Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухородан Ванкувергача: ТАТУ собиқ талабаси, Канададаги Huawei ходими билан суҳбат

Бухородан Ванкувергача: ТАТУ собиқ талабаси, Канададаги Huawei ходими билан суҳбат

«Xориждаги ватандошлар» рукни доирасидаги интервюлар давом этади.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Huawei’нинг Канададаги илмий ходими, ватандошимиз Нодир Қодиров бўлди.

Қаҳрамонимиз Тошкент ахборот технологиялари университетининг бакалавр босқичини тамомлаган. Жанубий Кореядаги Конкук университетида магистратура, Канададаги Британия-Колумбия университетида докторантурада таҳсил олган.

«Қишлоқда, меҳнатни ўртасида туғилган»ман

Бухоро вилоятида туғилганман. Бухоро туманидаги 16-мактабда ўқиб, кейин ўша туманданги қишлоқ хўжалик коллежини битирганман. Ҳозир 37 ёшда охирги дипломим техника фанлари доктори бўлса, ҳаётдаги биринчи дипломим шу коллеждан, чорвадор фермерликда.

Болалик йилларимнинг энг асосий қисми: меҳрга тўла муҳитда ўсганим. Жонкуяр ота-она, севимли ака-укалару, опа-сингиллар, жипс қариндошлару-қишлоқдошлар ва фидойи ўқитувчилар бағрида улғайганман. Ҳаммаларидан доим миннатдордаман.

Болалигимнинг яна бир қисми бу меҳнат. Қишлоқда ўсганман. Даламиз, чорва молларимиз бўларди. Уларга ем-хашак олиб келиш, қишга жамлаш кундалик юмуш эди. Мавсумий пахта-буғдойдан ташқари, оилада тонналаб картошка, саримсоқ, ҳандалак етиштириб сотганмиз. Ҳожибой Тожибоев айтгандек, «қишлоқда, меҳнатни ўртасида туғилган»ман. Кўз қўрқоқ, қўл ботир мақолини амалда кўп қўллашга тўғри келган.

Биринчи курснинг ўзида илмий мақолам чоп қилинган

Ахборот технологиялари соҳасини Тошкент ахборот технологиялари университетига (ТАТУ) кирганимдан кейин танлаганман. ТАТУга ҳужжат топширишдан аввал аниқ фанларга, айниқса математика ва физикага қизиқардим. Устозларим, айниқса Шерали Очилов, физикага бўлган қизиқишимга катализатор бўлганлар. Гулбаҳор Пўлатова ва Зафар Болтаев математик гўзалликка кўзимни очганлар. Бакалаврдан ягона мақсадим фанга чуқурроқ кириш эди. Яхши олийгоҳлар Тошкент шаҳрида эди, боз устига Тошкентда талабалар пахта теримига чиқмасди. Уйдагилар ва устозлар маслаҳати билан ўша вақтдаги энг обрўли олийгоҳлардан бири, ТАТУга топширдим.

ТАТУга бориб физика-математикада давом этдим. ТАТУ математика кафедрасидан устоз топиб (Анвар Мирзаев), биринчи курснинг ўзида мақола чоп қилдик. Дастлабки мақолам Фурье қаторларидан фойдаланиб сигналларни спектрал таҳлил қилиш ҳақида эди. Устоз Мирзаев «узоқдаги юлдуздан келган нурни олиб, уни спектрал таҳлилидан юлдузнинг кимёвий таркибини олиш мумкин: масалан унда қанча платинум ва олтин борлигини аниқлаш мумкин» деганлари ҳалиям эсимда. Шу қизиқиш билан соҳага кирдим. Иккинчи йилга бориб дастурлаш тили (Pascal) дарслари бошланди. Бу дарс қизиқишимни тортди. Компютер дастурлари математик исботга ўхшарди: исбот қадамба-қадам қилингандек, дастур ҳам қадамба-қадам ёзиларди. Одатда буни алгоритм дейишади.

Ўша йили уйдагиларим шахсий компютер олиб берганларидан фойдаланиб, кўпроқ вақтим компютер олдида, дастурлаш билан ўтди. Биринчи дастурим ҳам физика соҳасига оид: қуёш атрофида планеталар айланишини қора экранда рангли нуқталар билан тасвирлаб, анимация қилиш эди.

Олийгоҳ билан боғлиқ яхши хотираларим кўп. Устоз Мирзаевдан ташқари, Умида опа, Маҳбуба опа, Дилором опа, Эркин ака ва Рустам Ҳамдамовлар соҳанинг яхши мутахасиси эдилар. Нафақат билим беришга уста, балки бу билим амалда қандай қўл келишини етказиб тушунтирардилар. Университет шароити ҳам яхши: компютерли кутубхоналар, кунига бир соат бўлса ҳам кутубхонадаги текин интернет, мутахасислик бўйича китоблар, Корейс ва Ҳинд ўқув марказлари билим олиш учун кенг имкониятлар очарди.

«Чинакам фанни ҳали кўрмадим» деган чанқоқ бор эди

Олийгоҳни тугатганимдан кейин, Кореяга магистратура учун ҳужжат топширишимга асосан 3 та сабаб бўлган: 1) чет элда билим олиш хоҳишим, 2) Кореяда грантлар борлиги, 3) ТАТУ Корейс марказидаги Улуғбек ака. Биринчи сабабнинг асоси бакалавр билимимдан қониқмаганим. Назаримда билмаганларим ҳали кўп: юрагимда «чинакам фанни ҳали кўрмадим» деган чанқоқ бор эди. Бу чанқоқни Ўзбекистонда магистр ўқиб қондира олишимга кўзим етмади. Аксинча, ТАТУни битириб, чет элга ўқишга борганларга ҳавас қилдим. Уларнинг маслаҳатини олиб, Корея, Япония, Европа ва АҚШдаги имкониятларни ўргандим. Кореяда грантлар борлиги ва бу орқали ота-онамга моддий юк бўлмай билим олиш имконияти ўзига тортди. Ўша пайтда Корейс марказидаги устозим Улуғбек ака, асл исми Jei Sang Jeon, маслаҳатлари билан Кореяга топширдим. Грант олдим. Улуғбек акага операцион тизимлар соҳасида магистр қилиш ҳоҳишимни айтганда, Конкук университетини маслаҳат бердилар. Шу орқали Конкукда қўним топдим.

Улуғбек ака билан. Шаҳрисабз, 2007 йил.

Кореяда таълимнинг мени қойил қолдирган жиҳати академия ва саноат (ишлаб чиқариш) ҳамоҳанглиги бўлди. Лабораторияларда талабалар лойиҳалар қилишарди. Уларнинг баъзилари давлат томонидан, каттагина қисми саноат корхоналари томонидан молиялаштирилган эди. Масалан, дунёга таниқли Samsung ва LG компаниялари университетлар билан ҳамкорликда лойиҳалар қиларди. Мен ҳам шундай лойиҳаларнинг бирида икки йилча ишладим. Илмий ишларимни конференция ва журналларда чоп қилдим. Профессорлар билан лойиҳалар қилиш ва натижаларни мақолада чоп қилиш Корея таълимдаги катта имконият эди.

Маҳаллийчиликни кўрмадим

Дунё кўриш одам дунёқарашини кенгайтиради. Ҳалиям эсимда, 2004 йил ТАТУга ҳужжат топширишга Тошкентга биринчи марта борганимда Тошкент шаҳридаги кўприкларга қойил қолгандим: «бу шаҳарда шундай кўприк қурувчилари яшаса, уларга бу кўприклар оддий ҳол бўлса, аҳоли қанчалик юксалган» деган хаёллар ўтган. Кореяда ҳам худди шу ҳолат такрорланди: дарёлар оша қурилган кўприклару, осмонўпар бинолардан ҳайратландим. Илҳомланиб, кўпроқ билим олишга, шу аҳолига мос, ўз ишим устаси бўлишга аҳд қилгандим.

Университетдаги таълим ҳам ҳавас қилгулик бўлди. Маҳаллийчиликни кўрмадим. Талабалар ўз устида қаттиқ ишларди. Профессорлар юқори малакали. Кўпчилиги Кореядан четда ўқиб келганди. Соҳасини қойиллатганлар эди. Менда «мана энди чинакам билим масканига келдим, шу ерда билим чўққисигача бораман, сарҳадга етаман» деган ҳиссиётлар билан бошладим. Лекин иккинчи йилни битиришга яқин сарҳаддан ҳали анча узоқдалигимга кўзим етди.

Дўстим Швейцария, мен Канадада PhD бошладим

Конкукни битириш арафасида PhD ўқишда давом этаман деган хулосага келдим. Аммо Кореяда эмас. Конкукда мен ҳавас билан қарайдиган барча профессорлар ғарбда, айниқса АҚШда PhD қилиб келишганди. Чинакам фан чанқоғимни АҚШда қондираман деган умидда, АҚШга топширим. Ўқишга қабул қилиндим. Университет 20 минг долларлик грант берди. Бу ўқишимни қопларди. Лекин яшаш учун йилига камида қўшимча 20 минг доллар керак эди. Ўзимдаги 2-3 минг доллар кам, уйдагиларга эса юк бўлгим келмади. Конкукдаги илмий раҳбарим Ким Дуён (Kim Doohyun) ва бошқа яқинлар билан маслаҳатлашиб, Кореяда бир неча йил ишлаб, тажриба ва пул йиғиб, кейин қайта PhDга топширишга қарор қилдим.

Кореянинг Электроника ва телекоммуникациялар тадқиқоти институти (ETRI) ва бошқа компанияларга ариза топшириб интервю қилдим. Бирдан ортиқ жойга қабул қилиндим. Келажакда PhD мақсадим борлиги сабабли ETRIни танладим: унинг дунёга танилганлиги ва Кореядаги энг катта илмий марказлиги мақсадимга мувофиқ эди. ETRIда иш бошлаб, у бежизга танилмаганлигини гувоҳи бўлдим. Марказда 3000 тача ходим ишласа, ўшандан 2000 дан ортиғи PhD эди. Марказнинг 40 йилга яқин тарихида TDX (Time Division Exchange), 4M DRAM (Dynamic Random Access Memory) ва 4G LTE Advanced каби муҳим кашфиётлар қилинганди.

ETRIда 3 йил давомида келажак интернети ва датацентр тармоқлари соҳаларида ишладим. Датацентрларга қизиқишим шу пайтлардан бошланди. Ҳамкасбларим кўпчилиги устозларимга айланди, шу қаторда Ли Таеҳо (Lee Tae-Ho). ETRIда энг омадим чопган нарса Таеҳо билан ҳамкасб бўлганим деб ҳисоблайман. Таеҳо мен билан тенгдош. Асли Кореялик бўлса ҳам АҚШда ўрта мактабни битириб, ахборот технологиялари соҳасида Техас университетида (University of Texas, Austin) бакалавр ва Стенфордда магистр олган. Унинг билим доираси, дунёқараши, фикрлаш тезлиги ва тиниқлиги менга афсунгардек туюларди. Бир йилдан кўроқ ёнма-ён ўтирдик, техник ва нотехник соҳаларда сабоқлар олдим. Учинчи йилга бориб биргаликда PhDга топширдик ва у Швейцария, мен Канада, хусусан Британия-Колумбия университетида PhD бошладим.

Британия-Колумбия университетида, Тизимлар  лабараторияси талабалари билан, 2017 йил

Университетда тизимлар соҳасида изландим

Компютер тармоқлари соҳасидан бошлаб, виртуализация, хотира, файл тизимлар, тизим унумдорлиги, тизимларда математик исботлар каби соҳаларга чуқурроқ кирдим. Орада қарийб 2 йилча АҚШдаги силикон водийсида (Калифония) ҳам ишлаб амалиёт қилдим.

Сиз саволни «қайси муаммо ечимига қаратилган» дедингиз. Бу ўринли савол. Ҳозиргача барча ишларим муаммо ечишга қаратилган. Лекин изланиш ҳар доим ҳам муаммо ечиш учун қилинмайди. Соф қизиқишлар сабабли изланиш ҳақида фикримни ўз блогимда ёзганман.

PhDда дастлабки мақолам датацентр унумдорлиги ҳақида эди, айниқса ресурсларни яхшироқ тақсимлаш орқали. Масалан, процессор, хотира, диск ва тармоқ ресурслари. Бу худди чорва фермасида 100 чорвага молхона қуриб, лекин унга 80 та чорва боқишдек гап. Чорва ўринлари бўш қолса фермер фойдаси камаяди. Лекин датацентрда ресурсларнинг қанчаси бўш эканлиги аниқлаш чорва санашдан мураккаброқ. Унинг учун мукаммал алгоритмлар ишлаб чиқилади. Биринчи ишимда шу алгоритмни математик исботлар асосида қуриш мумкинлигини кўрсатдик. Бу орқали датацентр фойдали иш коэффицентини 3 бараваргача ошириш мумкинлигини кўрсатганмиз.

Иккинчи ишим ҳам датацентрлар фойдали иш коэффицентини ошириш ҳақида эди. Фақат бошқача, тармоқ функциялари учун ишлатиладиган датацентрларда. Бунда ҳам янги алгоритм ва тизим таклиф қилиб, янги алгоритмнинг коэффиценти секинроқ-лекин-сифатлироқ алгоритмга 96% яқин эканлиги аммо ўртача 82 марта тезроқ эканлигини кўрсатганмиз. Учинчи ишим ҳам датацентр тармоғи унумдорлиги муаммосига қаратилди. PhD диссертациям бу ишларни бирлаштирди.

PhD диплом олиш мароси, COVID даври, 2021 йил.

Янгиликка урғу катта

Huawei илмий изланиш учун яхши жой. Компанияни дунё бўйлаб 200 мингдан ортиқ ишчиси бор. Bloomberg’нинг 2022 йилги таҳлилига кўра, илмий изланишга ҳар йили 20 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлайдиган компаниялар дунёда бор-йўғи 6 та. Huawei ўшалардан бири. Бошқалари Meta (олдинги Facebook), Amazon, Alphabet (Google эгаси), Apple, ва Microsoft. Huawei улуши Microsoft’никига яқин, Apple’дан 1 миллиард камроқ ва етакчи Meta’дан 2.5 миллиард камроқ. Айтилишича Huawei олган даромадининг 10 фоизини илмий изланишга сарфлайди.

Булар ташқи маълумотларга асосланган. Лекин Huawei’даги шахсий тажрибам ҳам буни тасдиқлайди: янгиликка урғу катта. Изланувчи сифатида ўзимни вазифам муаммоларни аниқлаб, ўрганиб, янги ечимлар таклиф қилиб, мақола ва патентлар орқали саноатга тадбиқ қилиш. Ҳозир датацентрдаги график дастурлар учун тизим қилаяпмиз. Мен тизимнинг умумий архитектураси, хусусиятлари, ресурс тақсимоти ва унумдорлиги жиҳатларида ишлайман.

Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас

Канада табиати чиройли. Яшаш учун, айниқса оила учун яхши жой: тинч, осойишта, тоза. Кўпчилик халқи ёрдам беришга тайёр, бағри кенг. Ривожланган иқтисодиёти, саноати, соғлиқни сақлаш тизими ва дунёда номи чиққан билим масканлари бор.

Канадада салбий тассуротларимни йўқ деса ҳам бўлади. Масалан, мен яшайдиган шаҳар Ванкуверда ёмғир кўп ёғади. Октябрдан бошлаб апрелгача ҳафтасига 4-5 кунлаб ёмғир ёғади. Биринчи келганимда ёмон таъсир қилган. Атрофдагиларни кўпчилиги ҳам ёмғирдан нолирди. Мен табиатдаги яшилликни ёқтираман. Бу ўзгача гўзаллик. Бухоролик сифатида яшил бўлмаган гўзалликни ҳам қадрлайман, лекин қучоққа сиғмайдиган танали, одамдан 30-40 баравар баланд (60+ метр) дарахтлар гашти ўзгача. Ёмғир бўлмаса бу дарахтлар бўлмайди. «Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас» деганларидек, яшилликни ҳоҳласам, ёмғирдан қочмаслигим керак.

Ванкувер, 2023 йил.

Илмий изланиш услубимизда соф қизиқишларга етарлича имкон берилмаяпти

Саволингиз: «бугунги кунда изланувчилар соф қизиқишни асосий ўринга қўймоқдами?” Қисқача фикримни ёзаман. Чуқурроқ фикримни қачондир блогимда ёзарман. Унда MIT профессори Rodney Brooks’нинг 2020 йилги мақолага тақриз (инглизча: peer review) ҳақидаги мақоласига ҳам тўхталаман.

Энди саволизга қайтсам: соф қизиқишлар асосий ўриндами? Менимча йўқ. Соф қизиқишлар билан бориш қийин. Аниқроғи соф қизиқишлардан келиб чиқиб мақола чоп қилиш қийин. Сабаби оддий: конференция, журнал ва нашриётлар муҳим нарсани чоп қилишни истайди. Фанда муҳимликни қандай баҳолаймиз? Ҳозиргача энг ишончли йўл: муҳимликни «фойдалилик» орқали ўлчаш. Нима фойдали? Муаммони ҳал қилган нарса фойдали. Бу муаммо қай даражада муҳимлигини аниқласангиз бўлди, кашфиёт муҳимлигини билвосита баҳолайсиз.

Лекин доим ҳам бундай қолмайди. Аниқроғи шундай қолмаслигига умид қиламан. Фан доим ривожда. Кейинги олимлар фойдалилик ва соф қизиқишни яхшироқ баланс қилишади, деб ўйлайман. Ҳозирги илмий изланиш услубимизда соф қизиқишларга етарлича имкон берилмаяпти деб ҳис қиламан.

Лекин бу борада фан соҳаси ёлғиз эмас. Ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам шундай: соф қизиқишлар ортидан эргашиб мақсадга эришиш қийин. Машҳур «Титаник филми продюсери Жеймс Кэмерон ҳаётий ҳикояси бор. Камерон ёшлигидан фан-техникага, айнисқа сув ости ва бошқа оламларга қизиқади. Йиллар олдин океан қаърига чўккан Титаник кемасини ўз кўзи билан бориб кўргиси келади. Бунинг учун маблағ етмайди. Маблағ топиш учун «Титаник» филми сценариясини ёзади. Кино ҳомийларига «Титаник» ни бориб кўрсам, кино ҳақиқийроқ чиқади» деб сафар режасини тақдим қилади. Ҳомийлар сафар харажатини кўриб, сафарни инкор қилишади. Камерон кўнмайди. Асл мақсади, океан қаъридаги Титаникни ўз кўзи билан кўриш учун қайта-қайта ҳаракат қилиб, охири ҳомийларни кўндиради.

Ҳозир изланувчилар ҳам шундай қилишлари керак. Балки аллақачон қилишаяпти. Кэмерон соф қизиқишини Титаник билан қоплаганидек, олимлар ҳам соф қизиқишларини «муаммо» билан қоплашлари керак. Нашриётчилар муаммони кўриб, мақолани чоп қилади. Баҳонада соф қизиқиш ҳам қондирилади.

Саволингизнинг «Импостор синдроми»  ҳақидаги иккинчи қисмига тўхталадиган бўлсам, тахминим: бу синдромли кишилар сони ўзгармаган. Шахсан мен, борган сари кўпроқ кишиларда бу синдромни учратаяпман. Лекин бу кўпроқ киши чалинаяпти дегани эмас. Яқинда ўрганган нарса ҳаётда кўпроқ учрашини қайтарувчанлик иллюзияси дейишади (инглизча: frequency illusion). Масалан ўзим фарзандли бўлиб, кўчада болалалар аравачасини етаклай бошлаганимда «ташқарида нега бунча аравача кўп, аввал бунақа эмасдику» деб ҳис қилганман. Аслида эса аравачалар мен ота бўлишимдан олдин ҳам шунча бўлган. Мен буни ота бўлганимдан кейин пайқаганман. Унгача йўлакда икки аравача зўрға сиғиши муаммосини учратмаганман. Психологлар бу иллюзияни миянинг бир нарсага одатдагидан кўпроқ эътибори натижаси деб ҳисоблашади. Мен бунга қўшиламан. Импостор синдроми ҳам шунга ўхшаш деб ўйлайман. Мен уни ҳаётда кўпроқ учратаяпман ва ўша блогни ёзганимдан бери кўпроқ киши менга бу синдромга у ҳам чалинганини айтаяпти. Шахсан мен бу синдромсиз олимлар камчилик деб ўйлайман.

Чинакам фан фарқини тиниқ кўрсатган

Севимли уч китобим: Ричард Бах ва Руссел Мунсоннинг Jonathan Livingston Seagull қиссаси. Инглиз тилида. Тўдадан фарқли бўлиш айб эмаслигини, бошқача ҳаёт тарзи порлоқ келажакка олиб бориши мумкинлигини қуш ҳаёти мисолида яхши кўрсатган. Мана бу Аҳмад Отабоевнинг ўзбек тилига таржимаси: Оқчарлоқ Жонатан Ливингстон.

Ричард Фейнманнинг Surely You're Joking, Mr. Feynman! (мазмуний таржима: «Сиз албатта ҳазиллашаяпсиз, мистер Фейнман» ) китоби. 1965 йилда Физика бўйича Нобел мукофоти олган, ўзим ҳурмат қиладиган, олим автобиографияси. Фейнман олим қандай улғайишини ўз мисолида қойилмақом тасвирлаган. Нафақат ёш олимларнинг ўзларига, балки ота-оналарга ҳам қўлланма қилиб ишлатса бўлади. Яъни фарзандингизда шундай қобилият сезсангиз, демак ёш Нобелчи тарбиялаяпсиз. Қолаверса, фан ҳаётнинг ажралмас қисми эканлигини, хўжакўрсинга фан қилиш билан чинакам фан фарқини тиниқ кўрсатган. Латифаларга ҳам бой китоб.

Питер Тиел ва Блейк Мастернинг Zero to One: Notes on Startups, or How to Build the Future китоби (инглиз тилида). Мазмуний таржима: «Йўқдан бор: компаниялар ва келажакни қуриш ҳақида изоҳлар» . Иншо сифатида ёзилган кўриниши мана бу ерда (инглиз тилида). Янгиликлар қандай қилиниши, даҳолар қандай ўйлаши ва яшаши, уларни бошқалар қандай кўришини ҳаётий мисоллар билан яхши тасвирлаган.

Меҳнатдан қочмаса, омад сизни қувади

Интервюни икки ҳикоя билан якунлайман. Иккаласи ҳам ўз ҳаётимдан. Айтишимни сабаби, бошқаларга мен ҳам улар каби оддий одам, керак бўлса оддий қишлоқ боласи эканлигимни таъкидлаш. Буларни ўқиб улар ҳам ҳаёт кемаларини ўз қўлларига олишлари ва бу кемани ўзлари ҳоҳлаган қирғоққа буришларига ундаш.

Биринчиси: картошка чопиқ мавсуми эди. Бухоронинг май ойида ҳаво энди исиб, кунлар узайиб, кечки саккизларгача далада ишлаш имкони бўларди. Даладаги картошка жўякларидаги (эгат) бегона ўтларини чопиб ташлаб, картошка танаси остига кўпроқ қум ташланарди. Шунда тананинг кўпроқ қисми қумга ботиб, илдиздаги картошкалар янада куч оларди, каттароқ ҳосил берарди.

Адашмасам 2002-2003 йиллар, ТАТУга киришимдан 2 йилча олдин. Бу вақтга келиб мен фанга анча қизиқиб қолгандим. Ўша куни қоронғу тушди, лекин узун жўякни охиригача чопиқ қилишга улгурмадим. Шуни тугатсам, эртаси кўпроқ дарс қиламан деб, қоронғуда чопиқда давом этдим. Уйдагилар «кирақол энди, қолганини эрта қиласан» дейишди. Уларга индамай, ишимда давом этдим. Фурсат ўтиб, бир-икки такрорлашди. Чарчоқ ва ғазаб аралаш «ҳали ишимни тугатмадим, бугун тугатмасам эртага яна қилишим керак, эртага эса кўпроқ ўқимоқчиман; нега фалончи домла кунини билимга сарфлай олади, мен эса далада ҳам ишлашим керак» деб зарда билан сўрадим. Уйдагилар ёш болага ёйишди шекилли «чунки у домла омадли» дейишди.

Бу домла Шерали Очилов эди. Аввалроқ айтган физика тайёрлов курсидаги устозим. Устоз омадлари бордир, лекин бу омад устоз жонкуярликлари ва меҳнатлари олдида дарёдан томчи эди. Буни бир неча марта шахсан гувоҳи бўлганман. Масалан, тайёрлов курси кунларимдан бирида физикадан масалани ечолмай қолдим. Устозга энди саволни берганимда танаффус бошланди. Устозлар алоҳида, талабалар алоҳида овқатланишга чиқиб кетди. 30 дақиқалик овқатланишдан қайтганимизда, устоз келиб «ечимни топдим» дедилар. Мен эса «қачон улгурдингиз, овқатланишдан энди келдикку» дедим. Домла «нима, мен овқатланганда ўйлолмайманми» дедилар. Бу устоздаги омадни эмас меҳнаткашликнинг яққол ифодаси эди. Мен йилида бир қоронғуда чопиқ қилсам, домла ҳар танаффусда масала ишлардилар.

Иккинчи ҳикоям: геометрия масаласини ишлаш ҳақида. Бу ҳам тахминан 2002 йиллар эди. Куз фасли охири. Мавсум тугаб, беда поялари қазиб олинарди. Бу пояларни болға билан янчиб, қўлда бўлакларга ажратиб чорва молларга берардик. Қўлим поя янчиш билан, миямда геометрияга оид бир масала айланарди. Савол параллелолграммнинг ташқи бурчаги ҳақида эди. Унинг чизмасдан масалани ишлаш қийин туюлди. Қўлимдаги беда поя бир янчдимда, суви чиққан пояни қалам сифатида ишлатиб, қаршимдаги қуруқ ёғочга поя намлиги билан параллелограмм шаклини чиздим. Ташқи бурчагига эътибор бериб жавобини топаётганимда, ёғочдаги сув қуриди. Жавоб топмасимдан параллелограмм йўқолди. Чорва айвонидан уйга бордимда, ҳақиқий қаламни олиб келиб ёғочда шаклни қайта чизиб, масалани ечдим. Шу қаламни масала ишлаш учун айвонда анчагача сақладим.

Икки ҳикоя тугади. Қиссалардан ҳисса: қатъий хоҳиш бўлса, чорва айвонни дарсхонага айлантирса бўлади. Меҳнатдан қочмаса, омад сизни қувади. Йиллаб меҳнат ортидан эса Чорвадор фермер дипломини Техника фанлар доктори дипломига айлантирса бўлади.

Кема сизники. Оқимга таянманг. Қирғоққа буринг.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг