Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ноябрда Тошкент шаҳрида уй савдоси ҳажми йиллик кесимда 8 фоизга ошди — ПМТИ

Ноябрда Тошкент шаҳрида уй савдоси ҳажми йиллик кесимда 8 фоизга ошди — ПМТИ

Фото: Xabar.uz

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари томонидан 2022 йилнинг ноябр ойида Тошкент шаҳрида уйларнинг нархи қанчалик ўзгарганлиги таҳлил қилинди.

2022 йилнинг ноябр ойида Тошкент шаҳрида уй савдоси ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан ўртача 8 фоизга (7 814 тадан 8 408 тага) ошган.

Мазкур даврда уйнинг 1 кв. метри учун нархлар ўртача 27 фоизга ошган, яъни ушбу кўрсаткич 2021 йилнинг ноябр ойида 849 АҚШ долларини ташкил этган ва 2022 йилнинг ноябрида 1 078 АҚШ долларига етган.

Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида уйнинг 1 кв. метри нархи ўртача кўрсаткич (1 078 доллар)дан сезиларли даражада юқори ҳисобланади. Хусусан, Миробод туманида — 1 285 доллар (+20 фоиз), Яккасарой туманида — 1 178 доллар (+9 фоиз), Шайхонтоҳур туманида — 1 144 доллар (+6 фоиз), Мирзо Улуғбек туманида — 1 137 доллар (+6 фоиз), Юнусобод туманида — 1 117 доллар (+4 фоиз). 

Маълумот учун: 2022 йилнинг 9 ойида Тошкент шаҳри бўйича ўртача иш ҳақи 5,9 миллион сўмга етиб, 2021 йилнинг мос давридагига нисбатан 32,5 фоизга ўсган. Ушбу даврда йиллик инфляция даражаси 12,2 фоизни ташкил этгани ҳисобга олинса, реал иш ҳақи 20,3 фоизга ошган. Ушбу даврда сўмнинг 1 АҚШ долларига нисбатан алмашинув курси 10 672,30 сўмдан 10 973,39 сўмга (2,8 фоиз) ўзгарган. 

2022 йилнинг ноябр ойида ўртача таъмирланган 2 хонали хонадон нархи ўрта ҳисобда 55,7 минг долларни ташкил этди (2021 йилнинг ноябрида — 41,6 минг доллар). Тошкент шаҳрида уй-жойга бўлган талабнинг ошишини, бир томондан, яшаш учун ижтимоий инфратузилмаларнинг нисбатан яхшироқ эканлигии билан изоҳлаш мумкин.

Таъкидлаш керакки, туғилиш коэффициенти ҳам сезиларли даражада ошган, яъни, Тошкентда бир аёлга тўғри келадиган болалар сони 2010 йилда 1,99 ни ташкил этган бўлса, 2021 йилда ушбу кўрсаткич 3,02 га етган. Мазкур кўрсаткич ҳам оиланинг кенгроқ майдонга эга хонадонга кўчиб ўтиш истагини шакллантиришда аҳамиятли бўлиши мумкин.

Мамлакатимизда туғилиш даражасининг нима сабабдан юқори бўлганини аниқлаш мақсадида ПМТИ томонидан 2022 йилнинг сентябр ва октябр ойларида сўров ўтказилди. Унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи 25-45 ёш оралиғида бўлган, 3 нафар ва ундан кўп фарзанди бор 200 нафар аёл иштирок этди. Сўровда қатнашганларнинг 43,8 фоизи фарзанд кўришга қарор қилишида асосий сабаб сифатида саломатлигининг яхшиланишини, 43,8 фоизи эса оилавий шароитининг яхшиланишини кўрсатган.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича давлат дастурлари кўламининг кенгайтирилиши уй бозоридаги фаолликнинг сақланиб қолаётганига асосий сабаб бўлмоқда. 2022 йил 9 ойи мобайнида банклар томонидан аҳолига 10,3 триллион сўм миқдорида ипотека кредити ажратилган. Бу эса 2021 йилнинг мос давридагига нисбатан 68 фоиз кўп, демакдир.

Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси (ЎзИҚМК) маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 4-чорагидан 2022 йилнинг 3-чорагигача бўлган даврда берилган ипотека кредитларининг 73,1 фоизи Молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан, 16,8 фоизи банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ва 10,1 фоизи ЎзИҚМК маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.

ПМТИ олдинги шарҳида Тошкент шаҳрида уй-жой нархларининг тез суръатларда ўсишини мазкур бозорнинг спекулятив хусусиятга эга эканлиги билан изоҳлаганди. Бу уй нархларининг ошиб бориши талаб нуқтаи назаридан фарзандлар сони, даромад ва миграция омилларидан ташқари, аҳоли жамғармаларини инвестицияларга йўналтириш бўйича молиявий воситаларнинг чекланганлигидан далолат беради, яъни, мамлакатимизда капитал бозорининг ривожланмаганлиги узоқ муддатли жамғармаларга эга аҳоли қатламининг ортиқча маблағларини уй-жой учун инвестиция сифатида йўналтиришига сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга глобал миқёсда уй-жой нархлари тушиши кузатилмоқда. Буни яшаш учун бирламчи харажатларнинг ошганлиги, фоиз ставкасининг кўтарилиши ва ишсизлик даражасининг ошиши билан изоҳлаш мумкин.

Изоҳ: Ушбу таҳлил учун маълумотлар www.olx.uz сайтидан веб-скрепинг (web-scraping) усули ёрдамида олинган. 2020–2022 йиллар учун тўпланган 113,5 мингта кузатув ўрганилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг