Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳар йили 8 миллиондан ортиқ инсон тамаки тутунидан ўлмоқда — ЖССТ

Ҳар йили 8 миллиондан ортиқ инсон тамаки тутунидан ўлмоқда — ЖССТ

Фото: Shutterstock

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига қараганда, ҳар йили дунёда 8 миллиондан ортиқ инсон тамаки таъсирида вафот этмоқда. Шундан 7 миллиондан кўпроғи бевосита чекувчилар бўлса, тахминан 1,3 млн киши иккиламчи тамаки тутунидан нафас олиш оқибатида оламдан ўтмоқда.

Тамаки маҳсулотлари, жумладан, чилим (калян) таркибида 7 минг хилдан зиёд кимёвий моддалар бўлиб, улардан камида 250 таси заҳарли ёки кацероген (саратон чақирувчи) хусусиятга эга.

Тамаки чекиш инсон танасининг деярли барча аъзоларига салбий таъсир кўрсатади: инфаркт, инсулт, саратон (оғиз бўшлиғи, томоқ, ўпка), астма, туберкулёз, II тоифали диабет, ақлий заифлик ва бошқа касалликларга олиб келади.

Кашандаларнинг 80 фоизи камбағал давлатларда яшовчилар бўлиб, уларда тамаки чекиш оқибатида келиб чиқувчи касалликлар нисбатан оғир кечади.

2024 йилнинг январ ҳолатига кўра, жаҳонда тамаки чекувчи катта ёшлилар сони 1,25 млрдга етган, дейилади ЖССТ маълумотида.

Энг кўп кашандалар Жануби-Шарқий Осиёда яшайди (26,5 фоиз). Ғарбий Тинч океани минтақасидаги чекувчиларнинг 79 фоизи Хитойга тўғри келади. Европада тамаки чекувчиларнинг улуши — 25,3 фоиз. Чекувчилар улуши энг паст минтақа — Африка, 2000 йилда — 18 фоиз, 2022 йилда — 10 фоиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг