«Нидерландиялик Трамп» куракда турмайдиган таклиф билан чиқди
Нидерландиялик сиёсатчи Герт Вилдерснинг Фаластин халқи ҳақ-ҳуқуқларини поймол этувчи баёноти ортидан Иордания ташқи ишлар вазирлиги мазкур мамлакат элчисига норозилик нотаси топширди.
Гап шундаки, популистлиги ва зиддиятли чиқишлари сабаб «нидерландиялик Трамп» деган лақаб орттирган Герт Вилдерс яқинда Исроил–Фаластин муаммосини фаластинликларни Иорданияга кўчириш орқали ҳал этиш ташаббусини илгари сурди. На халқаро ҳуқуққа, на инсонийликка тўғри келадиган бу таклиф Фаластин халқининг мустақил давлатчилик ҳуқуқининг ошкора рад этилишидир.
«The Jordan Times» нашрига кўра, Иордания ТИВ Г.Вилдерснинг иддаосини кескин қоралаган ва Нидерландия ҳукуматидан бу баёнотни рад этувчи аниқ позиция намойиш этишни талаб қилган.
Аввал хабар берганимиздек, Нидерландияда 2023 йил 22 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловида ўта ўнг сиёсатчи Герт Вилдерснинг «Озодлик партияси» (PVV) энг кўп овоз тўплади.
61 ёшли Вилдерс ашаддий исломофоб сифатида танилган. У Нидерландияда масжидлар ва Қуръони каримни тақиқлаш, давлат муассасаларида ҳижоб ўрашни ман этиш тарафдори. Вилдерс мусулмонларнинг муқаддас китоби ва пайғамбари ҳақида туҳмат ва ҳақорат мазмунида баёнотлар бериб келади.
Кейинги вақтларда Исроил ҳукумати вакиллари ҳам фаластинликларни сургун қилиш ҳақида очиқ-ошкора баёнотлар бермоқда. Хусусан, 2024 йил бошида Фаластинга нисбатан радикал қарашлари билан танилган молия вазири Бецалель Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Ғазо аҳолисини сургун қилиб, ҳудудни эгаллаш ҳақида гапирди.
Ушбу хатарли таклиф Кнессетнинг (Исроил парламенти) миллий хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси Цвика Фогель тилида ҳам янграган.
Аввалроқ Буюк Британиянинг «The Guardian» газетасида чоп этилган мақолада Исроил ҳукумати 2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган урушдан фойдаланиб, Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисини мажбурий равишда Мисрнинг Синай ярим оролига кўчириш ва шу орқали ҳудудни босиб олишни кўзлаётгани ҳақидаги тахмин илгари сурилган эди. Фаластиннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавад Муҳаммад Авад ҳам айни шу хавотирли режа ҳақида гапирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter