Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Марказий банк: инфляцион кутилмалар апрелдаги пасайишидан сўнг ошиш трендини ҳосил қилди

Марказий банк: инфляцион кутилмалар апрелдаги пасайишидан сўнг ошиш трендини ҳосил қилди

Иқтисодиётдаги инфляцион кутилмаларни аниқлаш бўйича ўтказилган сўровлар натижаларига кўра жорий йилнинг II чорагида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қисқа муддатли инфляцион кутилмалари апрелдаги пасайишидан сўнг ошиш трендини ҳосил қилди, ўрта муддатли кутилмалари эса сезиларли ўзгаришларсиз аввалги даражасида сақланиб қолди, дейилади Марказий банк ахборотида.

Хусусан, респондентларнинг январь-апрелдаги кутилмалари пасайишига қарамасдан, май-июнь давомида қисқа муддатли кутилмаларида ҳавотирлик кузатилди. Ўрта муддатли истиқболда эса респондентларининг аксарияти инфляцияни аввалги даражада сақланиб қолишини тахмин қилишмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан миллий валюта алмашув курсининг қадрсизланиши, иш ҳақларининг ошиши, ҳамда 2019 йилнинг иккинчи ярим йиллигида коммунал хизматлар нархларининг оширилиши мумкинлиги иқтисодиётдаги нархлар ўсишига таъсир қилувчи асосий омиллар сифатида қайд этилди. Шунингдек, респондентлар жавобларида ўрта муддатли инфляцион кутилмаларга солиқ базасининг кенгайтирилиши таъсири сақланиб қолиши кўрсатилган.

Таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида, миллий валютанинг қадрсизланиши 2,7 фоизга тенг бўлганлигига қарамасдан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари кутилмаларининг ушбу омилга таъсирчанлиги юқорилигича сақланиб қолмоқда.

Жорий йилнинг II чораги мобайнида аҳоли томонидан келгуси 12 ойга кутилаётган инфляциянинг миқдорий кўрсаткичлари ўсувчи тенденцияга эга бўлган бўлса, тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари пасаювчи тенденцияни ҳосил қилди. Бу эса ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётдаги нархлар барқарорлигига бўлган ишонч бизнес вакилларида юқорироқлигини кўрсатмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг