Журналистлар учун энг хатарли ҳудуд
Ғазо секторида Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган журналистлар сони ошиб бормоқда.
Куни кеча Мамдуҳ Қанита Исроилнинг дрон ҳужуми оқибатида бевақт ҳаётдан кўз юмди.
Бир неча кун аввал Ғазо маъмурияти ОАВ бюроси маҳаллий Quds янгиликлар тармоғи журналисти Майсара Аҳмад Салоҳ Исроил кучлари томонидан ўлдирилганини маълум қилганди.
Шу тариқа Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён бўлгада ҳалок бўлган журналист ва ОАВ ходимлари сони 192 нафарга етди.
Маълумот ўрнида, 20 йил давомида Вьетнам урушида 63 нафар ва 6 йил ичида Иккинчи жаҳон урушида 69 нафар ОАВ ходими дунёдан кўз юмганди.
Ғазо маъмурияти халқаро ҳамжамият ва ташкилотлардан Фаластин журналистларига нисбатан содир этаётган жиноятлари учун Исроилнинг ишғолчи ҳукуматини жавобгарликка тортишни сўраган.
Исроил Ғазода уруш олиб бораётган бир йилдан зиёд вақт мобайнида 44500 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Уларнинг 17500 нафари болалардир. Яна 21000 нафар бола бедарак йўқолган.
Халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ махсус маърузачилари Исроилни Ғазо аҳолисини қасддан қиришда айбламоқда.
21 ноябрь куни Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар учун ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.
Ғазо сектори журналистлар ва уларнинг яқинлари учун дунёдаги энг хавфли ҳудуд бўлиб қолмоқда.
Жорий йил 7 январь куни Исроил бомбардимони оқибатида фаластинлик икки журналист – 27 ёшли Ҳамза Даҳдуҳ ҳамда 20 ёшли Мустафо Турайя ҳалок бўлди. Palestine Today телеканалининг икки журналисти эса жароҳатланган. Гуманитар ҳудуд деб белгиланган ҳудудда кетаётган ОАВ ходимларининг автомобилига Исроил армияси ракета билан зарба берган.
Ҳамза Даҳдуҳ «Ал-Жазира»нинг таниқли журналисти, телеканалнинг Ғазодаги мухбирлик бюроси раҳбари Воил Даҳдуҳнинг тўнғич ўғлидир. Ғазода уруш бошлангандан буён Воил Даҳдуҳ ўрнини тўлдириб бўлмас йўқотишларга учради. 2023 йил 25 октябрь куни Исроил авиаҳужуми оқибатида унинг рафиқаси, қизи, ўғли ва набираси ҳалок бўлган эди. Улар халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра дахлсиз саналган қочқинлар лагерида жон сақлаётган эди.
2023 йил декабрь ойида Исроил ташлаган бомбадан «Anadolu» ахборот агентлиги оператори Мунтазир ал-Савваф ва унинг ўнлаб яқинлари вафот этган.
Жабалия қочқинлар лагери бомбаланиши оқибатида эса «Ал-Жазира» телеканали Араб хизмати мухбири Мўмин ал-Шарафийнинг 22 нафар оила аъзоси – ота-онаси, ака-сингиллари, жиянлари ва бошқа қариндошлари ҳалок бўлган.
Туркия раҳбарияти Исроилни «фашистик пропаганда усулини қўллаган ҳолда журналистлар билан бирга ҳақиқатни ўлдиришга уриниш»да айблаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter