Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қатиқ зардобига бош ювган дунё гўзали, бир новвоснинг пули бўлган коктейль: Чехиядаги бир  оқшом сурури...

Қатиқ зардобига бош ювган дунё гўзали, бир новвоснинг пули бўлган коктейль: Чехиядаги бир  оқшом сурури...

Чехиянинг Карлови Варисида айни сайёҳлик мавсуми палласи. Бу ердаги энг серҳашам ресторанда ноодатий бир кеча. Шоҳона безатилган залда ажиб бир ҳарорат ҳукмрон. У худди Боттичелли асарларидаги каби нафис декорациялар билан безатилган, ҳар бир нуқта ўзгача кўриниш олган, шаффоф ойнаванд шифтда мафтункор чех осмони тўлалигича ўз гўзаллигини намойиш этиб турибди, нақшинкор деворларга алвон ва оппоқ атиргуллар шунақа моҳирлик билан ўрнатилганки, худди улар тош орасидан униб чиқаётгандек, ёйинки эркка талпинган ботиний ҳислар акси ила бетакрор латофат бахш этиб турибди. Ўттиз нафардан ортиқ оркестр иштирокчилари жамлигидаги ижро этилаётган сеҳрли оҳанглар залга тўрт томондан ўрнатилган махсус овоз кучайтиргичлардан шундай майин тараладики, улар бутун вужудингиз орқали сингиб, онгингизни асир этиб, ажиб лирик туйғулар бахш этади. Ижрода француз композитори Пол Марианинг машҳур симфонияларидан бири. Ресторан мижозлари бир неча ойлар аввал ўзлари буюртма қилган жойларини орзиқиб эгаллай бошлашди. Шу лаҳзаданоқ барча дунёвий омиллар муаллақ ҳолатга тушдию, жилоланган вақтнинг бу бўшлиғи латиф бир таъсирчанлик касб этиб, атрофни бахт гармонлари эгаллай бошлайди.

Қаршимдаги столда кўзни қамаштирувдек мафтункор бир хоним ўтирар, эгнида бинафша рангидаги узун либоси, каратлар билан ўлчаниладиган ёрқин тақинчоқлари билан жуда ҳамоҳанг эди. Либоснинг тепа қисмлари очиқ бўлиб, ўша жойларига моҳирлик билан оппоқ ҳарир тўр қопланган ва бу унга сирлилик ва ўзгача улуғворлик бағишларди. Тўр ичидан кўринаётган оппоқ  нафис  бўйин ва елкалар унга денгиз марваридидек сирлилик касб этар ва бу қаноатсиз кўзларни яна ўзига чорлайверар эди. Оппоқ ва ғуборсиз бу вужуд туғма гўзаллик билан бирга йиллар давомида сайқалланиб,шундай бетакрорликка эга бўлганмикан? Маълумотларга кўра, жаҳон миқёсида ўтказиладиган гўзаллик танловлари иштирокчиларини тайёрлаш учун йиллаб уларнинг организми керакли витамин, минераллар билан бойитилар экан, юз тиниқлигида акс этадиган ҳар бир омил ҳисобга олиниб, ҳатто ичаклар деворидаги шлаклар тинимсиз ювиб борилиши ва микрофлоралар яхшиланиши ва яна қанча соғломлаштирувчи муолажалардан кейин мўъжизали коктейллар ичирилар, шу орқали тери ранги янада тиниқлашар, идеал қомат юзага келар экан. Аммо зимдан кузатаётганим — бу гўзал аёл шунча амалларни қилган эканми ёки яратганнинг инъоми ила унга ҳадсиз шу чирой ато этилган эканми?! Унинг узун тимқора сочлари оппоқ елкалар узра паришон ёйилган ва олд қисмига қистирилган жилоли тож худдики севги маъбудаси Афродитанинг сочига тақилган гулчамбар мисоли турибди. Ажабо, унинг вужуди ҳам айнан Афродитаники каби — афсоналарга кўра, унинг танаси денгиз мавжларидан яралган экан.

Дастлаб қанақадир ички ғурур билан ўзимни ўша “Афродита”га бефарқдек кўрсатишга интилдим. Сабр ила, унинг гинали нигоҳларига номаълум матонат билан, гўё бепарводек, рестораннинг ойнавандидан тикиламан. Ташқаридаги майин томчилаётган ёмғир ўзгача шукуҳли кўринар, бу тасвир ва ичкаридаги муҳит ифодалаб бўлмас даражада ажойиб эди.

Ниҳоят, бардошимни жиловлай олмай, ёнимга ресторан хизматчисини чақириб, чойчақа қистираман-у, у аёл ким экани билан қизиқаман. Қуюқ чойчақадан шод хизматчи зум ўтмай қўлимга бир парча қоғозни тутқазди. Англадимки, қаршимдаги гўзалнинг миллати грек, ўзи Швецияда яшайди. У Чехияга онаси билан келган (катта эҳтимол билан оилали эмас, ёлғиз). Энг қиммат пансионатга жойлашган, қизиғи, ўзи билан пардозчисини ҳамроҳ қилиб келган экан. Демак, бу мўъжизали қўнғироқ сочлар ўша ҳамроҳнинг меҳнати маҳсули. Шу сочларга термиламан-у, хотиримдаги яна бир ўхшашлик йилт этиб ёдимга тушади, беихтиёр ёшлик пайтларни ёдимга оламан. Эсимда, қишлоғимиз гўзали Нигоранинг сочлари ҳам худди шунақа жозибали эди. Умрида бирор марта соч бальзами ёки дазмоли ишлатмаган оддий қишлоқ қизининг сочлари “афродита”никидан кам эмасди. Бу икки гўзал сочларининг муштараклиги сабабларини йиллар ўтиб, англагандек бўламан. Ўзимни онамда кўрганим каби кўпгина қишлоқ аёлларида бир яхши урф бор бўлиб, улар ёш қизчаларнинг сочини қатиқ зардобида ювиб парваришлайди. Бунинг нечоғлиқ фойдали эканига эса яқинда дунёга машҳур француз парфюмерия компанияси шампуни таркибида айнан шу қатиқ зардоби борлигини билгач амин бўлдим. Фақат у махсус воситалар ёрдамида кукунга айлантирилиб, кейин қўшилар экан. Микроэлементларга бой бу қўшимча соч илдизини мустаҳкамлаб, соғлом жилосини таъминлар экан. 

Қизиғи, бир марталик соч турмаги фалон минг евро турадиган юнон гўзалининг ҳам, қатиқ зардоби воситасидаги шифобахш амалларни адо этган қишлоқ гўзалининг ҳам қарашлари бир-бирига жуда ўхшаш эди. Иккиси ҳам ўзига тикилаётган нигоҳларни ич-ичидан сезиб, ниманидир ҳис этиб турар, фурсат кутиб, ўша кузатувчи нигоҳлар чекинганига амин бўлгачгина, қисқа синчков назар ташлар, кейин яна ҳушёрлик билан кўзларини бошқа нуқтага олиб қочар эди.

Ўшанда Нигора  яшайдиган кўк дарвозали уй мен учун аллақандай сирли, мавҳум ва етиб бўлмас ажабтовур бир маскан эди. Эсимда, бир сафар қорли  оқшом эди. Мен  доимгидек таниш кўк дарвоза қаршисида эдим. Нигора келганимни сезиши учун кўча четида ғамланган ғўзапоя ғарамидан чўпларни суғуриб, оппоқ қорларга ҳарфлар тераман, шу тарзда дил изҳори ёзиб кетаман. Аммо ўшанда қор остида қолиб кетган бу изҳор каби, қайсар ғурур туфайли муҳаббат ҳам изҳорсиз, қалбда мангу қолиб кетган эди...

Шу изтиробли хаёллар билан қаршимдаги мафтункор хилқатга кўз ташладиму, ғурурни енгиб, кескин жасорат билан унга илтифотли имо қилдим, у назокат билан жавоб қайтарди. Шунда бир шаҳд билан девордаги ғунчалардан узиб, мўъжаз гулчамбар ясадиму, қалин салфеткага “Афродитага – сарҳуш Дионисдан” деб ёздим. Хизматчига шуларни Франция классикаси ҳисобланган Мoet/Chandon шампань виноси билан бирга олиб боришини буюрдим. Афродита шампань ва гулчамбарга, энг асосийси, мактубга мамнуният билан табассум изҳор этди. Бир пайтлар Наполеон этиборига сазовор бўлган ўша шампань тўлдирилган қадаҳини мамнун ва ажиб ишора билан секин ҳўплаб қўйди. Унга жавобан қўлимдаги Тинч уммонидан келтирилган қанақадир денгиз ўти ва тансиқ мевалар уйғунлигида тайёрланган коктейлдан ҳўплайман. Бир ҳўплами катта бир новвосни пулидан қиммат бу ноёб ичимликдан ўзгача бир таъм қидираман. Аммо қачонлардир болалигимиздаги ичган, қадрдон таъмли ўша лимонаддан афзал жиҳатини тополмайман. Шунда беихтиёр яна хотираларим билан беихтиёр болалик томон юзланаман.

Болалигимизда қизиқ бир урф — тўйларда лимонад ўғирлаш одати бўларди. Қишлоқда кимникида тўй бўлишини(у вақтлар ҳамма тўйлар ҳовлиларда ўтарди) аввалдан кўпчилик билар, шу аснода болалар ўртасида лимонад ўғирлаш операцияси режаси тузиларди. Операция энг олғир, уддабурон жўрабоши томонидан тузилар,ҳар бир иштирокчига қатъий вазифалар қўйиларди.

“Ҳошим аканинг тўйида сен қайси вазифани бажарасан”, суриштириб қолди жўрабоши. ”Ўтган сафаргидек сусткашлик қилмассан, чалғитувчи бўласанми ёки олиб қочувчи”?  Кимдир бу нохуш вазифадан бўйин товласа борми, болаларнинг “ширин” даврасидан четда қолиши тайин эди. Шу  сабаб кўпчилик бу “завқли” ишга бош қўшишга мажбур эди.

Тўй куни келиб, операция ташаббускорлари даврани зимдан кузата бошлади. Ҳамма иштирокчиларга столлар ва ўлжа олиш нуқталари тақсимланди. Мен чалғитувчи вазифасидаман ва стол қаршисида журъатсиз туриб, махсус имо-ишорани, операция вақтини кутаман. Не кўз билан кўрайки, стол қўриқчиси вазифасида ўзимнинг акам. Оппоқ кўйлак, қора шим кийган, қўлида лимонад очқич мослама ва сочиқ. Олтита столда “лимонад операцияси” бир пайтда бошланиши лозим. Режа аниқ. Чалғитувчи вазифасидаги бола қўриқчига помидор отади ва у ўзи билан андармон бўлган чоғ, бошқа биров лимонадни олиб қочади. Ана, махсус ишора берилди, табиийки мен турган стол ёнида операция амалга ошмади. Ўз акамнинг оқ кўйлагига помидор ирғитмадим. Аммо нариги столларда, нималардир содир бўлди. Давра четидан жўрабоши ишни дўндириб, иккита лимонадни олиб қочди. Доим танбеҳ ва таҳдид билан чекланадиган қўриқчи бу сафар уни қатъий таъқиб қила бошлади, аммо лимонадхўр ҳам бўш келай демасди. У йўл-йўлакай лимонадлардан бири очиқ эканини билиб қолди ва сабри чидамай ундан ютоқиб ича бошлади. Шу аснода қўриқчи унга етиб олиб, елкасига мушт тушира бошлади. Лимонад лаззатидан баҳраманд жўрабошимиз, елкасига тушаётган залворли муштга ҳам парво қилмай, шишани қўяй демасди. Озғин гавдаси мушт зарбидан қалтис силкиниб кетар, у эса бор эътиборини шишага қаратиб, ўзини эмас, шишани авайлар эди...

Ниҳоят, тўйхонадан амаллаб чиқиб, келишилган таниш манзилда йиғиламиз, олтита эмас тўрт дона шиша ўғирлашга эришибмиз. Гуруҳ аъзолари операциянинг мен каби ношуд қатнашчиларига бироз гинали эътироз билдиришса-да, ўлжани бирга баҳам кўра бошлашди. Шишалардаги лимонад қолмагунча давра бўйлаб айлана бошлайди. Барчамизни биргина нарса — шишалар тугаб қолиши чуқур хавотирга соларди.

Шуларни энтикиб хотирлар эканман, ҳозирги ҳолатим билан ўша ўтган дамларимни таққос этаман. Бутун онгу шуурим билан хулоса қилишга уринаман ва ҳаёт лаззатларию, бахтли лаҳзалар аслида олис-ғурбатдаги ҳашаматда ёки дабдабада эмас, балки одатий ўтаётган ғанимат лаҳзаларимизда эканини, чинакам эйфория эса ўша ғўзапоя ғарами ортида ёки лимонадлар ичилган маккажўхори даласида қолганини ҳис этиб қоламан.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг