Ер ости сувларини қонунга хилоф равишда қазиб олганлик учун жавобгарлик белгиланяпти

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган мажлисда ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Солиқ кодексларига, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Яъни, ер ости сувларига қудуқларни қонунга хилоф равишда бурғилаш ва хавфли геологик жараёнларнинг олдини олишга доир кўрсатмалар талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгилаш, ҳисоблаш воситаларисиз ер ости сувлари олинганда солиқни белгиланган солиқ ставкасининг оширилган миқдорида ундириш, ер ости сувларига қудуқларни бурғилашга доир рухсатномани бериш тартиб-таомилини ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига доир рухсатномани бериш тартиб-таомили билан алмаштириш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ер ости сувларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга, ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субектлари учун енгилликлар яратишга ҳамда ер ости сувларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter