Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Президенти Ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларини табриклади

Ўзбекистон Президенти Ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларини табриклади

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 25 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади.


Ҳурматли ички ишлар тизими ходимлари!

Қадрли офицер ва генераллар, сержант ва сафдорлар!

Муҳтарам фахрийлар!

Сиз, азизларни бугунги қутлуғ касб байрамингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қувончли айёмда сизларнинг халқимиз осойишталигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги катта хизматларингизни яна бир бор миннатдорлик билан эътироф этамиз.

Ҳозирги кунда «Барча ислоҳот ва ўзгаришлар — инсон қадрини улуғлаш учун» деган эзгу тамойил асосида бутун юртимизда фуқароларимиз учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришга қаратилган улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, уларни эл-юрт манфаатлари йўлида хизмат қиладиган халқчил ва профессионал тизимга айлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларимиз, ҳеч шубҳасиз, муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, сўнгги йилларда барча маҳаллаларда хавфсиз, тинч ва осойишта муҳит яратиш, ҳудудларда илғор тажриба ва амалиётларни жорий этиш бўйича муҳим натижалар қўлга киритилаётганини таъкидлаш лозим.

Хусусан, Хива туманининг Истиқлол маҳалласи намуна сифатида белгиланиб, шу асосда 314 та криминоген вазияти оғир маҳаллада рақамлаштириш жараёни тўлиқ амалга оширилди. Ёнма-ён жойлашган, криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларни кичик ҳудудларга ажратган ҳолда, уларда янгича иш услублари орқали жамоат тартибини сақлаш бўйича Наманган шаҳар тажрибаси яратилди.

Профилактика, патруль-пост ва пробация хизматлари инспекторларининг фаолиятига замонавий рақамли технологиялар ва техник воситаларни кенг жорий этиш, ходимларнинг билим даражасини ошириш орқали ҳудудларда хавфсиз муҳит яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, Бухоро вилоятида маҳаллалар жамоат жойларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун кичик ҳажмдаги дронлардан фойдаланиш тажриба тариқасида йўлга қўйилди.

Энг муҳими, биз ёш авлодимизнинг соғлом ҳаёти ва келажагини таъминлаш учун гиёҳвандликнинг олдини олиш, ёшларда бундай воситаларга нисбатан кучли иммунитетни шакллантириш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасига, айниқса, интернет тармоқлари орқали тарқалишига чек қўйишга қаратилган миллий стратегиямизни қабул қилдик ва уни қатъий ижро этишга киришдик.

Ана шундай ислоҳотлар натижасида жиноятчиликни жиловлаш бўйича ёндашувлар тубдан ўзгарди. Ҳуқуқбузарлик содир этиши ёки ундан жабрланиши мумкин бўлган фуқароларни профилактика инспекторлари вақтида аниқлашлари ҳамда мавжуд муаммолар “маҳалла еттилиги” томонидан самарали ҳал этилиши учун ижтимоий профилактика тизими ва унинг ижтимоий-ҳуқуқий механизмлари яратилди. Жиноятчиликка оид тенденцияларни комплекс илмий ёндашувлар асосида аниқлаш, тизимлаштириш ва салбий омилларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги тизимида Ўзбекистон Криминология тадқиқот институти иш бошлади.

Қайд этиш лозимки, республикамизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Мисол учун, Буюк Британиянинг Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан ўтган йили эълон қилинган рейтинг кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон жаҳоннинг 121 та мамлакати орасида энг хавфсиз давлат деб тан олинди. Бундай ютуқ бизга мамнуният бағишлаш билан бирга, катта масъулият ҳам юклайди.

Азиз дўстлар!

Тизим ходимларининг касб маҳоратини ошириш, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масаласи ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Бу жараёнда, аввало, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган ҳамда криминоген вазияти оғир бўлган туман ва маҳаллаларда хизмат қилаётган ходимлар меҳнатига алоҳида аҳамият берилиб, улар учун муносиб хизмат ва турмуш шароитлари яратилмоқда.

Албатта, бугунги шиддатли тараққиёт асрида ички ишлар органларининг кундалик фаолиятини инновацион ёндашувлар, рақамли технологиялар ва илм-фан ютуқларига таянган ҳолда ташкил этиш — мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни янада мустаҳкамлашнинг муҳим омили эканини сизлар яхши тушунасиз.

Шунинг учун тизимда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишларни бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз. Жумладан, янги турдаги жиноятлар ҳамда ахборот воситалари ёрдамида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда таъсирчан механизмларни қўллаш, криминоген вазият бўйича “қизил” тоифада бўлиб келаётган маҳаллаларда илмий ёндашувлар асосида жиноятчиликни жиловлаш юзасидан манзилли иш олиб боришимиз, тергов сифатини ошириш орқали аҳоли ўртасида бу соҳада адолатга бўлган қатъий ишончни шакллантиришимиз лозим.

Мухтасар айтганда, ички ишлар тизимидаги ўзгаришларнинг амалий натижасини халқимиз ўз кундалик ҳаётида доимо сезиши, ҳис этиши шарт.

Ҳурматли соҳа ходимлари!

Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азизларга ўз хизмат бурчингиз ва муқаддас қасамёдингизга доимо содиқ қолиб, Ватанимиз ва халқимизга фидокорона хизмат қилиб келаётганингиз учун чин дилдан ташаккур билдираман.

Ҳеч шубҳасиз, сизларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатингизни муносиб рағбатлантириш келгусида ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибор марказида бўлади.

Ушбу қутлуғ айёмда эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур соҳа ходимларининг хотирасини ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этиб, уларнинг оилалари ва фарзандларига байрам табригимиз ва эзгу тилакларимизни йўллаймиз.

Сизларни Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни билан яна бир бор самимий қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилаларингизга бахт-саодат, тинчлик ва файзу барака, масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг