Шавкат Мирзиёев Халқаро атом энергияси агентлиги директорини қабул қилди
Президент Шавкат Мирзиёев ва Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) бош директори Рафаэль Гросси ўртасида 4 декабрь куни бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ва амалий шерикликнинг янги йўналишларини илгари суриш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.
Ўзбекистон 1994 йилдан буён ХАЭА аъзосидир. Бу давр мобайнида ушбу нуфузли ташкилотнинг техник кўмагини жалб этган ҳолда 40 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилди. Ҳозирда миллий тузилмаларнинг ҳуқуқий базаси ва салоҳиятини такомиллаштириш, ядро фани, тиббиётини ривожлантириш бўйича ва бошқа йўналишларда 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ХАЭА делегацияси бугун Ўзбекистон вазирликлари, идоралари ва илмий муассасаларида ўтказган учрашув ва тадбирларнинг натижаларини юқори баҳолади. 5 декабрь куни Самарқанд шаҳрида соҳадаги етакчи хорижий экспертлар иштирокида бўлиб ўтадиган Атом энергиясидан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро конференция биргаликда ташкил этилгани мамнуният билан қайд этилди.
Миллий агентликларнинг компетенциялари ва салоҳиятини ошириш, ХАЭА дастурлари доирасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ядро энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, сувдан фойдаланиш, соғлиқни сақлаш, экология соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.
Учрашув якунида тинч атом соҳасини ривожлантириш бўйича кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қўшма "йўл харитаси"ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter