Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Бу хабар дунё бўйлаб сиёсий шок тўлқинини яратиши аниқ» – таҳлилчи

«Бу хабар дунё бўйлаб сиёсий шок тўлқинини яратиши аниқ» – таҳлилчи

Ҳатто демократик партиядаги сафдошлари ҳам ундан номзодини қайтариб олишни сўраётганди.

Фото: Getty Images

Кеча, 21 июль куни АҚШ етакчиси Жо Байден мамлакат президентлиги учун сайловда ўз номзодини қайтариб олишини маълум қилди. «Мен қайта сайланиш ниятида бўлганим ҳолда, ўз партиям ва мамлакатим манфаатлари сабаб чекинишим ва қолган муддат давомида фақат президентлик вазифамни бажаришга эътибор қаратишим керак деб ҳисоблайман», – дея қарорини изоҳлади Оқ уйнинг амалдаги хўжайини.

Ноябрь ойида 82 ёшга тўладиган Байденнинг президентлик пойгасидан чиқиши у қадар кутилмаган ҳодиса бўлмади. Демократик партия вакили бўлган амалдаги президент 27 июнь куни Атланта шаҳрида республикачилар номзоди Дональд Трамп билан бўлиб ўтган илк сайловолди теледебатда қақшатқич мағлубиятга учради. Байденнинг бўш-баёвлигидан кўнгли тўлмаган демократлар у президентлик пойгасидан чиқиши ва ўрнини бошқа кучлироқ номзодга бўшатиши кераклигини талаб қила бошлади.

13 июль куни Трампга қарши уюштирилган суиқасд ортидан республикачилар номзодининг рейтинги кескин кўтарилди. Шу сабаб айрим сиёсатшунослар мажозий маънода «Республикачи Трампга отилган ўқ демократ Байденга тегиб уни йиқитди», деб ёзишди.

Бу орада Байден коронавирусга чалингани ўртага чиқди.

Шу тариқа демократик партия вакилларининг кучли босими остида кекса президент галдаги сайловда қатнашмасликка қарор қилди.

Байден сайловда сафдоши ва  ҳаммаслаги, вице-президент Камала Ҳаррис номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Вице-президент аллақачон президентликка номзодини қўймоқчи экани ҳақида баёнот берди. Президентнинг дастаги Камала Ҳарриснинг номзодга айланганини англатмайди. Бу қарор демократик партия қурултойида кўпчилик овоз билан  тасдиқланиши керак.

Асл касби ҳуқуқшунос бўлган Камала Ҳаррис энди бор масъулиятни зиммасига олиши керак. Карикатура муаллифи – Ahmad Rahma.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос ва таҳлилчилар ҳам океанортида рўй бериб, бутун дунёда акс садо берган ҳодисага муносабат билдирмоқда.

«Бойдин бува қаричиликни тан олди ва президентлик сайловидан чиққанини эълон қилди. Вориси сифатида вице-президент Камала Ҳаррисни кўрсатди. Трамп эса аёллар устидан ғалаба қозонишга уста. Кўраверамиз...» – деб ёзди журналист Шуҳрат Шокиржонов.

«Вақтида, обрўси борида кета билиш ҳам ноёб қобилият», – дея Байденнинг қарорига қисқа изоҳ берди «Generalissimus» канали.

«Анчадан бери кутилаётган бўлса-да, бу хабар дунё бўйлаб сиёсий шок тўлқинларини яратиши аниқ. Замонавий АҚШ тарихида сайловга саноқли ойлар қолганда амалдаги президентнинг ўз номзодини қайтариб олиши кузатилмаган... Демократлар номзодлигини қўлга киритса, Камала Ҳаррис Трампни қанчалик енга олиши номаълум. Чунки унинг ҳам рейтинги у қадар яхши эмас», – деб ёзди журналист ва таҳлилчи Беҳзод Мамадиев.

Трамп даъвосича, «Байдендан кўра Ҳаррисни мағлуб этиш осонроқ бўлади». Фото: AP.

«Байден ўзининг вице-президенти Камала Ҳаррис номзодини илгари сургани – опа аниқ номзод бўлди дегани эмас. Ҳали Демократлар партияси ичида праймериз бўлиши керак. Чунки номзод кўрсатишнинг ўз процедураси бор. Муаммо шундаки, АҚШ тарихида жорий президент номзод бўлиб туриб, сайловга оз қолганда ўз номзодлигини олмаган. Сайловга уч ярим ой қоляпти – 5 ноябрда сайловлар. Шу қисқа вақт ичида демократлар «кимни кўрсатсак Трампни аниқ ютади?» деган съезд ва жараёнларни ўтказиши керак. Камола опа – асосий номзод, чунки мақоми юқори – вице-президент. Лекин партия ичида рейтинги ва харизмаси юқори бўлган сиёсатчилар бор. Сўровномаларга кўра опа Трампни енга олмайди», – деб ёзди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

«Байден яна бир бор демократик давлат анъанасини кўрсатди. Ҳокимият афюнидан қутула олиш мумкинлиги, бунга фақат халқ (сайловчилар) мажбур қила олиши яна бир бор исботланди. Демократларни энди ким сайловга етаклашидан қатъи назар уларнинг ғалаба қозониши қийин.

Байден давридаги АҚШ Россиянинг Украинага босқинининг олдини ололмагани билан эсда қолади. Қолаверса, Байден мигрантларга нисбатан юмшоқ сиёсат юритди. Умуман олганда, Байден типик мўътадил дипломат ва буни амалда кўрсатди», – дея Байден даврига умумий баҳо берди таҳлилчи Муҳаммадқодир Собиров.

«Қўрқаманки, 25 йил аввал (Россия президенти Борис) Ельциннинг кутилган ва кутилмаган қарори қанчалар кечиккан бўлса ва бу кечикиш нафақат россияликлар учун, бутун инсоният учун қанчалар оғир оқибатлар олиб келган бўлса, Байденнинг кечиккан қарори ҳам шундан кам бўлмаган оқибатлар яратади», – дея АҚШдаги президентлик сайлови геосиёсатга қанчалар кучли таъсир этиши мумкинлигига ишора қилда иқтисодчи Отабек Бакиров.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг