Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Демак, баҳор келди, келмоқда Наврўз

Демак, баҳор келди, келмоқда Наврўз

Қир-адирлар кўм-кўк, қуёшнинг чиқиши бошқачадек, чунки табиатнинг уйғониши бугундан бошланади. Бутун оламга Наврўз бошқача оҳанг, бошқача ранг билан кириб келаётгандек. Хонанданинг қўшиғи янграйди:

Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай, дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим —
Лолазорга бурдим юзимни,
Учратмадим аммо ўзингни,
— Сен баҳорни соғинмадингми?

Беихтиёр шеър муаллифи ёдга тушади. Бугун забардаст шоир Абдулла Ориповнинг туғилган куни. Балки шунинг учун ҳам шоир шеърлари бевосита табиат билан уйғунлашиб инсон қалбининг туб-тубидан жой олар. Абдулла Орипов ўзининг шеърлари билан XX аср ўзбек адабиётига бошқача бир нафас, бошқача бир руҳ олиб кирди. Табиат, баҳор, Наврўз шеърлари орқали тирикликнинг ўзи бир бахт эканлигини куйлади. Қалбан табиат билан бирга яшади, қалбини табиатга берди, табиатдан куч олди:

Ўнгирларда сакрайди оҳу,
Наъматакда саъва миттижон.
Қорликлардан сипқорилган сув,
Дараларда уради жавлон.
Нигоҳимдан фақат сен пинҳон,
— Сен баҳорни соғинмадингми?

Сен баҳорни соғинмадингми, дея қалбларни такрор-такрор энтиктиради, соғинчни янада оловлантиради.

Наврўз ҳақида, табиатнинг уйғониши ҳақида, баҳорнинг ўзгача чиройи ҳақида Абдулла Ориповдек шеър бита олган шоир бормикан? Шоирнинг шеърларида муз юм-юм кўз ёш тўкади, майсалар орасида қолган хазон ғам деб аталади.

Аввал юрагингга мўралайди у,
Сўнгра куртакларга ўргатади сўз.
Заминнинг кўзидан қочади уйқу,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
Қишнинг аҳволига боқиб ҳойнаҳой,
Юм-юм ёш тўкмоқда эриётган муз.
Жилва қилаётир тенгсиз бир чирой,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.

Наврўз — йил боши туфайли сиз оламнинг она бағри каби бошқача илиқлигини, ердан кўтарилаётган ҳовурнинг ипак каби ҳарирлигини англайсиз.

Она бағри каби илиқдир олам,
Ҳарир ҳовур ичра яйрар дала-туз.
Қолди пучмоқларда хазон янглиғ ғам,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.

Абдулла Орипов ёзганидек табиатнинг ҳар бир унсури масалан:

Ёмғир ёғса шоирлар
Эрк берарлар мияга,
Тайёр мавзу топилди,
Тизарлар қофияга.

Болалиги кенгликларда ўтган қалби ҳам тоғлардек пурвиқор шоир ўзини ҳеч қачон табиат билан айро сезмайди:

Магар чиқиб кетсам тоғларга томон,
Бўлардим айиқлар билан суҳбатдош
Дўлана терардим балки ёнма-ён,
Меҳрибон дўстлардек туну кун йўлдош.
Шўнғиб кетсам агар теран уммонга,
Сувларнинг остида юрардим яшаб.
Балиқда тоқат йўқ шовқин-суронга,
Улар бақирмайди бизларга ўхшаб.
Бир кун осмонларга айласам парвоз,
Турналар сафида чаппор урардим.
Танишдир юлдузлар чалиб турган соз,
Базмига қўшилиб, жўр ҳам бўлардим...

Шоир қалби билан айиқларга ҳам дўст тутина олади, шоир сўзсиз балиқларни ҳам тушуна олади, шоир қанотсиз турналар каби осмонларга парвоз қила олади. Чунки шоирнинг қалби уммон каби чексиз, осмон каби беғубор. Шоирнинг яна шундай баҳор ҳақидаги шеърларидан бирини ҳофиз қўшиқ қилиб куйлайди:

Руҳимда йўқолди қарорим,
Танимда қолмади мадорим.
Бизларни бир йўқлаб келибсан,
Вафо қилурмисан, баҳорим?

Баҳорни соғинган шоир энди баҳорнинг муқим эмаслигидан чўчийди, соғинчи аримасдан туриб кўклам кетиб бораётганидан, ўрнини бошқа фаслга бўшатаётганидан “ўкинган”дек бўлади:

Ёз ўтди, куз ўтди, қиш ўтди,
Бошлардан синовли иш ўтди.
Юракка изғирин — ниш ўтди,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!

Баҳорнинг илк элчиси лолагулни гоҳ ханда қилаётган қирмизи лабга ўхшатса, унинг гулпояси тубидаги қора рангни доғга ўхшатади. Бу икки уйғунлик гўёки лолагулнинг руҳи ва танасига менгзалади — гулнинг жони йўқлигини инкор қилолмайсиз.

Лоланинг лаблари хандадир,
Доғи ҳам тубида — андадир.
Ўхшаши руҳ ила тандадир,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!

Чор-атроф оқ, кўк, яшил, пушти ранг либосга бурканган. Сувларнинг жилдираши, қуёшнинг гоҳ булут ортига бекиниши, гоҳ чарақлаб оламни мунаввар айлаши йилнинг шу бугундан бошланишини дараклаётгандек. Ҳофиз қўшиқ куйлайди. Шу қўшиғи орқали шоирнинг мангу яшашини куйлаётгандек, дўстларига гуллар тутаётганини эслатаётгандек:

Мана, бугун Наврўзи олам,
Дўстларимга гуллар тутарман.
Қайлардасан, севгили эркам…
Қўлимда гул, сени кутарман,
Умрим бўйи чорлаб ўтарман,
— Сен баҳорни соғинмадингми?

Абдулла Ориповнинг баҳор, табиат, Наврўз ҳақида шеърларини қайта-қайта ўқиркансиз кўнгиллардаги рутубат ўз-ўзидан йўқолади, шуълалар кўзни қамаштиради. Чунки яна биз интиқиб кутган баҳор кириб келди, ҳар йили кўклам бизга Абдулла Ориповнинг туғилган куни билан бирга кириб келади:

Яна кўнгиллардан рутубат кетди,
Яна шуълалардан қамашмоқда кўз.
Яна дилдорликнинг фурсати етди,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз. 

Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг