Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россиялик зобитнинг Бухорода кўрган-кечирганлари ва ғаройиботлар

Россиялик зобитнинг Бухорода кўрган-кечирганлари ва ғаройиботлар

Унинг назарида ўлкада кўрган-кечирганлари, шу даврдаги Европага қиёслаганда, қолоқлик ҳолатида эди. Аммо шарққа хос ғаройиботлар ҳам мавжуд бўлиб, бу аҳолининг турмуш кечиришида, касбу корида яққол акс этарди. Шу боис у маккорона нигоҳларини халқнинг ҳаёти, кайфияти, иш фаолиятига бурди. Бутун диққат-эътиборини Бухорога қаратган бу жаноб Мейендорф эди...

Александр Казимирович Мейендорф (1798–1865) россиялик аслзодалар оиласига мансуб барон, касб-корига кўра эса геолог, дунёнинг кўплаб давлатларини кезган сайёҳ бўлган. Шунингдек, серқирра фаолиятга эга бу зот империя армияси бош штабининг зобити ҳам эди. Мейендорф штабда ишлаётган пайтида Россиянинг Бухоро амирлигига юборган миссияси сафида 1825 йил ўлкада бўлди.

«Бухоро чилангарлари аксарият ҳолларда ишсиз ўтиришади, чунки қулф-калит, оташкурак, бошқа майда-чуйда темир-терсак буюмлар Россиядан келади. Темир қиммат туради, шу боис ундан ясалган буюмларни авайлаб ишлатишади», деб ёзган эди кейинчалик у сайёҳат ҳақидаги китобида.

Табиийки, ҳарбий, қолаверса, давлат штаби зобити сифатида Александр Казимировични бухороликларнинг қурол-яроғи қизиқтиради: «Қуролсозлар пўлатдан бемалол милтиқ стволи ясай оладилар, аммо ўт олдиргични тайёрлаш қўлларидан келмайди, улар қўлидаги ҳамма милтиқлар эса пилтали», дейди ўз китобида кузатишларини қайд этган Мейендроф. У Бухоронинг Кашмир, Қашқар, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Россия ва яқиндаги Тошкент, Қўқон билан савдо, дипломатик муносабатлари борасида амалга оширилган ишлар ва элчилик алоқаларини ҳам ўрганиб, буни ўз нуқтаи назаридан ёритганди.

Россиялик зобитни ажаблантиргани деҳқонлар бўлган. «Экинзорларни ишлашда бухороликлар зўр маҳорат ва фаоллик намойиш этадилар. Улар ерга меҳр билан қарашади, бирор парча ер йўқки, ишланмаган бўлсин. Бухоролик деҳқонлар яхши тупроқ қидириб, узоқ-узоқларга борадилар, кейин ўша тупроқни ўз далаларининг паст-баланд жойларига ётқизиб, текислаб қўядилар. Тўғонларнинг қаддини кўтариш ва экинзор атрофини тўсиб қўйиш учун ҳам узоқдан ташиб келтирган тупроқдан фойдаланишади».

Мейендорф етиштириладиган экинлар ҳақида ҳам ёзиб қолдирган: «Биз Бухорода Европада ҳам ўсадиган лавлаги, карам, шолғом, йирик донадор сабзи, пиёз, бодринг ҳамда пўчоғи кўк, ичи оқ қовунларни кўрдик.картошка билан артишок (ўтсимон полиз ўсимлиги) Бухорода учрамайди».

Европани кезган сайёҳ – Александр Казимирович саноат билан шуғуллангани учун айни пайтда бўёқчилик соҳасига ҳам қизиқди. Унинг ёзишича, «бўёқчилик билан, асосан, яҳудийлар машғул, улар ранго-ранг бўялган ипак ҳам сотадилар. Бунинг учун ишлатиладиган катта қозонлари, одатда , ер билан баробар туради. Айрим бўёқлар бутунлай қайнаши, бошқа хиллари эса бир оз ишлатилган бўлиши керак. Айниқса, кўк бўёқ кўп ишлатилади, ҳатто, матони кўк тусга бўяшда ҳам шу бўёқдан фойдаланадилар, газламалар ҳеч қачон қоп-қора ранга бўялмайди. Сандал дарахти пўстлоғи матони кўк ва зангори рангга бўяшда қўлланилади. Бу дарахт Оренбургдан келтирилиб, йўл ҳақи асл ҳақидан икки баробар қиммат туради. Мазкур бўёқ тез ўчиб кетади, шу боис ипак газламалар бундай бўёққа бўялмайди.

 Пушти ранг бўёқ ҳосил қилиш учун Бухорода ўсадиган махсар гули яхшилаб қайнатилади. Тўқ қизил бўёқ тайёрлаш учун эса рўзон кўчатининг шохи қайнатилиб, сўнг кошениль (қизил бўёқ олинадиган ҳашарот танаси) билан қориштирлади».

Ўша пайтда Россия саноати Ўрта Осиё пахтасига эҳтиёж сезарди. Мейендроф бу соҳанинг Бухородаги ҳолатига ҳам қизиқиб кўради. Унинг ёзишича, «бутун бошли Бухорода биттаям каттароқ корхона йўқ, борларида ҳам тўрт-беш нафардан зиёд одам ишламайди. Мамлакатда чиқариладиган асосий маҳсулотлардан бири пахтани ишлаш, айниқса, толани чигитдан ажратиб олишга кўп меҳнат сарфланади. Бу иш бўйи бир фут (яъни, 30,5 см), эни ярим фут келадиган мўъжазгина ёғоч дастгоҳда бажарилади. 40 фунт (қадоқ) пахта чаноғидан 10 фунт тола чиқади, ундан 20 кор (30,2 метр) газлама тўқилади. Пахтани чигитдан тозалашда, асосан, аёллар ишлайди, уларнинг тирикчилиги ҳам шундан. Ип газламанинг бир қисми бўёқчилар, бошқа қисми унга гул босувчилар қўлига келиб тушади, учинчи бўлаги мамлакатнинг ўзидан ортмайди, жами аҳоли бу ерда, асосан, ип газламадан тикилган кийим кияди».

Хуллас, Мейендорф жаноблари 1825 йили Бухорода бўлганида барча соҳаларга эътибор қаратиб, чор империяси учун зарур маълумотларни тўплай олди. Бу хизматлари эътироф этилиб, у сайёҳатдан қайтганидан сўнг Россия мануфактура ва савдо кенгаши раиси лавозмини эгаллади. Кўрган-кечирганлари асосида эса «Россия элчиларининг Оренбургдан Бухорога сайёҳатининг қисқача тафсилоти» номли китоб ёзиб, 1826 йили Парижда француз тилида нашр эттирди. Китобнинг айрим боблари Россиядаги «Северний архив» ва «Мануфактура и торговля» журналларида чоп қилинган.

Шу тариқа, Александр Казимирович чор империяси нуқтаи назари ва манфаати учун амирликка келган ҳамда халқ ҳаётини кузатган бўлса-да, у ёзган китоб орқали Франция ва Россия аҳолиси XIX асрнинг 20-30 йилларидаёқ Бухоро ҳақида маълумотга эга бўлди. Биз учун эса Мейендорфнинг китоби бошқа манбалар билан таққослаб, ватанимиз тарихини ўрганишга хизмат қиладиган асар ёзиб қолдирган муҳим.

Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг