Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қўрқоқ хўжайин ва миллион долларлик зарар

Қўрқоқ хўжайин ва миллион долларлик зарар

Агар онг-шуурнинг салбий қурилмалари муваффақият сари йўлингизни тўсаётган бўлса, энди бу вазиятни ўзгартириш фурсати етди. Салбий фикрлайдиган одам ҳар қандай муаммо ёки халақит беришни енгиб бўлмас тўсиқ сифатида қабул қилади. Ижобий идрокли инсон эса нафақат тўсиқни бартараф этиш йўлларини топади, балки уни ўзининг фойдаси манбаига айлантиради.

Луизиана штатида катта ер майдони сотувга қўйилганди. Харид учун иккита талабгор бўлиб, бири қўшни майдон эгаси эди. У жуда паст нархни тавсия қилди, чунки савдога қўйилган ер бамбук ниҳоллари билан қопланган, ўзининг фикрича, бу жойдан амалда фойдаланиб бўлмас, яроқсиз эди.

Бошқа харидор икки баравар зиёд нархни таклиф этди. У ер майдонини сотиб олгач, бамбукларни қирқиб, улардан балиқ овлаш учун қармоқ ясашда фойдаланди. Кейин шундай катта пулга сотдики, фойдаси ер майдонини сотиб олишга кетган маблағни деярли қоплади.

Фарқини кўряпсизми? Бундай ижобий тафаккур муваффақият учун имконият яратади. Айни пайтда салбий фикрлаш эса уларни нари итаради, ундан ҳеч қандай фойда чиқариб олиш мумкин эмас. Ҳатто бундай имконият ёнма-ён бўлса ҳамки, сира нафи бўлмайди.

Ф.В.Вульворт тутқичлар сотиладиган дўконда оддий хизматчи бўлиб иш бошлади. У мол-мулк йиллик рўйхатга олинганда дўконда бир неча минг доларлик эскирган моллар тўпланиб қолганига эътиборини қаратди. Улар амалий жиҳатдан яроқсиз эди. Вульворт дўкон эгасига бу молларни сотиб юбориш ва шу йўл билан туриб қолган товарлардан халос бўлишни таклиф этди. Хўжайин рад этди, аммо Вульворт худди бошқа ижобий фикр юритувчи одамлардек қатъий талаб қиладиган саботли, матонатли одам эди. У токи хўжайин бу режани амалга ошириб кўрмагунча ёнидан кетмади.

Эски молларнинг ҳар бирини ўн центдан нархлашди. Моллар шу қадар тез сотилдики, Вольворт яна битта шундай савдо ўтказишга рухсат олди. Бунинг муваффақияти аввалгисидан кам бўлмади.

Шундан сўнг Вульворт дўкон эгасига у билан бирга пайлар асосида яна бир дўкон очишни, унга жиҳозлар келтириб беришни таклиф этди. Бунинг учун бошланғич маблағ қўйиш керак эди. аммо хўжайин худди олдингидек бу ғояни ҳам рад этди. Вульвортга сотиш учун бутун бошли дўкон ҳам етмайди, деган баҳонани важ қилиб олди.

 Натижада Вульворт ўзи мустақил равишда худди шундай дўкон очишга муваффақ бўлди. Кейин эса дўконларнинг бутун бошли тармоғини ривожлантиришга асос солди. Орадан бир неча йил ўтгач, мўйсафид Вульвортнинг эски хўжайини шундай деди: «Образли қилиб айтадиган бўлсам, Вульвортнинг ҳар бир режасини рад этган сўзларим менга салкам миллион доллар зарар бўлиб тушган».

Салбий фикрлаш ҳамиша шундай хусусиятлар, яъни қўрқув қатъиятсизсиз, гумонсираш, ишни тобора ортга суришга мойиллик, қаҳр-ғазабга миниш кабилар билан ёнма-ён ҳамроҳ бўлиб юради. Улар одамларни зарурий, ёқимли имкониятлардан нари суриб, тобора узоқлаштиради. Ижобий ички қурилмалар эса ўзида ишонч, ғайрат-шижоат, шахсий ташаббус, ички интизом, тасаввур ва мақсаднинг аниқлигини қамраб олади. Бу хусусиятлар одамларни ҳамда ажойиб имкониятларни ўзига жалб этади.

Дарвоқе, ички ижобий қурилмани қай тарзда сақлаш ва қўллаб-қувватлаш мумкин? Сиз ҳар қандай режа тузиш ва ҳар қандай мақсадга интилишда «буни албатта қилиш керак» деган позициядан туриб ўйланг ва худди шу тарзда ёндашинг. Шу билан бирга ҳар бир ишда юзага келадиган турли тўсиқларни енгиб бўлади, деб ишонинг. «Ҳеч нима қилиб бўлмайди» деган хулосани бир умрга унутинг, вассалом!

(Наполеон Хилл китобидан)

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг