Нетаняҳуни ўз қўл остидаги вазири сафсатабозликда айблади
Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг ҲАМАС устидан тўлақонли ғалаба қозонилгани ҳақидаги баёнотини сафсата деб атади. Галлант бу ҳақда Исроил парламентининг (Кнессет) ташқи алоқалар ва мудофаа қўмитасидаги махфий учрашувда гапирган.
Депутатлардан бири Исроил армияси нега Ливанга қарши кенг кўламли уруш очмаётгани ҳақида савол берган.
«(ҲАМАС) устидан узил-кесил ғалаба қозонилгани ҳақида лоф ураётган ва бошқа сафсаталарни гапириб юрган «қаҳрамон»ларни кўряпмиз. Улар муҳокама пайти жасоратларини намойиш қиладилар, холос», – деган Йоав Галлант бунга жавобан.
Унга кўра, жамоатчилик қаршисида ҳарбийларни қўрқоқликда айблайдиган бош вазир ҳукуматнинг ёпиқ мажлисларида анча ювош тортиб қолади.
Ливанга қарши уруш очиш учун вазият ноқулай эканини айтган вазир мамлакат сиёсий раҳбариятидан гаровдагиларни озод қилиш учун шароит яратишни талаб қилган.
2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига қўшин киритган Исроил маъмурияти ўз халқи ва иттифоқчиларини ҲАМАС устидан тўлақонли ғалаба қозонилишига ишонтириб келади. Хусусан, Нетаняҳу ҲАМАСнинг хотимаси яқинлиги ҳақида кўп бора баёнотлар берган. Аммо таҳлиллар бу даъво ҳақиқатдан йироқ эканини кўрсатган.
Сўнгги хабарларга қараганда, Исроил ҳарбийлари орасида Ғазодаги урушни давом эттиришга қаршилар кўпаймоқда.
«The New York Times» газетаси жорий йил июль ойида Исроил ҳарбий қўмондонлиги ўқ-дори етишмаслиги, аскарларнинг чарчагани сабаб ҲАМАС ҳаракати билан сулҳ тузиш ниятида экани ҳақида ёзган эди. Исроил ҳарбийлари Ғазода ҲАМАСнинг кучи сақланиб қолишига рози, аммо улар исталган вақт Фаластин ҳаракати билан урушга кириш имкониятидан фойдаланиш истагида.
Нетаняҳу эса ҲАМАС билан сулҳ ташаббусига қарши чиқмоқда. «The New York Times»га кўра, Нетаняҳу аввал-бошда эълон қилганидек, ҲАМАС устидан тўлақонли ғалабага эришмаса, унинг коалицияси парчаланиши ва ўзи ҳам ҳукумат раҳбарлигидан кетиши аниқ. Таҳлилчилар Исроил бош вазири ўз сиёсий карьерасини сақлаб қолиш учун ҳам Ғазо секторида сулҳга бормаслигини айтмоқда.
Бундан аввалроқ Исроил армияси расмий вакили Даниэль Хагари ҲАМАС ҳаракати бу мафкура экани, уни йўқ қилишга уринишлар самарасиз якунланиши ҳақида баёнот бериб, Нетаняҳунинг расмий позициясини шубҳа остига олган эди.
Ғазо секторида 2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган урушда 40 мингдан зиёд фаластинлик (ҳудуд аҳолисининг 1,8 фоизи) ҳалок бўлди. Даҳшатли қирғин оқибатида 21 мингга яқин фаластинлик болалар дом-дараксиз йўқолди.
Халқаро ташкилотлар мисли кўрилмаган инсоний талафотлар кўрган Ғазо секторида зудлик билан оташкесим ўрнатилиши кераклигини талаб қилмоқда.
Маълумот ўрнида, жорий йил 20 май куни Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд прокурори Карим Хон Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш юзасидан сўров берган эди. Ҳужжатда қайд этилишича, ҳар икки шахсни Фаластин ҳудудида 2023 йил октябрь ойидан буён содир этилган уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгар деб ҳисоблаш учун етарли асослар бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter