Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

Кўланкаси майдон ҳокимлар: бу сафар ҳам тўрга майда балиқ тушди

Кўланкаси майдон ҳокимлар: бу сафар ҳам тўрга майда балиқ тушди

Андижон вилояти перинатал марказида кесилган соғлом дарахтлар.

Андижонда 12 туп қарағай шарт кесиб ташланди.

Бу воқеа тафсилотлари интернетда айланишни бошлагач, айбдорни топиш ҳам кўп куттирмади: барчасига шўринг қурғур Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи сабабчи экан. Унга Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди...

Бир эмас, икки эмас, бу мавзу ҳар кўтарилганда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг фамилияси янгради. Тўғрида, вилоят перинатал марказидаги ҳайҳотдай жойда дарахтлар қирғин қилинсин-у, бундан ҳокимнинг хабари бўлмаса?! Наҳотки вилоят раҳбари шаҳар ўртасида бир яшил макон йўқ қилинаётганини билмаса? Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғини ярим тунда дарахт кесишга нима мажбур қилди экан? Нега бошқарма бошлиғи унга ким буйруқ бергани борасида мужда бермайди? Нега вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати дарахтлар юзасидан аввал ёлғон маълумот бериб, сўнг бирдан таҳрирлаб тузатди?

Вилоят ҳокими ҳодисада айбдор экани исботланмаган, аммо бу ишда битта ободонлаштириш раҳбарининг журъати камлик қилишига ёш боланинг ҳам ақли етади.

Бир туман ёки вилоят экологиясига таъсир қилувчи бундай қарор одатда якка шахслар томонидан, ёпиқ эшиклар ортида ҳал этилади, аммо унинг жабрини барча баравар тортади.

Саволлар туғилаверади.

Бундан уч йил аввал Китоб туманида «Жазирамада юриб бўлмай қолди: Қашқадарёда сўлим шаҳар чўлга айланиш арафасида» номли мақола ёзгандим. Унда Китоб шаҳрида дарахтлар кесилиши муаммоси кўтарилган. Шу мақола ёзилгандан кейин қизиқ воқеа содир бўлди: тумандаги врачлик пунктларидан бирида бир неча туп дарахт кесиб ташланган.

Орадан икки кун ўтар-ўтмас туманнинг ўша вақтдаги ҳокими мажлис ўтказиб, врачлик пункти бош шифокорини барчанинг олдида изза қилган. Иш шу билан тўхтамаган: врачнинг номига экологлар номидан каттагина сумма ёзилган «салом хати» келган. Қаранг, бутун шаҳарнинг дарахтини кестиришга буйруқ берган раҳбар етти-саккиз туп арчани нобуд қилганни жазолаяпти. Экологлар ҳам чаққонгина экан, дарров жазони ижро этишга бел боғлашган...

Ҳурматли экологлар маҳаллий ҳокимларнинг йўриғига қараб иш кўриши исботини ана шуни воқеа мисолида кўрган эдим.

Тўғри, Экоқўмита Андижондаги воқеа юзасидан жим турмади. Эҳтиёткорлик билан (!) муносабатлар берди. Аммо битта кичик амалдорнинг жазоланиши билан тугайдиган бу саҳналар Ўзбекистон экологиясига аёвсиз зарар етказаётган ўзбошимчаликларни тўхтата олмайди, аксинча давом этишига олиб келади. Нарзулло Обломуродовдай президентлик сайловларида чиниққан номзод келган ташкилот қачон шиддатли баёнотлар билан чиқиб, экобузарларларни эсанкирата бошлайди? Атрофга қаранг, қиш қишга ўхшамай қоляпти, баҳор баҳорга. Фарзандларга чўлу-биёбонга айланган юрт қолдиргандан кўра, ўзига хон, кўланкаси майдон айрим раҳбарларни қонун ва жамоатчилик фикрига юрғизиш маъқул.

Статистика: депутат Расул Кушербаевга кўра, ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари:

- 2019 йилда 2598 нафар шахс;

- 2020 йилда 3960 нафар шахс;

- 2021 йилнинг 10 ойи давомида 4067 нафар шахс томонидан амалга оширилгани аниқланган. Табиатга тажовуз камаймаяпти. 

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида атроф-муҳитни ҳимоя қилишга бағишлаб ўтказилаётган видеоселектор давомида дарахт кесишга бўлган мораторий муддати узайтирилиши маълум қилинганди. Ҳар бир дарахтни асраб-авайлаш давлат раҳбари эътибори даражасига кўтарилганди. 

Шунча тақиқ ва мораторийга қарамасдан қонунни бузувчилар сони ўсиб бормоқда.

Чуқур экологик танглик кутаётган минтақани қутқариш ана шундай ўзбошимчаликларга тўғри баҳо беришдан бошланмайдими?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг