Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қонунда янгилик. Энди дафн этиш учун нафақа Давлат бюджетидан ажратилади

Қонунда янгилик. Энди дафн этиш учун нафақа Давлат бюджетидан ажратилади

Фото: «Xabar.uz»

«Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (ЎРҚ–584-сон, 14.11.2019 й.) Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қонун билан 10 дан ортиқ қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати қуйидаги 2 та фаолият тури билан тўлдирилди:

  • Тўлов тизими операторларининг фаолияти;
  • Тўлов ташкилотларининг фаолияти.

Шунингдек, «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонун утилизация йиғимини назарда тутувчи модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғини ва атроф муҳитни  транспорт воситаларидан ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида утилизация йиғими тўланади.

Бундан ташқари, «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, вафот этган шахсни дафн этиш учун нафақа эндиликда Давлат бюджети ҳисобидан берилади.

Илгари Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан берилган.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Қонуннинг тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятининг лицензияланишига оид қисми  «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонун кучга кирган кундан эътиборан амалга киритилади.

Утилизация йиғими назарда тутилган нормалар мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг