Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Истанбулдаги тарихий бозор ва кўчалар ҳақида қизиқарли фактлар

Истанбулдаги тарихий бозор ва кўчалар ҳақида қизиқарли фактлар

Истанбулнинг ўзига хосликларидан бири бу – унинг тарихий бозорларини кашф қилиш. Улардан энг машҳурлари Катта бозор ва Миср бозори бўлиб, улар гўзал манзараларни ўхшаши йўқ бозор шовқини ва ранглари билан мукаммал даражада уйғунлаштиради. Улкан лабиринтга ўхшаган Катта бозор дунёдаги энг қадимги ва энг йирик савдо марказларидан биридир.

Катта бозор бой ҳунармандчилик анъаналари, Онадўли гиламлари, чарм буюмлари, қўлда ишланган қандиллар ва ипак кийимлар каби юқори сифатли маҳсулотлари билан ҳар йили миллионлаб сайёҳларни жалб қилиб келмоқда. Айниқса, дўкон эгалари билан суҳбатлашаётганда турк пиёлалари (бардоқ)дан чой татиб кўришнинг гашти бўлак. Бозорнинг орқа кўчаларида жойлашган «савдогарлар ресторанлари» деб номланган ўнлаб йиллик анъанавий турк ресторанлари ўзининг таъми оғизда қоладиган ноёб лаззатлари билан донғи кетган.

Миср (Зираворлар) бозорида турли хил антиқа зираворлар ва турк луқумларига тўла дўконлар ва кўзни қамаштирувчи ранг-баранг маҳсулотларнинг бетакрор ифори кишини беихтиёр ўзига мафтун қилади.

Истанбулнинг замонавий савдо марказларига келсак, шаҳардаги савдо марказлари кондиционер, автотураргоҳ ва ногиронлар учун махсус жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, улар эрталаб соат 10:00 дан 22:00 гача ишлайди, бу эса ташриф буюрувчиларга ҳар доим қулай харид қилиш имкониятини тақдим этади. Савдо марказлари сон-саноқсиз маҳсулотлари, жумладан, машҳур брендлари, таомланиш имкониятлари, кафе ва кинотеатрлари билан ажралиб туради, ҳатто бутун кунни оила ёки дўстлар билан ўтказиш учун мукаммал танловга айланди.

Бундан ташқари, кўнгилочар имкониятлар, жумладан, ўйин майдончалари ва истироҳат боғлари болаларнинг қувончига қувонч қўшади.

Истанбул, шунингдек, кичик бутиклари ва бренд дўконлари билан бебаҳо харид завқини улашувчи жонли савдо кўчаларига ҳам эга. Замонавий Нишанташи маҳаллий дизайнерларнинг маркази бўлса-да, асосий савдо кўчаси Абди Ипекчидаги халқаро ҳашаматли бренд бутиклар, қолаверса, юқори даражадаги ресторанлар, кафе ва санъат галереялари ҳар куни маҳаллий ва халқаро сайёҳлар билан гавжумдир. Онадўли томонидаги Бағдат кўчаси энг чиройли савдо булварларидан биридир.

Яна бир севимли савдо кўчаси Таксим майдонидан Беёғлудаги Тунелгача чўзилган Истиқлол кўчаси бўлиб, кийим-кечакдан заргарлик буюмларигача ноёб маҳсулотларни сотадиган кўплаб дўконлари билан машҳур.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг