Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бишкекда Туркий дунё хартияси қабул қилинди

Бишкекда Туркий дунё хартияси қабул қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди ҳамда нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида жумладан, тарихий ҳужжат – Туркий дунё хартиясининг қабул қилиниши қардош давлатлар ва халқлар ўртасида кучайиб бораётган кўп қиррали ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси эканини алоҳида таъкидлади.

Саммит кун тартибидан келиб чиқиб, Ўзбекистон етакчиси бир қатор устувор масалаларга тўхталиб ўтди.

Аввало, давлатимиз раҳбари ташкилотнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва мустаҳакамлаш муҳимлигини таъкидлади. Шу маънода, Туркий давлатларнинг стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани қабул қилиш таклиф этилди.

Шунингдек, ташкилот доирасида янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш мақсадида тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, савдо-божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш, электрон тижорат платформаларини ривожлантириш бўйича аниқ битим ва келишувларни ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.

Шу муносабат билан савдо соҳасидаги салоҳиятни кенгайтиришга қаратилган чуқур тадқиқотлар олиб бориш учун яқин истиқболда Тошкентда етакчи таҳлил марказларининг анжуманини ўтказиш таклиф қилинди.

Келгуси йил учун иқтисодий форум, савдо ва саноат кўргазмалари, минтақа ва вилоятларнинг ўзаро ташриф режаларини, давлат харидларида иштирок этиш, кооперация ва локализация қўшма дастурини қабул қилиш кераклиги таъкидланди.

Жаҳон молия бозорида капиталга бўлган талаб ва унинг қиймати ортиб бормоқда, ривожланаётган давлатларга узоқ муддатли ва «яшил» кредитлар ажратиш шартлари мураккаблашмоқда.

Шу нуқтаи назардан, молиявий инструментларни жорий этиш, Туркий инвестиция фонди фаолиятини фаоллаштириш ва Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, минтақавий аҳамиятга молик лойиҳаларга халқаро молия институтлари ва хорижий инвестиция компанияларини жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди. Шу муносабат билан Туркий инвестиция форумини ташкил этиш ва унинг биринчи йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш таклиф қилинди.

Транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш, Ўрта йўлак бўйича транзит тарифларини мақбуллаштириш, чегараларни кесиб ўтиш жараёнларини соддалаштириш, замонавий логистика тизимлари ва қўшма операторларни яратиш яна бир устувор масала сифатида белгиланди.

Ташкилот доирасида ташишларда электрон ҳужжат айланишига ўтиш ва уларни ўзаро тан олиш бўйича кўп томонлама битимни имзолаш ташаббуси илгари сурилди.

Ушбу масалаларни бизнес вакиллари иштирокида батафсил муҳокама қилиш мақсадида Туркий давлатлар логистика марказлари ва юк ташувчилар альянси билан ҳамкорликда Халқаро логистика конференциясини ўтказиш долзарблиги қайд этилди.

Бу галги саммит мавзусини қўллаб-қувватлаш мақсадида келажак иқтисодиётини кенг жорий этиш, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида илғор тажриба ва ютуқларни алмашиш, инновациялар, инфратузилма ва илм-фаннинг рақамли тизимларини, йирик маълумотлар марказларини яратишга қаратилган «Рақамли туркий дунё» концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Ўзбекистон етакчиси Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевни келгуси ҳафтада Боку шаҳрида COP-29 Глобал саммити иш бошлаши билан самимий қутлаб, иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўткир экологик муаммоларга ечим топиш учун вазирлар даражасида Туркий экология кенгашини тез фурсатда ташкил этиш зарурлигини таъкидлади ҳамда унинг биринчи учрашувини келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини тасдиқлади.

Қардош халқларни янада яқинлаштириш, ёшларни аждодларимизга муносиб руҳда тарбиялаш мақсадида ташкилотга аъзо мамлакатлар тилларида туркий халқлар оғзаки ижодининг кўп жилдлик тўпламини нашр этиш, биргаликда фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, мактабларда туркий халқлар ва уларнинг тарихи, этнографияси, маданияти ва санъати бўйича факультатив дарсларни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Шу маънода, Ўзбекистон Туркий маданият ва мерос жамғармасининг тўлақонли аъзоси бўлишга тайёрлиги билдирилди.

Сўзининг якунида Ўзбекистон Президенти Венгрия Бош вазири Виктор Орбанни Туркий дунёнинг олий орденига сазовор бўлгани билан самимий табриклади.

Саммит якунида Бишкек декларацияси, мамлакатимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Туркий дунё хартияси, шунингдек, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор келишувлар қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг