Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш жараёнига киритилган ўзгаришларга тушунтириш берилди

IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш жараёнига киритилган ўзгаришларга тушунтириш берилди

Фото: Xabar.uz

Бугун, 4 январь куни мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш жараёнига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилгани тўғрисидаги масалаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика марказида ташкил этилган тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «ЎзТТБРМ» ДУК ҳамда Давлат божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги масъул мутахассислари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабр куни «Ўзбекистон Республикаси худудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 828-сон қарорига мувофиқ мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш жараёнига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилгани тўғрисида масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, ушбу қарор мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизими ишга туширилганидан сўнг фуқаро ва тадбиркорлардан келиб тушган мурожаат ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда истеъмолчиларга сифатли мобил қурилмалардан фойдаланиш имкониятини яратиш, ички бозорни контрафакт маҳсулотларнинг олиб кирилиши ва сотилишидан ҳимоя қилиш, телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда тизимни такомиллаштириш ва қулайликлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчаларга кўра, эндиликда республика ҳудудида мобил қурилмалар чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар мобил қурилмаларни республика ҳудудига олиб кириш санасидан қатъи назар, уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўладилар.

Хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари мобил қурилмалари IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюросига мурожаат қилади.

Ўз навбатида, мобил қурилмаларни ишлаб чиқарувчи ташкилотлар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун қурилма ишлаб чиқариш тўғрисида тегишли рухсатномаларни, шунингдек, ваколатли органларни маҳаллий ишлаб чиқарувчиси ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши керак.

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет давлат фуқароси ва Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан мобил қурилмалар IMEI-кодларини тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига шахсан мурожаат қилиш йўли билан рўйхатга олинади.

Жисмоний шахслар томонидан халқаро почта ёки курерлик жўнатмалари орқали олиб киритилган мобил қурилмалар Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисига шахсан мурожаат этиш йўли билан, шунингдек, тизим операторининг сайти орқали, мос равишда почта идентификаторининг штрих коди, календар штемпели бўлган конверт ва жўнатма олувчининг паспортини кўрсатган ҳолда амалга оширилади.

Жисмоний шахслар томонидан рўйхатга олиш учун кўрсатилган мобил қурилмалар олиб кирилган, шу жумладан халқаро почта ёки курерлик жўнатмалари орқали келтирилган мобил қурилмалар сони жисмоний шахслар учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган божхона чегараси орқали товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган нормаларидан ошмаслиги лозим.

Божхона чегарасидан товарларни божсиз олиб кириш нормаларига риоя қилинмаган ҳолда олиб кирилган мобил қурилмалар, улар учун импорт қилувчи сифатида божхона тўловлари тўлангандан сўнг IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказилади.

Тадбирда IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш бўйича амалга оширилган натижалар тўғрисида ҳам сўз юритилди.

Маълумотларга кўра, тизимни жорий этишнинг биринчи босқичида, яъни 2019 йил 1 апрелдан 1 ноябрга қадар 36,2 млн. IMEI-кодлар тизимда автоматик тарзда бепул асосда рўйхатдан ўтказилди. Иккинчи босқичда (2019 йил 1 ноябрдан 1 декабргача) эса 2,8 млн IMEI-кодлар тизим операторига мурожаат қилиш орқали бепул асосда рўйхатдан ўтказилди. 2019 йил 1 декабрдан мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказиш пуллик асосда амалга оширилиб келинмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг