҳойсген «Rheinische Post» газетасига берган интервьюсида.

Сиёсатчига кўра, Путин собиқ СССР чегараларидаги катта давлатни тиклашга уринмоқда. Шунга мувофиқ у Ғарб давлатларини Украинага керакли қурол-аслаҳа ва ҳарбий кўмак бериш учун барча имкониятни ишга солишга ундаган.

16-18 февраль кунлари Мюнхенда ўтадиган анъанавий анжуманда ҳам Украинага кўмак масаласи диққат марказда бўлади.

Кейинги вақтларда Россиянинг НАТОга эҳтимолий ҳужуми ҳақида очиқ баёнотлар янграмоқда.

Бир ойча аввал Германия мудофаа вазири Борис Писториус мамлакат Россия билан ҳарбий можарога тайёрланиши кераклигини айтганди.

Германия федерал разведка хизмати раҳбари Бруно Каль ҳам Ғарб давлатлари ўз мудофаа қобилиятини ошириш борасида қатъият кўрсатмаса, Москва НАТОга ҳужум қилади деб ҳисоблайди. Жосуслик идораси раҳбари фикрича, рус қўшинининг Украинадаги ғалабаси Путиннинг НАТО давлатларига ҳамласи эҳтимолини оширади.

Аввалроқ Америкадаги Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) Болтиқбўйи мамлакатлари Кремлнинг Украинадан кейинги нишони бўлади деган тахминни илгари сурган.

Фараз ва тахминлар амалий ҳаракатга ҳам ундамоқда. Германия НАТО ва Россия ўртасидаги уруш режасини ишлаб чиқмоқда. Берлин сценарийсига кўра, қуролли зиддият 2025 йилнинг ёзида бошланиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг