Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

«Биз ҳали ерни чопмасдан туриб, унга уруғ экишга ҳаракат қиляпмиз» – мутахассис

Ҳар бир даврда таълим олиш жуда долзарб масала бўлиб келган. Чунки таълим мамлакат тараққиёти учун улкан ҳисса қўшувчи манба ҳисобланади. Аслида таълим ўзи ичига қандай мақсадларни қамраб олган бўлиши керак? Таълим мафкура билан биргаликда олиб борилиши керакми?

«Xabar.uz» узоқ йиллардан бери таълим тизимидан ишлаб келаётган сиёсатшунос Хайрулло Умаров билан таълим мавзусида суҳбат қилди.

– Ўзбекистонда таълим тизими тўғри йўлга қўйилганми? Тизимдаги хато ва камчиликлар нималардан иборат?

– Инсонларда ҳайвонлардан фарқли равишда онг бор. Инсон тарих мобайнида ўзи эгаллаган билимларни кейинги авлодга қолдиришга ҳаракат қилади. Инсон бу ҳаётга нима учун келганини ҳар доим мушоҳада қилиб боради. Мана шу нарса инсонга таълимни заруратини юзага келтиради. Дастлаб, халқлар ўз кўрган-кечирганларини ғор деворларига чизишга бўлса, кейинчалик, китоб ёзиш орқали келажакка маълумот қолдиришган.

Сиёсатшунослик фанида сиёсатга 200 дан ортиқ таърифлар мавжуд. Шулардан бири: «сиёсат – бу миллатлар ва халқларнинг яшаш учун ақлий кураши». Ҳайвонот оламида ҳам яшаш учун кураш кечади. Уларда асосан кураш физиологик бўлади. Мисол учун, шер кийикни овлайди. Бу яшаш учун кураш. Бу ерда ким ғалаба қозонади? Қайсики организм жисмонан кучли бўлса, у ҳаёт саҳнасида қолади. Иккинчиси ўлимга маҳкум. Учинчи йўл йўқ!

Инсонлар ҳам бу ҳаётда кураш олиб боради. Мана шу курашда биз миллатни, жамиятни бирлаштиришимиз керак. Ва шунинг учун миллатни ривожланиши учун керакли шарт-шароитларни яратишимиз зарур. Шу боис ҳар бир даврда кадрлар тайёрлаш долзарб масала бўлиб келган. Ҳатто, қадимги Миср папирусларида ҳам ёшларга илм берилиши ёзилган.

Ислом, насроний ва яҳудий динларида инсонни ягона зот яратгани таъкидланади. Инсонлар айни онг учун яратилган. Фаришталар Аллоҳга «одамни яратма, мана биз бормиз, биз сенга ибодат қиламиз», деган. Шунда Аллоҳ «мен билган нарсани сизлар билмайсизлар» деб жавоб берган.

Фаришталар илмни биз одамларга ўхшаб ўқиб олмайди. Аллоҳ одамни яратди ва унга ўрганишни фарз қилди. Натижада илм пайдо бўлди. Илмни таълим орқали олинади. Илмни эса муаллим беради. Муаллим берган нарса эса билим бўлади. Инсон барча билимлари олганидан кейин маълум бўлади. Маълум бўлган инсон эса олим бўлади. Олим ва олам араб тилида бир хил ёзилади. Демакки, инсоннинг асосий вазифаси илм олиш. Шу жиҳатдан таълим олиш зарурати бор.

Таълимнинг ҳам давлат даражасида ўзига хос даражалари мавжуд. Биринчи босқич – мактабгача таълим. Яъни, инсон дунёга келади ва атрофдаги билимларни ўрганишни бошлайди. Иккинчи босқич – бу ўрта таълим. Бундан инсонга қисқа тарзда, зарурий билимлар ўргатилади. Учинчи босқич – бу олий таълим. Бу босқичда муайян бир соҳа бўйича миллий кадрлар тайёрланади. Тўртинчи босқич – бу кадрлар малакасини ошириш ҳисобланади. Бу олий таълимдан кейинги таълим ҳисобланади. Биздаги таълим ҳар доим мана шу тўртта даврни ўз ичига қамраб олиши керак.

– Ўзбекистонда таълим тизимида муаммолар нимада?

– Бизнинг асосий мақсадимиз – халқимизни илмий жиҳатдан юксалтириш бўлиши керак. Мустақилликнинг дастлабки йилларида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган. Буларнинг асосий мақсад-вазифаси аслида жамиятнинг билим савиясини оширишга қаратилган. Таълим биринчи навбатда миллий манфаатларни таъминлашга қаратилган бўлиши керак. Миллий манфаат ўзи нима? Миллий манфаат учта таркибий қисмидан иборат. Биринчи – фундаментал асоси. Иккинчиси – сиёсий асоси. Учинчиси – шаклий асоси.

Шаклий асосга давлат байроғи. герби, мадҳияси киради. Таълимни ҳар қандай босқичида базавий миллий қадриятлар ёш авлодга сингдириб борилиши керак. Афсуски, бизда охирги вақтларда одамлар диплом учун ўқишмоқда. Азалдан халқимиз болам илмли бўлсин, деб ҳаракат қилган. Лекин бирмунча вақт ўтиб, одамларимиздаги бу қараш «болам дипломли бўлсин», деган фикрга ўзгариб қолди. Яъни, одамларимиздаги тафаккур 60 йил ичида мутлақо ўзгариб кетди. Илгари одамлар олий маълумотга эга бўлмаса-да, дунёқараши анча кенг бўлган. Чунки уларга ўқишни, илм олишни ва методикани ўргатишган. Ҳозир аксар одамлар нима учун ўқиётганини билмайди.

Келинг, таълимни базавий асосларига тўхталсак. Боғчаларга эътибор берсак, болалар ўйнайдиган жойга турли расмлар чизиб қўйилган. Расмлар орасида «Шрек», «Маша ва Медвед» ва «Tom and Jorry»??? каби мултфильм қаҳрамонлари бор-ку, лекин ўзбек миллий қаҳрамонлари йўқ! Яъни, бу ерда биз ёш боланинг онгига миллий қадриятларни эмас, балки бошқа қадриятларни сингдиряпмиз.

Бошқа томондан, болалар учун чиқаётган асосий адабиётлар хорижники. Буларнинг ичида бизни миллий қадриятларимизга тўғри келмайдиган жойлари ҳам бор. Кўрилаётган бадиий фильм ва мултфильмларга эътибор беринг. Ўзбек миллий қадриятларини акс эттирувчи мултфильм ёки бадиий фильмлар жуда кам. Ўрта ёшдаги болалар томоша қилаётган бадиий фильмларда асосан жанг саҳналари, қоронғилик тасвирланган. Бу ёшларнинг онгига жиддий таъсир кўрсатади. Биз эса ҳали ерни чопмасдан туриб, унга уруғ экишга ҳаракат қиламиз. Бундай шароитда баъзи жойларда уруғ униб чиқиши мумкин, лекин кўп жойда уруғ унмайди.

Таълим билан жиддий боғлиқ нарса – бу методика ҳисобланади. Афсуски, биз методикани йўқотиб бўлдик. Яқин-яқингача олий таълим, мактаб таълими ва мактабгача таълим тизимида методик марказлар бўлар эди. Ҳозир 2-синфда ўқувчиларга инглиз тилидан дарс киритилган. Унда ўқувчиларга инглиз тилида сифат даражалари ҳақида дарс берилади. Бироқ она тили фанида ўқувчи бу мавзуни 4 синфда ўтади. Мана сизга мантиқсизлик...

Ёки бўлмаса, чизиқли тенгламалар мавзуси геометрия фанидан 7-синфда ўтилади. Алгебра фанида эса бу мавзу 8-синфда ўтилади. Бунга ўхшаш камчилик тарих дарсликларида ҳам мавжуд. Масалан, бир куни ўғлимдан бугун мактабда тарих фанидан қайси мавзуда дарс ўтилганини сўрадим. Ўғлим менга тарих фанидан Россия ҳудудини мўғуллар томонидан босиб олиниш мавзуси ўтилганини айтди. Ундан Чингизхон ким эканлигини сўрадим. Бироқ ўғлим Чингизхон тарихда қандай шахс бўлганини билмади. Уни яхши ўқимаётгани учун бироз койидим. Кейинчалик билсам, Чингизхон мавзуси 2 та дарсдан кейин ўтилар экан. Бу методик хатолар ҳисобланади.

Таълим қайсидир маънода миллий қадриятларни сингдириши керак. Масалан, Совет иттифоқи даврида Лениннинг доҳийлигини мактаб дарсликлар орқали ёшлар онгига сингдирилган. Бугун бизда қандай мафкура бор? Ёшларга нималарни ўргатяпмиз?

Ёш йигитлар жуда ғайрат ва шижоатга тўла бўлади. Кўплаб мамлакатларда жисмоний тарбияга жуда катта эътибор берилади. Совет иттифоқида ҳам шундай бўлган. Бугун эса бизда ёшлар кўпроқ уяли алоқа воситаларига боғланиб қолиб, жисмоний машқлар қилишни бироз эсдан чиқариб қўйишмоқда. Натижада бугун ёш болалар орасида пичоқлашиш ҳолатлари урчиб кетди. Бунинг боиси, боланинг ичидаги ички энергия чиқиб кетмаганида. Олдинлари болаларга оғир жисмоний машқлар бажартиришар эди. Бугун мактабларда жисмоний тарбия бор, лекин улар қанчалик самарали? Кўряпсизми, таълим ўз ичига бир нечта стратегик мақсадларни қамраб олган бўлиши зарур.

Бир нечта мутахассислар билан суҳбатлашганимда, улар коллеж ва лицейларнинг ёпилишига сабаб қилиб, ўқувчилар орасида пичоқлашишни авж олганини кўрсатишди. Ҳозир мактаб таълимини 11 йиллик тизимга ўтказдик. Нима бугун мактабларда пичоқлашишлар йўқми? У тизимда ҳам пичоқлашишлар бор. АҚШ таълим тизимида скаут жамоалари бор. Совет иттифоқи даврида пионерлар бўларди. Улар баданни чиниқтирувчи, жисмонан бақувват қилувчи машқларни бажарар эди. Бу орқали болаларда ватанпарварлик ҳиси шакллантирилади. Бугун бизда бундай тизим мавжуд эмас.

Мен эслайман, ёшлигимизда мусиқа мактабларига қатнар эдик. Мен рубоб чалишни ўрганганман. Ҳозир вилоятлардаги маданият марказлари ёпилиб кетган. Бор маданият саройлари бузилиб, ўрнига бинолар қурилмоқда. Ҳозир бўлса, барча тўгаракларни мактабдаги ўқитувчининг зиммасига юклаб қўйишган. Ўқитувчи бечора ўзи мактабда 8 соат дарс берса, яна унга тўгарак ташкил қилишни юклаб қўйишган. Буни устига болалар мактабдан тезроқ кетишни ўйлайди, биз уларни яна мактабга боришга мажбур қиламиз.

Болаларни қизиқтириш ўзига хос бир услубда олиб борилиши керак. Бадиий адабиёт ёки мултфильмлар орқали боланинг онгига дарс қилиш сингдирилиши лозим. Масалан, совет даврида шундай мултфильмлар кўп эди. Ўзим ёшлигимда «Иккичилар ороли» китобини севиб ўқиганман. Афсуски, бугун бизда бундай адабиёт ёки мултфильмлар йўқ.

–  Мана шу хатоларни тузатишга ҳам эътибор бериляптими?

– Давлат даражасида турли қарорлар чиқмоқда. Аммо бизда методик ишланмалар етишмаяпти.

– Давлат раҳбари йил бошида Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида, таълим тизимида Финляндия моделига ўтишни айтиб ўтди. Нима деб ўйлайсиз, Финляндия модели бизга қанчалик мос? Бу модель бизда қанчалик самара бериши мумкин?

– Финляндия таълим тизими – бу Британия таълим тизими ҳисобланади. Уларда давлат мактаблари бор ва ўқитувчи ўқувчиларга дарс ўтиб, уйга вазифа бериб чиқиб кетади. Кўплаб хорижий давлатларда бўлганман, уларда бизга ўхшаб фанларни чуқур ўргатилмайди. Хорижий мактабларда бирон фан ҳақида тушунча берилади.

Германияда бўлган вақтимда, у ердаги ўқитувчилар нима учун пора олмаслигига қизиб қолдим. Аниқлаштирсам, коррупцияга қўл урган ўқитувчи тиббий суғуртадан маҳрум қилинар экан. Яъни, уларда тийиб турувчи ричаглар мавжуд.

Бизда ўқитувчи қайсидир даражани олиши учун хориждаги конференцияларда мақола чиқариши керак. Аммо республика даражасида мақола чиқарсангиз ўтмайди. Қаранг, ватаним учун мақола чиқарсам ўтмайди, лекин кимгадир ғоя бериб, хорижда мақола чиқарсам ўтади. Мантиқ…

– Ўзбекистонда таълим сифатини яхшилаш учун қандай ишларни амалга ошириш керак деб ўйлайсиз?

– Таълим сифатини қандай оширса бўлади? Мен ўқиган вақтда талаба яхши ўқимаса, талабалик сафидан чиқарилар эди. Ҳозир олий таълим муассасалари 100 та ўқувчи қабул қилган бўлса, 100 та мутахассис етиштириб чиқариши керак. Ўқитувчи талабанинг баҳосини қўйиб бермаса, раҳбарлар аралашишни бошлайди. Натижада яхши ўқимаган талаба бир амаллаб 3 баҳо олиб институтни битириб олади.

Хорижий давлатларда ҳолат қандай? У ерда олий таълим масканлари 3000 та ўқувчини қабул қилса, охирида 200 та бола ўқишни якунлайди. Америка ва Европада биринчи курснинг ўзида 20-30 фоиз талаба ўқишдан ҳайдалади. Талабанинг шароити уларни қизиқтирмайди. Менимча, бизда диплом олишни даражалаш керак. Талаба олий таълимни битиргач, уни иш билан таъминлаш масаласи бор. Агар талаба ўқимаса уни қандай қилиб иш билан таъминлаймиз? Мана ҳозир Ипподром бозоридаги одамларнинг кўпида диплом бор. Ёмон ўқигандан кейин дипломни қандай кучи бўлсин?

Айримлар талабалик сафидан чиқаришни жорий қилсак, талабалар орасида ўз жонига суиқасд қилиш кўпайиб кетади, деб фикр билдирмоқда.

Нима бўлганда ҳам давлат ўқимоқчи бўлган инсонларга ва фанни ривожлантиришга ҳисса қўшиши керак.

Суҳбатлашди Сардор Али

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг