Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

Болалар эски идора ва ошхонада ўқияпти: Обиканда қишлоғига янги мактаб зарур

Болалар эски идора ва ошхонада ўқияпти: Обиканда қишлоғига янги мактаб зарур

Фото: Xabar.uz

Қашқадарё вилояти, Китоб тумани, Обиканда қишлоғидаги 63-мактабдан мурожаат келиб тушди.

«Ассалому алайкум. Сизга жуда оғриқли ва муҳим масалада мурожаат йўлламоқдамиз. Қишлоғимизда жойлашган 63-умумий ўрта таълим мактабида шароит оғир. Болалар мослаштирилган бинода таълим олмоқда, иншоот эскириб, айрим жойлари чириган, кўчган, авария ҳолатига келиб қолган, замонавий талабларга мутлақо жавоб бермайди. Туман раҳбарлари келиб, янги мактаб ҳақида ваъда бериб кетишади, аммо йиллар ўтдики, фойдаси йўқ...»

Шароит билан яқиндан танишиш ва масъуллар билан гаплашиш мақсадида Xabar.uz мухбири Обиканда қишлоғига борди.

Обиканда — Китоб тумани марказидан 25 километрча узоқликда, тоғлар бағрида жойлашган баҳаво қишлоқ. Табиати гўзал, маҳаллий аҳолига кўра, янгиликлар кириб бормоқда, уяли алоқа сифати анча яхшиланган. Фақат мактабдаги шароит шунча янгиликка «ярашмай тургани» айтилди.

Дарҳақиқат мактабда аҳвол ҳавас қиларли даражада эмас. «Обиканда» МФЙда ёшлар ишлари бўйича етакчи лавозимида ишловчи Жавоҳир Турсуналиевнинг айтишича, ўқувчилар қишин-ёзин кўп хоналари ҳатто пол қилинмаган, бетони кўчиб ётган, доскалари эски, совуқ хоналарда ўқишга мажбур. Мактабда жами 420 нафарга яқин ўқувчи икки сменада таҳсил олади.

Фото: Xabar.uz

Коридор бўйлаб инглиз тили дарси бўлаётган хонага кирамиз. Ҳартугул,  ҳозир ҳаво исиган, ўқувчилар совуқ қотгани йўқ, дейди дарс ўтаётган ёшгина ўқитувчи. Аммо хонада фақат парталар янги холос, улар яқинда келтирилган, хона пол қилинмаган, инглиз тилида тинглаш, мултимедиавий қуроллардан фойдаланиш имконияти йўқ. Досканинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди...

Ўзини Исломбек дея таништирган еттинчи синф ўқувчисининг айтишича, ўқувчилар қишда жуда қийналган.

— Қиш кунида хона мутлақо исимайди. Уйдан қалин кийиниб чиқиб, дарсда ечмай ўтирамиз. Оёқ таги бетон. Пойафзалимиздан совуқ ўтиб кетади,—дейди ёш ўсмир.

Бу хонани тарк этиб, дарс бўлаётган бошқа хонага йўналамиз. Афсуски, у ерда ҳам бизни қувончли нарсалар кутаётгани йўқ, аҳвол бунданда ёмонроқ. Ўқувчиларда дафтар, китобдан ўзга қурол бўлмаганидек, хонадаги шароит киши дилини ҳуфтон қилади.

— Шу мактабда қарийб ўттиз йилдан бери ишлайман,—дея гап бошлайди ўқитувчи Холчучук Шомуродова. — Бу мактаб очилганда ишга келгандим, яқинда нафақага чиқаман, ҳалиям янги бинодан дарак йўқ. Қишда иситиш тизими ёқилади, лекин у деярли иситмайди, оёқ таги кафел, униям кўп жойлари кўчиб кетган. Совуқда дилдираб ўтирган болаларга дарс тушунтиришни бир тасаввур қилинг! Лекин кўнглимизда умид бор, ҳукуматимиз эътиборга олиб, янги бино қуриб беради деган ниятдамиз.

Хонадан чиқиб кетаётганимизда, ўқувчилардан бири ўз фикрларимни айтсам бўладими дея бизни тўхтатди.

— Мен шу мактабнинг 7-синф ўқувчиси Муродалиев Нурбекман. Энг асосий муаммоларни айтадиган бўлсам, биринчидан хоналар етарли эмас, иккинчидан қишда жудаям совуқ қотамиз. Табиий фанларни ўрганиш учун шароит йўқ. Мана биз, физика хонада ўтирибмиз. Аммо ҳеч қанақа физик ашёлар, қурилмаларимиз йўқ. Тасвирий санъатни ҳам, адабиётни ҳам, физикани ҳам, кимёни ҳам шу хонада ўтамиз —, дея сўзларини давом эттирди ўқувчи. — Шу йил қишда совуқ сабаб қаттиқ грипп бўлиб, бир ҳафта даволанишга мажбур бўлдим. Синфдошларим ҳам қишда кўп касал бўлишади.

Фото: Xabar.uz
Фото: Xabar.uz

Мактаб ўқитувчилар ва ўқувчилар билан суҳбатлашиб бўлгач, директор билан ҳам суҳбат қурдик.

Таълим муассаси раҳбари Абдуқаюм Мухторовнинг айтишича, у мактабда 1991 йилдан бери рус тили фанидан дарс бериб келади, шунингдек, 2008 йилдан буён директор вазифасида ишлайди.

Мактаб директори Абдуқаюм Мухторов. Фото: Xabar.uz

— Ушбу мактабнинг шу пайтгача ўз биноси бўлмаган, — дея гап бошлади директор. — 1990 йилда эски совхознинг идораси ва унга қўшни ошхона бирлаштирилиб, мактаб қилинган. Ушбу биноларнинг ўзи эса Собиқ Иттифоқ даврида, ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган. Яъни бу мослаштирилган бино. Янги мактаб ҳақида 33 йилдан бери орзу қиламиз. Вилоят ва туман раҳбарлари ҳолатдан хабардор. Бизнинг мактабдан беш юз метрча узоқликда бўш коллеж биноси бор. Шуни бизга олиб бермоқчи ҳам бўлишди. Аммо бу бино бошқа вазирлик балансида, шунингдек, янги бўлсада, иситиш ва бошқа коммунал тизимлари ҳароб аҳволга келиб қолган. Керак бўлса иситиш тизимини мана шу эски мактабимиздан-да ёмон деса бўлади.

Етти йилдан бери, коллежга кўчасиз деган гаплар ҳам бўлади, лекин қолиб кетади. На янги мактаб қурилади, на бошқа масала ҳал қилинади.

Қишда хоналар яхши исимайди. Кўмир заҳираси берилади, аммо хоналар у билан кўнгилдагидай исимайди. Тўғри, кўп хоналарга янги парта, стол-стуллар ҳам берилди, фойдаланяпмиз. Айрим хоналарга ўзимиз печ ўрнатиб, ўтин опкелиб ёқдик, бошқа иложимиз йўқ. Мана шундай қилиб қишдан чиқиб олдик. Ичимизда 35-40 километрдан келиб қатнайдиган ўқитувчиларимиз бор. Шундай шароитда қатнашяпти, келиб ишлашяпти...

Фото: Xabar.uz
Фото: Xabar.uz

Манбаларимизга кўра, Китоб тумани ҳокими Ўктам Пардаев апрел ойида 63-мактабга келиб шароитлар билан танишган. Аммо гувоҳларга кўра, ҳоким янги мактаб қурилиши ёки вазиятнинг ўнгланиши борасида айтарли гап айтмаган. Шунингдек, вақтида мактабга вилоят ҳоким ўринбосари даражасидаги раҳбарлар ҳам келиб-кетган. Қашқадарё вилояти раҳбарияти ҳам мазкур мактаб муаммосидан хабардор.

Сўзимиз охирида, масъул идоралар, ҳокимликлар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан ушбу таълим муассасасига эътибор қилишни ва муаммоларни ечишни сўраб қолардик. Обикандалик ёшлар ҳам бошқа ҳудудлар каби қулай хоналарда ўқишга, таълим олишга ҳақли.

Маълумот ўрнида: мактаб ҳолати суратлари 2023 йил, апрел ойида олинган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг