Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Евроиттифоқ журналистлар ўлими кўпайганидан хавотир билдирди

Евроиттифоқ журналистлар ўлими кўпайганидан хавотир билдирди

Сўнгги йилларда журналистларнинг ўлдирилиши мисли кўрилмаган даражада кўпайиб бораётгани қабул қилиб бўлмас ҳолатдир. Бу ҳақда Европа комиссияси вице-президентлари Жозеп Боррель ҳамда Вера Йоурова томонидан 2 ноябрь – Халқаро журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолишига барҳам бериш куни муносабати билан берилган баёнотда таъкидланган.

«Ғазо секторида журналистлар орасида мисли кўрилмаган қурбонларни кўрмоқдамиз. Улар муносиб ҳимоя йўқ бўлган ва хориж ОАВ фаолиятига асоссиз чекловлар жорий этилган шароитда ўз ҳаётини фавқулодда хавфга қўйиб бўлса-да, жаҳон аҳлига ишончли ахборот етказишга интилмоқда. Украина журналистлари ҳам Россия ҳамда россияпараст кучлар томонидан зўрлик, таъқиб ва асоссиз ҳибсларга нишон бўлмоқда.  Ливан, Мьянма, Яман ва бошқа мамлакатларда журналистлар курашувчи томонларнинг оловли ҳалқаси ичида қолган миллионлаб тинч аҳоли вакилларининг дарду изтиробларини жасорат ила ёритмоқдалар», – дейилади баёнотда.

Европа комиссияси вице-президентлари уруш, бўҳрон ва фавқулодда ҳолатларни ёритаётган қўрқмас мухбир ва журналистларга ҳурмат билдирар экан, ОАВ ходимларига ҳужумларни кескин қоралаган.

«Европа Иттифоқи журналистларга ҳужумларни қатъий равишда қоралайди ва журналистлар ҳамда ОАВ ходимларини ҳимоя қилиш бўйича тезкор ва самарадор чора-тадбирларни кўришга чақиради. Халқаро гуманитар ҳуқуқ ўзгармасдир: журналистлар ва ОАВ ходимлари тинч фуқаролар сифатида ҳар қандай вақтда ҳимоя қилиниши керак. Халқаро гуманитар ҳуқуққа биноан журналистларга қасддан ҳужум қилиш ҳарбий жиноят деб малакаланади», – дейди Жозеп Боррель ҳамда Вера Йоурова.

Журналистларга нисбатан қўлланган зўравонлик, таъқиб, таҳдидларнинг жазосиз қолиши қўрқув ва цензура муҳитини юзага келтиради. Шунга кўра ЕИ раҳбарияти эркин ва мустақил ОАВни қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун барча давлатларни журналистларга қарши жиноятлар муқаррар равишда жазоланишини таъминлашга даъват этган.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош ассамблеяси 2013 йилда 68/163-сонли резолюция асосида 2 ноябрь санасини Халқаро журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолишига барҳам бериш куни деб эълон қилган. Мазкур сана танлангани бежиз эмас. 2013 йилнинг 2 ноябрида Малидаги қуролли можароларни ёритаётган франциялик журналистлар – Гислен Дюпон ва Клод Верлон жангарилар томонидан ўлдирилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг