Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқи бериш шартлари эълон қилинди

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқи бериш шартлари эълон қилинди

Фото: «Ҳуқуқий ахборот» канали

«Фуқароларни ижтимоий қўллаб қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Президент Фармони қабул қилинди.

 Мазкур Фармон уй-жойга доир ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишда кўмаклашиш мақсадида қабул қилинган.

Фармон билан фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди.

Унга кўра, 2019 йил 1 майгача мазкур Фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга, яъни ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахсга қуйидаги шартлар асосида:

  • ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлса;
  • ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлса, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса эътироф этилади.

Фармонда, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайдиган аниқ ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилди.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи:

  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этиладиган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича комиссиянинг тақдимномасига кўра туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан;
  • умумий мулк ҳуқуқи ҳақидаги фуқаролик ва оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидаларига амал қилиш шарти билан;
  • энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик йиғим тўлангандан кейин амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда мулкдорга у қурилган ер участкасига (участканинг бир қисмига) қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиб, ортиқча қисми Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 121-моддасида назарда тутилган жарима солинмасдан захира ерларига олиб қўйилади.

Шунингдек, Фармонда бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагунга қадар:

  • судларга ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиб ташлаш бўйича даъво киритишни тўхтатиб турилишини, қонун ҳужжатларига асосан турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашган ер участкасида (участканинг бир қисмида) қурилган объектлар бундан мустасно;
  • судларнинг турар жой сифатида фойдаланилаётган ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиб ташлаш тўғрисидаги кўриб чиқилаётган даъволар ҳамда ижро қилинмаган қарорлари бўйича белгиланган тартибда келишув битимлари тузилишини таъминлаш назарда тутилган.
    Ҳужжатнинг тўлиқ матни матбуотда эълон қилинди.

 

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг