Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кореяда ота-оналар фарзандлари таълимига пул тикиб «пойга ўйнашади»

Кореяда ота-оналар фарзандлари таълимига пул тикиб «пойга ўйнашади»

Жанубий Кореяда яшайдиган дўстим айтяпти, кореялик оналар фарзандлари нечта тўгаракка қатнашлари билан мақтаниб, ўзаро «пойга ўйнашади». Корея Республикасида мактабдан ташқари таълим соҳаси  20 млрд. долларлик йирик саноат. Яъни, ўқувчи бошига ота-оналар ҳар йили ўртача 15 минг доллар сарф қилишади. Мактаб таълими сифатини баҳолайдиган PISA рейтингида Корея Республикаси жаҳонда 4-ўринда туради (2024 йил). Яъни, бу мамлакатдаги мактаб таълими дунёда энг яхшиларидан. Шундай бўлса ҳам, бу ота-оналарни фарзандлари таълимига кўпроқ сармоя киритишдан тўхтатиб қўя олгани йўқ. Буни педагоглар яхши маънода «таълим иситмаси»  дейишади.

Рақобат ва ишчи кучига талаб юқори жамиятда яхши яшашнинг ягона йўли – имкон қадар кўпроқ кўникмаларни эгаллашдир. Айниқса, таътил даври бунинг айни қулай фурсати.

3 ойлик таътил бола ҳаётида ҳал қилувчи палла – келажак ҳисоб сўрайдиган даражада катта давр. Айтайлик ўқувчининг бутун мактаб даврида «1000 кун» дан унумли фойдаланилса, ота-она ҳам, жамият ҳам истиқболда бир ишсизнинг ташвишидан халос бўлади. Ёзни копток тепиб, кўча чангитиб ўтказадиган бола қимматли ресурсни ҳавога совураётганини ўзи сезмайди.

Бугунги турмуш тарзи, ўрганиш муҳити ва яшаш учун зарур кўникмалар манзараси бошқача. Меҳнат бозорида рақобат кучайиб, иқтисодиёт билимга асосланган соҳалар измига ўтмоқда. Бундай муҳитда муаммога ечим топиш, ижодий-яратувчанлик, мулоқот ва мослашувчанлик кўникмаларини, ўқиш-ёзишдан ташқари, молиявий ва технологик саводхонликни эгаллаган ёшлар муваффақият қозонадилар.

Ёзни янги – анъанавий дарслардан фарқ қилувчи интерфаол машғулотларга сарфлаш – келажак учун энг яхши сармоя. Фарзандингизни қўлидан тутиб, уни ўзингизга яқин тўгаракларга олиб боринг. Мисол учун, бугун кўп жойларда IT ва тил ўргатиш марказлари мавжуд. Компьютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника, хорижий тил курслари фарзандингиз истиқболи учун манфаатли бўлади.

Кўп кузатаман, қўшимча курслар боладаги фикрлашга ижобий таъсир қилади, дунёқарашини бойитиб касбга йўналтиради, қизиқишлари бир хил бўлган дўстлар орттириб, ижтимоий-мулоқот кўникмаларини мустаҳкамлайди.

Корея Республикаси таълим туфайли букилган қаддини тиклаган, таълимдан бошқа умид йўқлигини ўтган асрдаёқ англаб етган. Бунинг эвазига у жаҳоннинг энг катта 14-иқтисодиёти саналади. Фарзандларимиз таълимига жанубий кореяликлар каби пул тикишга одатланмас эканмиз, улар эришган иқтисодий барқарорликни орзу қилиш бекор.

                                                 Шуҳрат Сатторов facebook саҳифасидан олинди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг