Россияда йўловчи поезди изидан чиқиб кетди
Поезд вагонларининг рельсдан чиқиб кетишига унинг юк машинаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлган. Ўнлаб одамлар, жумладан, юк машинаси ҳайдовчиси жароҳатланган, улар касалхонага ётқизилган.
Волгоград вилоятида Қозон-Адлер йўловчи поездининг тўққиз вагони рельсдан чиқиб кетди. Дастлабки маълумотларга кўра, поезд ҳалокатига рельсга чиқиб кетган юк машинаси билан тўқнашув сабаб бўлган.
Сўнгги маълумотларга кўра, 140 дан зиёд одам жароҳат олган. Ўн беш киши, жумладан, уч бола касалхонага ётқизилган.
«Россия темир йўллари» юк машинаси ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузгани маълум қилган.
«Локомотив бригадаси кўрсатмаларга мувофиқ ушбу ҳолат юзасидан барча зарур чораларни кўрди. Поезд ҳайдовчиси шошилинч тормозни қўллаган, бироқ масофа қисқа бўлгани учун тўқнашувнинг олдини олишнинг иложи бўлмаган. Поезд тезлиги 65 км/соат бўлган», — дейилади компания хабарида.
Ички ишлар вазирлиги расмий вакилининг айтишича, юк машинаси ҳайдовчиси касалхонага ётқизилган.
Воқеа жойида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 300 дан ортиқ мутахассислари ва 100 дан ортиқ техника воситалари ишламоқда.
Волгоград губернатори Андрей Бочаровнинг айтишича, поезднинг 20 вагонидан тўққизтаси рельсдан чиқиб кетган. Поездда жами 812 киши бўлган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вертолётлари ва тез тиббий ёрдам самолётлари тайёр ҳолатга келтирилган.
Тергов қўмитаси у ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter