Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бобур Наби

Фиқрачилар фирқасиданман!

Эски «права»ни янгисига алмаштириш ғавғоси

Эски «права»ни янгисига алмаштириш ғавғоси

Бугун вазият тақозоси билан аёлимнинг эски «права»сини янгисига алмаштириш учун Давлат хизматлари маркази (ДХМ)га бордик. Болалар билан қий-чув, камига бизга ўхшаган одамларнинг навбати жуда узун.

Гўё ҳамма шу пайтгача бемалол юргану, йил охирлаб қолгани учун (эскини янгисига алмаштириш муддати шу йил охиригача) «патагига қурт тушган». Йўқ, ундай эмас, асосий айб ДХМ ва тизимда экан.

Эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштиришнинг 3 хил усули бор: онлайн, ДХМга ёки ЙХҲБ бўлимига бориб.

Уйимизга яқинроқ манзил: «Файзиобод ГАИ» эди. Афсуски, бунақа «ГАИ»ларда «права»ни янгилашмаётган экан, ҳаммаси ДХМга ўтиб кетибди. 

Миробод тумани ДХМга келганимизда эса, юқорида айтганимдек, одааааааам.

«Права»нинг ўзига шунча навбат сабабини энди сиз ҳам билаётгандурсиз. Энди бунинг яна бир омилини ҳам келтираман: «права»ни янгилаш фақат учта туман ДХМда амалга оширилар экан! Мана халққа енгиллик, мана трансформация!

Бутун Тошкент бўйича эски «права»ни янгисига алмаштириш фақат учта тумандаги ДХМда амалга оширилгандан кейин, навбат ҳам шунга яраша бўлади. Ёки бугун кузатилганидек, тизим ишламай қолади, коронавирус авж олади.

Навбатимиз етиб келишини чидаб кутдик. Тушлик пайти яқинлашиб қолганди. Аммо ДХМ ходими «права»мизнинг муддати анча йиллар олдин тугаганини айтиб қолди. Қаердан олинган бўлса, ўша ерга бориб, «ҳақиқатанам гувоҳнома шу ерда берилган», деган маълумотнома олиб келишимизни сўрашди.

Хўп, деб у ердан чиқибмизу, бундай маълумотномаларни талаб қилиш аллақачон бекор бўлиб кетгани хаёлга келмабди. «ГАИ»дагилар ҳам айнан шундай дейишди: «бундай маълумот сўрашга ҳаққи йўқ».

Кейин қидириб кўрсам, эски гувоҳномани янгисига алмаштириш тартибида аниқ ёзиб қўйибди: «Эски намунадаги гувоҳнома берилган санасидан ва амал қилиш муддатидан қатъи назар, кўрсатилган муддатгача янгисига алмаштирилиши шарт».

Ана энди асаб толаларининг неча мингги узилдими! Дарров ДХМга бордик яна. Навбатсиз қабул қиламан дегани учун тўғри киравердик. Вазиятни айтсам, «ҳозир» деди-да, кимгадир қўнғироқ қилди. Гўшакдан биттаси «мумкин», деди шекилли, «келинг, расмга тушираман», деса бўладими?

Ҳой, барака топгур, шуни боя сўраганингда нима бўларди? Аввалоси, ДХМ ходими сўраб ўтириши керакмас, бу нарсаларни билиши лозим. Шундагина халқ сарсон бўлмайди.

Хуллас, юқоридаги муаммолар тезроқ ҳал этилса, Тошкент шаҳри аҳолиси шунчалик кам сарсон бўлади ва иши тез битади. Ахир ДХМ шу хизмати учун ҳар бир одамдан 11 минг сўм ҳақ оляпти.

Тошкентдаки шунча оворагарчилик бўлса, вилоятдагиларни тасаввур қилиб кўриш мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг