Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мирзиёев Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди

Мирзиёев Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассанини қабул қилди.

Жаҳон банки гуруҳи билан стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ушбу етакчи халқаро молия институти томонидан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида вице-президент Антонелла Бассани давлатимиз раҳбарига Жаҳон банки президенти Ажай Банганинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорлик бугунги юксак даражага етгани ва самарали тус олгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз банкнинг энг йирик ҳамкорлари қаторига кирди - лойиҳалар портфели бир неча баробар кўпайиб, ҳозирги кунда 12 миллиард доллардан ошди.

Жаҳон банки иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа барқарорлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашмоқда. Жорий йилнинг июль ойидан Тошкент шаҳрида банкнинг минтақавий ваколатхонаси фаолият бошлади.

Камбағалликка қарши курашиш, давлат корхоналари ва банкларини трансформация қилиш, карбонсизлаштириш, ЖСТга аъзо бўлишни қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишлар ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва урбанизация, энергетика ва ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш дастурларига, хусусий секторни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, минтақавий лойиҳаларни илгари суриш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг