Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Эрон ва Ўзбекистон: отни қамчилаш вақти келди

Жорий йилнинг 18-19 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг таклифига биноан расмий ташриф билан Теҳрон шаҳрига борди. Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев ва Иброҳим Раисий икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида Қўшма баёнотни имзолади.

«Xabar.uz» ушбу мавзуда сиёсатшунос Фарҳод Каримов билан суҳбатлашди.

– Суҳбатга тайёргарлик кўриш жараёнида бир маълумот ўқиб қолдим. Сўнгги бор Ўзбекистон раҳбари Эронга 2003 йилда расмий ташриф билан борган экан. Суҳбатимизни Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги муносабатларнинг яқин тарихидан бошласак.

– Келинг, биринчи навбатда Эрон Ислом Республикаси ҳақида қисқача гапириб ўтсам. Эрон жуда ҳам қадимий давлатчилик тарихига эга бўлган давлат. Эрон Яқин Шарқ минтақасида Усмонли империяси ва бошқа империялар парчаланганидан сўнг пайдо бўлган давлат эмас. Эрон шунга яраша ташқи сиёсат олиб боради. Бирон бошқа давлат Эрон билан муносабат ўрнатаётганда мана шу тарихий аспектлардан келиб чиқиб, у билан алоқа ўрнатади.

Ўзбекистон Эрон билан 1992 йилда дастлабки муносабатларни ўрнатган. Бирмунча вақт ўтгач Тошкентда Эроннинг элчихонаси очилган ва 1995 йилда Эронда Ўзбекистон элчихонаси ўз фаолиятини бошлаган. Мана шундан кейин икки давлат ўртасида ўзаро муносабатлар бошланган.

1992 йилда Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Ислом Каримов Эронга бориб, дастлабки дипломатик алоқаларни ўрнатиб, 50 дан ортиқ икки томонлама муносабатларга асос бўлувчи ҳужжатларни имзолаб келган. Ҳозирги кунгача шу ҳужжатлар асосида икки давлат ўртасидаги муносабатлар шаклланди. Эрон билан асосан муносабатларимиз савдо-иқтисодий бўлган. Яъни, Ўзбекистон ва Эрон ўртасида консерватив муносабатлар шаклланган.

Бугун дунёдаги геосиёсий ҳолат шундайки, мамлакатлар бир-бири билан мулоқот қилиши, муаммоларга биргаликда ечим излаши керак. Ҳозир дунёдаги айрим куч марказларида ҳолат ўзгармоқда. Бу вазиятда минтақада эндигина ривожланаётган давлатлар ўзининг келажакдаги мустаҳкам пойдеворини ўрнатиб олиши керак.

Республикамизнинг 2016 йилдаги ташқи сиёсатидаги ўзгаришлари бугун шундай паллага келдики, Ўзбекистон фақат кучли давлатлар билан эмас, балки минтақада ўзига маданий ва диний яқин бўлган мамлакатлар билан мулоқотни кучайтириш босқичига келди. Бундай мулоқот ҳар икки томон учун керак. Ҳатто, айтиш мумкинки, бу алоқалар ҳар икки давлат учун сув ва ҳаводек зарур. Мана шундай вазиятда икки давлат ўзаро яқинлашмоқда.

Юқорида айтганимдек, Эрон яқин 100 йиллик ичида пайдо бўлиб қолган давлат эмас. Ҳатто, бир вақтлар Ғарб мустамлакаси бўлган бир вақтда ҳам, бу давлат ўзининг сўзига ва ўрнига эга бўлган. Яъни, тарихини сақлаб қола олган! Мана шу омил, бугун бу давлат билан ҳисоблашиш керак эканлигини ва мулоқот қилиш кераклигини англатади.

– Ўзбекистон раҳбарининг Эронга ташрифидан кўзланган асосий мақсад нима эди?

– Ҳозир Марказий Осиё геосиёсий ўзгаришлар даврида. Бизга маълум бўлган кучли давлатлар бошқа сиёсий жараёнлар билан банд бўлиб турган бир вақтда, изоляция ҳолатидан чиқиб кетиши вақти келди. Прагматик сиёсат юритувчи ва келажакни кўра биладиган давлатлар бундай имкониятдан фойдаланиши керак. Яъни, дунё геосиёсий куч марказлари бошқа бир масала билан банд бўлиб турганида, вазиятга қараб ташқи сиёсат юритишимиз ва отни қамчилаб қолишимиз лозим. Ўзбекистон шундан фойдаланмоқда.

Ўзбекистон сўнги вақтларда дунё давлатлари, араб давлатлари ва минтақа давлатлари билан муносабатларга фаол киришмоқда ҳамда ўзига яқин бўлган Эрон билан ҳам алоқаларни мустаҳкамламоқда. Сизда «нега айнан ҳозир», деган савол пайдо бўлиши мумкин. Биламизки, Эрон бир неча йиллардан буён изоляцияда. 1979 йилда Эронда Ислом инқилоби рўй берганидан кейин Европа ва АҚШ билан муносабатлар бузилди. Ҳозирда Эрон санкциялар ва иқтисодий чекловлар гирдобида яшаб келмоқда. Бир томондан бунга қойил қолиш керак. Ҳамма давлатнинг ҳам иқтисоди бунга дош бера олмайди.

– Эрон деярли 40 йилдан бери иқтисодий чеклов остида экан.

– Энг қизиғи, Эрон санкцияларга қарамай ривожланмоқда. Бу тажрибани ўрганиш керак. Қандай қилиб бундай изоляция шароитида ривожланиш мумкин? Сиз бунга катта миқдордаги энергия ресурслари сабаб бўлган, дейишингиз мумкин. Лекин бошқа энергия ресурслари бўлган давлатларнинг ҳозирги аҳволини кўриб турибмиз. Мисол учун, Яқин Шарқ давлатларининг айримлари барқарорликни сақлаб қола олмади. Эрон бўлса, қандай қилиб бўлса-да, барқарорликни сақлаб қолмоқда. Ҳатто, ўзининг сўзини айтишга интилмоқда ва бутун дунё Эроннинг сиёсий позициясини кузатиб боряпти. Демак, ўзини сўзига эга бўлган субъект сифатида биз у билан муносабатга киришимиз керак. Умумий манфаатларимиз кўп.

Яна бир нарсани айтиш керакки, Эрон ташқи кўринишдан бақувват давлат сифатида кўрингани билан унинг аҳолиси ҳам, ҳукумати ҳам санкциялардан чарчаган. Ҳозир Эрон ҳукумати шу иқтисодий чекловлардан қутилиш ҳаракатида. Аммо Эрон Ғарбга эмас, Шарққа қараб интилмоқда. Эрон ривожланиш босқичининг навбатдаги босқичига чиқиши учун унга кучли сиёсий ўйинчилар керак. Ҳозирда бунга номзодлар Россия ва Хитой бўлиб турибди.

Бугун Россиянинг муаммолари кўп. Шунинг учун Эрон асосий эътиборни Жанубий Шарқий Осиё минтақасига қаратмоқда. Бу ерда Хитой, Ҳиндистон ва Покистон каби қудратли мамлакатлар бор. Эрон бу минтақага Марказий Осиё давлатларисиз ўта олмайди. Шу нуқтаи назардан олганда Эрон учун Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон жуда муҳим аҳамиятга эга. Эрон ўзининг иқтисодий келажагини Хитой, Ҳиндистон ва Покистон билан кўрмоқда. Шу сабабли Эрон Марказий Осиёни ўртада транзит қилиб, умумий йўлак яратмоқчи ва изоляциядан чиқмоқчи. Бу изоляциядан чиқиш Марказий Осиёсиз бўлмайди.

Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» лойиҳасини қўллаб-қувватлаётган давлатлардан бири – бу Эрон. Айрим давлатлар бу лойиҳага эҳтиёткорлик билан қараётган бўлса, Эрон бу лойиҳани тезлаштириш ниятида. Чунки бу лойиҳа орқали Эронга янги «кислород» очилади ва ушбу лойиҳа доирасида ўтказиладиган темир йўл Марказий Осиё орқали Эронга келади.

Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам бу лойиҳа жуда муҳим. Чунки Ўзбекистон ҳам географик нуқтаи назардан изоляциядаги минтақада жойлашган. Бир дона маҳсулотимизни чет элга экспорт қилиш учун, камида 2 та давлатни босиб ўтишимиз лозим. Буни устига денгизга чиқиш йўлимиз ҳам йўқ! Бизга энг яқин денгиз портлари: Покистондаги «Карачи» ва Эрондаги «Бендер Аббас» портлари ҳисобланади.

– Демак, Эрон логистика нуқтаи назардан бизга жуда муҳим давлат?

– Эрон биз учун жуда муҳим! Тасаввур қилинг, бизни иқтисодиётимиз жуда кучайиб кетди. Ҳамма нарсани ишлаб чиқарсак, лекин уни ташқарига сота олмасак, иқтисод ўз-ўзидан қулайди. Шунинг учун, биз ишлаб чиқаришни кучайтириш баробарида, уни четга сотиш инфраструктурасини ҳам ўйлаб кетишимиз керак. Бу масалада Туркманистон орқали Эронга чиқиш биз учун энг қулай йўл. Бироқ Эронда бу масалада бир қанча муаммолар бор. Масалан, Эроннинг машҳур бўлган 2 та порти асосан денгизга мўлжалланган. Яъни, денгиздан маҳсулотларни қабул қилиб, яна денгизга чиқариб юборади. Эроннинг қуруқлик инфраструктураси яхши ривожланмаган. Шунинг учун Эрон Хитойнинг лойиҳаси орқали ўзидаги темир йўл ва автомобиль йўлларини шакллантириб, қуруқликдаги логистикани ривожлантирмоқчи. Бу орқали Эрон Яқин Шарқ ва Европа ҳамда Марказий Осиё ва Хитой учун транзит ҳудудга айланмоқчи. Худди, Туркия каби. Чунки маҳсулот ишлаб чиқаргандан кўра, транзит хизматини кўрсатиш кўпроқ фойда олиб келади. Сабаби, сиз бунга камроқ пул сарфлайсиз. Бу учун Эрон географик нуқтаи назардан жуда қулай ҳудудда жойлашган. Бундан ташқари, Эрон Хитойнинг Яқин Шарққа кириб келиши ва Ғарб томон юришида энг муҳим восита. Шунинг учун ҳам Эрон Марказий Осиёга интилмоқда ва Ўзбекистон билан муносабатларни шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Биз ҳам шу жараёндан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.

– Эрон бугун Ғарб давлатларининг қора рўйхатига тушган. У билан яқин ҳамкорлик бизни ҳам қора рўйхатларга тушириб қўймайдими?

– Биласизми, ҳозир мулоқот олиб бориб, миллий манфаатлар учун ҳаракат қиладиган вақт. Ўзбекистон шу ҳаракатларни амалга оширмоқда. Кўряпсизки, Ўзбекистон Президенти Европанинг энг кучли давлат раҳбарлари билан кўп учрашмоқда. Албатта, бу учрашувларда сиз айтган масалалар муҳокама қилинади.

Биласизми, Ғарб давлатлари ҳам Эрон учун очилишга ҳаракат қилди. Чунки Европага Эроннинг энергия ресурслари керак. Эрон ҳам Европага яқинлашишни истайди. Маълум бир вақт Европа ва Эрон ўртасида яхши лойиҳалар йўлга қўйилди. Лекин бу ерда бошқа бир сиёсий кучлар Европанинг Эрон билан яқинлашиши хоҳламади. Шундай бўлса-да, Европа Эрон билан яқинлашишни бошқа йўлларини излайди.

Умуман олганда, икки давлатнинг яқинлашуви олдиндан келишилади ва муҳокама қилинади. Ҳар икки томон ҳам ўз олдидаги рискларни ҳисоб-китоб қилади. Ўзбекистон ҳам Ғарбнинг санкцияларига дучор бўлиб қолмасликни ўйлайди.

– Айрим Ғарб экспертлари Эрон Ғарб санкцияларини четлаб ўтган ҳолда Марказий Осиё давлатлари орқали Россияга ҳарбий маҳсулотлар етказиб бераётганини иддао қилишди. Бу тўғри бўлиши мумкинми?

– Россия ва Украина инқирозида Ғарб оммавий ахборот воситалари бундай гапларни кўп гапирди. Капитализмда барча ўз манфаати учун ҳаракат қилади. Эрон ҳам санкцияларга тушмасликка ҳаракат қилмоқда. Агар ҳақиқатдан ҳам Ғарб ОАВлари иддао қилганидек, Эрон катта кўламда Россияга ҳарбий ёрдам бераётганида эди, бугун Эрон бундай ҳолатда бўлмас эди. Чунки буни Хитой ҳам қўллаб-қувватламайди. Бир вақтлар Ҳиндистоннинг ташқи ишлар вазири “биз Россиядан газ сотиб оляпмиз, сиёсий муносабат ўрнатаётганимиз йўқ”, деган эди. Яъни, ҳар бир давлат биринчи навбатда ўзининг иқтисодий манфаатини ўйлайди.

– Эроннинг Марказий Осиё давлатлари билан айрим зиддиятлари бор. Мана шу зиддиятлар ҳозир қандай ҳолатда?

– Тўғри айтдингиз, Эрон Совет иттифоқи парчаланганидан кейин Марказий Осиё давлатларининг деярли барчаси билан яқин муносабатга киришди. Лекин Эрон ўзининг сиёсий ва ғоявий қарашларини Марказий Осиёга тарғиб қилмади. Масалан, Эрон Яқин Шарқ мамлакатларида шиа гуруҳларини қўллаб-қувватлайди. Бироқ Эрон Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан бундай сиёсат қилмади. Тўғри, Тожикистон ҳудудидаги шиалар билан боғлиқ айрим кичик лойиҳалар бўлиши мумкин. Лекин Эрон бундай сиёсатдан ўзини тийди.

Эроннинг шимолида жойлашган вилоятларда газ инфраструктураси яхши ривожланмаган. Шунинг учун Туркманистон билан сиёсий муносабатларни сақлаб туриш учун туркман газини импорт қила бошлади. Айрим бошқа сиёсий кучлар Туркманистонни Эрон билан яқинлашишини истамади. Шундан кейин орада ҳисоб-китоб масаласида Эрон ва Туркманистон ўртасида келишмовчилик пайдо бўлди. Натижада икки давлат бир-биридан узоқлашди. Тожикистон билан ҳам шундай бўлди. Яъни, Эроннинг Марказий Осиёга бундай фаол кириб келиши айрим геосиёсий куч марказларига ёқмади. Бу минтақада кескинликни шакллантириши мумкин эди.

Ўзбекистон Эрон билан илк муносабатларни сақлаб қолди. 1992 йилда имзоланган шартномалар бўйича бугунги кунгача етиб келдик. Яъни, Эрон билан яқин ҳам бўлмадик, узоқ ҳам бўлмадик. Бугунги кунда Эрон Марказий Осиё билан тўхтаб қолган муносабатларини шакллантириш учун Ўзбекистонни танлади.

– Эронни Марказий Осиё билан яқин алоқалар ўрнатиши қайси куч марказларига ёқмаслиги мумкин?

– Ҳар қандай давлат бир-бири билан яқинлашса, буни ёқлайдиган ва ёқламайдиган куч марказлари топилади. Азалий бир-бири билан диний, сиёсий, маданий яқин бўлган мамлакатлар ҳам бир-бири билан яқинлашса, бу кимларгадир ёқмайди. Масалан, Марказий Осиё давлатларининг ҳам яқинлашувига қарши чиқувчи кучлар ҳам бор. Эроннинг бу минтақа билан яқинлашишини АҚШ хоҳламайди.

– Россияга ҳам ёқмаслиги мумкинми?

– Бир томондан олиб қаралса, Эрон ва Россия муносабатлари ёмон эмас. Россиянинг минтақада энг яқин ҳамкори Эрон. Эрон санкциялар қуршовида бўлишига қарамасдан Россияни қўллаб-қувватламоқда ва буни Россия унутмаса керак! Шу нуқтаи назардан Эроннинг Марказий Осиёга яқинлашуви Россияга ёқмаса-да, бир нечта тўсиқларни олса керак. Чунки бугун Россияга дўстлар зарур. Шунинг учун бу ерда ёқиш-ёқмаслик иккинчи масала.

 Биз кўп йил давомида ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам географик нуқтаи назардан изоляцияда бўлган минтақамиз. Бугун шу йўллар очилмоқда. Буни ёпилмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди ва бундан фойдаланиб қолиш керак. Ўзбекистон ўзининг миллий манфаатлари учун ҳаракат қилади ва бугунги фаол ташқи сиёсатни шу билан тушунтириш мумкин. Давлат раҳбари ҳар ҳафтада қайсидир давлатга ташриф буюриб, мулоқот олиб бормоқда. Буни Ғарб жуда яхши эътироф этмоқда. Бу эътироф нимадан далолат беради? Бу Ўзбекистоннинг бундай ташқи сиёсатини Ғарб мамлакатлари қўллаб-қувватлаётганидан далолат. Бундай шароитда фақат фаол ташқи сиёсат юритиб, изоляциядан чиқиб кетишимиз керак.

Умуман олганда, Ўзбекистон ўз олдига катта-катта режаларни қўйган. Бундай фаоллик ўша мақсадларга интилаётганимиздан дарак беради. Бу вазиятда барчадан бирлашиш талаб этилади. Чунки бу ишларни таҳлил қилиб кўрсангиз, жуда катта марралар борлигини сезасиз. Бир вақтни ўзида Европа билан, бошқа ёқда Хитой, Эрон, Қатар ва Афғонистон билан муносабат қилмоқдамиз. Бу ишлар нима учун? Келажакда биз шакллантирмоқчи бўлган потенциалга тўсиқлар бўлмаслиги учун. Биз ҳар қандай геосиёсий ўйинлар гирдобида қолиб кетмайлик. Бизда вариантлар кўп бўлсин. Мана шуни ҳозирда асоси қўйилмоқда. Келажак авлод қилинаётган сиёсат учун раҳмат айтсин.

Сардор Али Нурматов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг