Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон халқини табриклади
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 16 декабрь – Мустақиллик куни муносабати билан мамлакат халқига йўллаган табригида ҳурриятдан юксак бойлик йўқлигини таъкидлади.
«Бу кун халқимизнинг озодлик орзуси рўёбга чиққан, давлатчилик анъаналаримиз тикланган кундир. Ана шундай қутлуғ айёмда аждодларимиз меросига доимо содиқ бўлиш, эл-юрт истиқболи учун катта масъулият билан ёндашиш муҳимлигини барчамиз чуқур англаймиз. Зеро, мустақиллигимиз ҳамма учун муштарак қадрият ва барча ютуқларимиз замирида турган бебаҳо бойликдир. Мустақиллигимиздан юксак ҳеч нарса йўқ. Уни кўз қорачиғидек асраш ҳар бир фуқаронинг фарзандлик бурчидир», – дейилади табрикда.
Қозоғистон стратегик мақсадлари аниқ давлат сифатида эртанги кунга ишонч билан қадам ташлаётганини урғулаган Қ.Тўқаев халқнинг машаққатли меҳнати ва ҳамжиҳатлиги муваффақият омили бўлаётганини қайд этган.
«Бирлигимиз, жамиятдаги тинчлик ва барқарорликни асраб-авайлаш орқали барча қийинчиликларни енгамиз ва тараққиёт йўлида янги чўққиларни забт этамиз», – дейилади қутловда.
Қозоғистон Мустақиллиги куни (Тәуелсіздік күні) давлат байрами саналади. 1991 йил 16 декабрда «Қозоғистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида»ги конституциявий қонун қабул қилинган ва мамлакат суверен тараққиёт йўлини танлаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter