Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Европа ва Марказий Осиё хавфсизлигига таҳдидлар уйғун — вазир ўринбосари

Европа ва Марказий Осиё хавфсизлигига таҳдидлар уйғун — вазир ўринбосари

24 май куни Тошкент шаҳрида «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартиби» мавзусида эксперт конференцияси бўлиб ўтди.

Марказий Осиё халқаро институти ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан ташкил этилган анжуманда икки минтақа вазирлик ва идоралари, дипломатик миссиялари вакиллари, таҳлилий тузилмалари экспертлари, ЕИ томонидан молиялаштириладиган дастур координаторлари – жами 100 дан зиёд меҳмон қатнашди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 2 декабрь куни Чўлпонотада (Қирғизистон) бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи учрашувида хавфсизлик мавзусида эксперт конференцияси ўтказишни таклиф этган эди. 

Тошкентдаги анжуман ана шу ташаббус рўёби сифатида ташкил этилди.

«Ушбу анжуман орқали биз хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигимизни янада чуқурлаштираётганимиздан хурсандман. Ишонаманки, бугунги мулоқот ЕИ ва Марказий Осиё дуч келаётган хавфсизликнинг тез ўзгариб бораётган хатарларига муносиб жавоб қайтаришга кўмак беради», – деди ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терҳи Ҳакала.

«Бугунги воқелик Европа ва Марказий Осиё хавфсизлигига таҳдидларнинг уйғун эканини янада теран англаш заруратини ва трансмиллий таҳдидларга қарши курашда муштарак манфаатларимиз мавжудлигини тасдиқламоқда», – деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффарбек Мадраҳимов.

«Терроризмга қарши самарали курашиш учун биз чегаралар оша минтақавий ва халқаро миқёсда ҳамкорлик қилишимиз керак. Ушбу анжуман Европа ва Марказий Осиё ҳамкорликда қандай фаолият юритиши, қай жабҳаларда бир-биримизни дастаклашимиз ва қай жабҳаларда бир-биримиздан ўрганишимизни муҳокама қилиш имконини берди», – деди ЕИнинг терроризмга қарши кураш бўйича координатори Бартьян Вегтер.

«Айни вақтда хавфсизлик соҳаси ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналишларидан бири саналади ва бу борада муштарак саъй-ҳаракатларимизнинг тарихи бор. Эндиликда минтақа давлатлари ва ЕИ хавфсизлик тузилмалари ўртасидаги эксперт алмашуви ва амалий ҳамкорликни такомиллаштириш ва шунга мувофиқ равишда ушбу соҳадаги ҳамкорликка доир анъанавий ёндашувларни қайта кўриб чиқиш зарурати кучаймоқда», – деди Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов.

«Тобора муштараклик касб этаётган дунёда бирор бир мамлакат ёки минтақа хавфсизлик борасида юзага келаётган ноанъанавий таҳдидларга қарши якка ҳолда кураша олмайди.  Бугунги муҳокамалар давомида ЕИ ва Марказий Осиёнинг хавфсизлик бўйича эксперт ва амалиётчилари фикрларини эшитдик, шунингдек, жорий ҳамкорлик ва мавжуд лойиҳалар юзасидан якуний хулосалар ясадик», – деди ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

Аввал хабар берганимиздек, ЕИнинг Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашиш (BOMCA) ва минтақада гиёҳвандлик моддалари тарқалишининг олдини олиш бўйича (CADAP) дастурлари амалга татбиқ этила бошлаганига 20 йил тўлди.

ЕИнинг LEICA (Law Enforcement in Central Asia) дастури доирасида ҳам Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари салоҳиятини ошириш, терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда.

Тошкент конференциясида мазкур уч дастур доирасидаги жорий ҳамкорлик ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Шунингдек, терроризм, экстремизм ва радикализм, кибержиноятчилик, трансчегаравий уюшган жиноятчилик ва одам савдоси каби таҳдидларга қарши курашиш соҳаларида ҳамкорликни такомиллаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Тадбир мобайнида икки минтақа барқарорлигига таҳдид солаётган хатарлар кучайиб бораётган ҳозирги вазиятда хавфсизлик бўйича ҳамкорликда янги ёндашувлар жорий этиш муҳим экани таъкидланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг